Ассалому алайкум! Мен 21 ёшдаман. Алҳамдулиллаҳ диний билимим ўзимга етарли яқинда намозни ҳам беш маҳал ўқимоқчиман. 3 ойдан бери фақат бомдодни ўқиб келябман. Аллоҳга ва Расулига муҳаббатим чексиз. Мени қийнайдиган савол: мен ёшлигимда жуда ёмон одам бўлганман гуноҳлигини билмай туриб кўп ишлар қилганман. Базида энт ёмон инсон мен бўлган бўлсам жерак деб ўйлаб қоламан. Қанақа айб иш бўлса ҳаммасини қилганман ўғирлик, ёлғончилик. Алҳамдулиллаҳ энди иймонга кирдим. Инсонларга қўлимдан келганича яхшилик қиламан. Мискинлар садақа бераман. Шунчалик ўзгардимки атрофимдагилар мени жуда яхши инсон деб билишади. Аммо ич ичимдан илгариги гуноҳларим васваса қилаверади. Шайтон "Сени намозинг ҳам, садақанг ҳам қабул бўлмайди, чунки сен бўйнинггача гуноҳга ботгансан" деяверади. Бутун ватанимга халқимга ёрдам берадиган, динимни муқаддас биладиган яхши инсон бўлиш учун нима қилай. Маслаҳат беринг.
– Ва алайкум ассалом! Аввало сиз ҳозироқ беш вақт намозни ўқишни бошланг. Чунки Аллоҳ таоло намозга буюрган ва уни қолдиришга ҳеч қандай ҳолатда рухсат йўқ. Охиратда ҳам биринчи ҳисоб-китоб қилиб сўраладигани намоздир. Ҳадиси шарифда бу ҳақида шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ النَّاسُ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ أَعْمَالِهِمُ الصَّلاَةُ يَقُولُ رَبُّنَا عَزَّ وَجَلَّ لِمَلاَئِكَتِهِ: - وَهُوَ أَعْلَمُ - انْظُرُوا فِي صَلاَةِ عَبْدِي أَتَمَّهَا أَمْ نَقَصَهَا، فَإِنْ كَانَتْ تَامَّةً كُتِبَتْ لَهُ تَامَّةً وَإِنْ كَانَ انْتَقَصَ مِنْهَا شَيْئًا قَالَ انْظُرُوا هَلْ لِعَبْدِي مِنْ تَطَوُّعٍ؟ فَإِنْ كَانَ لَهُ تَطَوُّعٌ قَالَ أَتِمُّوا لِعَبْدِي فَرِيضَتَهُ مِنْ تَطَوُّعِهِ ثُمَّ الزَّكَاةُ مِثْلُ ذَلِكَ ثُمَّ تُؤْخَذُ اْلأَعْمَالُ عَلَى حَسَبِ ذَلِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلاَتُهُ، فَإِنْ صَلَحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ، فَإِنِ انْتَقَصَ مِنْ فَرِيضَتِهِ شَيْءٌ قَالَ الرَّبُّ عَزَّ وَجَلَّ أَتِمُّوا فَرِيضَتَهُ مِنْ تَطَوُّعِهِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амаллари намоздир. Роббимиз азза ва жалла Ўзи билиб турса ҳам, фаришталарга:
«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бас, агар (намози) тугал бўлса, унга (намози) тугал, деб ёзилади. Агар у (намоз)дан бирор нарса камайган бўлса, У зот:
«Назар солинглар, бандамнинг нафли бормикан?» дейди. Бас, агар нафли бўлса, бандамнинг нафл (намоз)идан фарзини тугал қилинглар», дейди.
Сўнгра закот ҳам шунга ўхшаш бўлади. Кейин ҳамма амаллар ана шунга ўхшатиб олинади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Термизий келтирган лафзда:
«Албатта, банданинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар у (намоз) яхши бўлса, батаҳқиқ, (банда) ютуққа эришади ва нажот топади. Агар у (намоз) фосид бўлса, батаҳқиқ, (банда) ноумид бўлади ва хусронга учрайди. Бас, агар унинг фарз намозидан бирор нарса кам қолса, Робб азза ва жалла: «Унинг фарзини нафлларидан тўлдиринглар», дейди», дейилган».
Шарҳ: Қиёмат куни отанинг бола билан, боланинг ота билан, онанинг қиз билан, қизнинг она билан, эрнинг хотин билан, хотиннинг эр билан иши йўқ. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳамма У куннинг даҳшатидан титрайди. Ҳамма ўзининг нима бўлишидан хавфда бўлади. Ҳамма ҳисоб-китобни кутади. Ана шу пайтда бандаларнинг бу дунёда қилган амалларининг ҳисоб-китоби бошланади. Дастлаб намознинг ҳисоб-китобидан бошланади:
Сенга намоз фарз бўлганидан бошлаб қанча намоз ўқидинг?
Қанча намозни қазо қилдинг?
Қанча намозни тўлиқ ўқидинг?
Қанчасини ўз вақтида ўқидинг ва ҳоказолар.
Мана шунинг ўзи намознинг қанчалар аҳамиятли эканини яққол кўрсатиб турибди.
Келинг, ушбу улуғ ҳадиси шарифдан чиқадиган фойидаларни бирма-бир ўрганайлик:
1. Қиёмат куни одамларни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намоздир.
2. Агар банда намозни бу дунёда ўз вақтида адо этган бўлса, у банда ютуққа эришади, нажот топади. Дўзах азобидан қутулиб, жаннатга киради.
3. Агар банда бу дунёда намозни ўқимаган ёки чала адо этган бўлса, шўри қурийди. У ўшал кунда ноумид бўлади, хусронга учраб дўзахнинг энг қаъридан жой олади.
4. Аллоҳ таоло Ўзи билиб туриб, фаришталарга:
«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди.
Бу билан намозни тугал ўқиганларга иззат-ҳурмат кўрсатиш, қиёмат куни фаришталар ва бутун халойиқ олдида уларни шарафлаш бўлади. Шу билан бирга намоз ўқимаганлар ва намозни тўлиқ ўқимаганларни шарманда қилиш юзага чиқади. Улар ўша кунда ҳамманинг олдида шарманда бўлиб хору-зор бўладилар.
5. Фаришталар банданинг намозига назар соладилар, агар намози тугал бўлса, тугал, деб ёзиб қўядилар ва банданинг иши хурсандчиликка айланади.
6. Фаришталар назар солганда, агар намозидан бирор нарса кам бўлса, баъзиси ўқилмаган ёки камчилик билан ўқиган бўлса, унинг нафл намозидан олиниб, ўша камчилик тўлатилади.
7. Бунда нафл намознинг аҳамияти намоён бўлмоқда. Шунинг учун нафл намозни кўпроқ ўқиш керак.
8. Нафл намози йўқларнинг аҳволи чатоқ бўлиши.
9. Закотни тўлиқ ва ўз вақтида беришга тарғиб.
10. Закотнинг ками бўлса, қиёмат куни нафл садақалардан ўрни тўлдирилиши.
11. Ҳамма фарз амаллардан камчилик бўлса, ўша амалларнинг нафлдан ўрни тўлғизилиши.
12. Нафл ибодатларга тарғиб.
Намозида камчилик бўлганларнинг ҳоли шу бўлса, умуман намози йўқларнинг ҳоли нима бўлишини ақли бор одам ўзи билиб олаверади.
Иш бундоқ бўлганидан кейин, бир ракат фарз намозни ҳам қолдирмай ўз вақтида, яхшилаб ўқишимиз лозим. Бошқа вақтларда иложи борича кўпроқ нафл намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Токи, қиёмат куни шарманда бўлмайлик. Ҳисоб-китобимиз аввалидан яхши бошланишига муяссар бўлайлик. Намозимиз тугал чиқиб, ютуққа эришиб, нажот топиб, жаннатга кирайлик. («Ҳадис ва ҳаёт» китобидан).
Бу шайтоннинг васвасаси. Сиз астойдил тавба қилинг ва ҳаётингизни давом эттиринг. Гуноҳга тавба қилгандан кейин эсга тушса, истиғфор айтиш керак. Астойдил тавба қилгандан кейин эзилавериш керакмас. Бу Аллоҳ таолонинг Ғаффор сифатини менсимасликка киради. Инсон чин дилдан бир бора тавба қилса, албатта Аллоҳ таоло унинг гуноҳини кечиради. Чунки Қуръони Карим ва ҳадис шарифларда, тавба қилувчининг гуноҳи кечирилиши ҳақида Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъда берганлар. Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилувчи Зот эмас. Чин дилдан тавба қилгандан кейин гуноҳини эслаб эзилавериш Аллоҳ таолонинг “Ғаффор” яъни ўта мағфиратли эканлигини қадрламаслик бўлади. Сиз улуғ бир инсоннинг оёғини босиб олсангиз ва чин дилдан, самимий кечирим сўрасангиз, у киши кечиришини айтса, сиз яна қайта-қайта кечирим сўраверишингиз у кишининг ўта кечиримсиз, гиначи ва пасткашга чиқарган бўласиз. Қолаверса шайтон Одам алайҳиссаломга душман бўлди ва қиёматгача келадиган фарзандларидан қасос олишга қасам ичди. Аллоҳ таоло “Сод” 82-83-оятларида марҳамат қилади:
قَالَ فَبِعِزَّتِكَ لَأُغْوِيَنَّهُمْ أَجْمَعِينَ إِلَّا عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَصِينَ
82. У: «Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини йўлдан оздиражакман.
83. Улардан танланган бандаларинггина мустасно», – деди.
Иблис Аллоҳ таолонинг иззати ила қасам ичиб, Одам болаларини қиёмат кунигача иғво қилишни қасд этди. Шу билан бирга, Аллоҳга ихлос қилган, Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларга иғвоси таъсир қилмаслигини ҳам айтиб қўйди. Инсонни шайтоннинг иғвосидан сақловчи қалқон унинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишидир. Аллоҳга ихлос билан ибодат қилмаганлар эса иблиснинг иғвосига учраши турган гап. Иблиснинг иғвосига учганларнинг оқибатини Аллоҳ таоло ўша пайтдаёқ эълон қилиб қўйган. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Шайтоннинг табиати худди жирканч бир кишига сиз тарафингиздан бир хатолик ўтса, у ҳадеб сизни айбингизни юзингизга солиб, эзиб тушкунликка туширгани кабидир. Сиз бунга ҳеч парво қилманг. Валлоҳу аълам!