Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Баланд гапириш

14:10 / 13.07.2021 | XUSAN | 5507

Ассалому алайкум! Ҳужурот сураси 2-оят тушунтириб берсангиз. Эй иймон келтирганлар овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг ва унга бир бирингиз ила сўзлашгандек баланд сўзламанг ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин. Билмаган одамга гуноҳ йўқми билмаса ҳам ҳабата бўлиб кетаверадими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ўша билмаганларга билдириш учун оят ваҳий бўлган. Бу ваҳийдаги қайтариқдан кейин “билмаганман” деган узр қолмайди.

Бу ояти карима ҳам, худди аввалгиси каби мўминлар учун энг севимли нидо:
«Эй иймон келтирганлар!» нидоси билан бошланяпти.
Бу нидо ҳар бир иймонли шахснинг қалбини жунбушга келтириб, иймон шабадасини эстиради, кўнгилда иймон номи билан буюриладиган ҳар бир амру фармонга тайёрлик руҳини оширади. Жумладан, ушбу оятдаги буйруқ ва қайтариқларга ҳам сўзсиз амал қилишга чорлайди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикмати ила ҳар бир оятнинг тушиш вақти ва макони ҳам энг таъсирли бир ҳолатларда бўлиб, кейинчалик оятлар мазмунини тушунишга ва унга амал қилишга бевосита ёрдам беради. Жумладан, мазкур оятнинг тушиш сабаби ҳақидаги ривоятда айтилишича, ҳижратнинг тўққизинчи йилида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнингнинг ҳузурларига Бани Тамим қабиласи вакиллари келиб Исломни қабул қилган пайтларида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, уларга Қаъқаъ ибн Маъбадни амир қилинг», дебдилар.
Ҳазрати Умар эса «Ал-Ақра ибн Ҳобисни амир қилинг», дебдилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Сен менга хилоф қилишни хоҳлаб шундай қилдинг», деганларида ҳазрати Умар: «Мен хилоф қилишни хоҳлаганим йўқ», деб жавоб берибдилар.
Орада гап айланиб, бир-бирларига овозларини кўтарибдилар. Шу воқеа мазкур оятнинг нозил қилинишига сабаб бўлган экан.
«Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг...…»
Демак, мусулмон инсон Пайғамбар алайҳиссалом бор жойда овозини у зотнинг овозларидан баланд қилмаслиги керак.
Уламоларимиз ушбу маънога қиёс қилиб, мусулмонлар ўз ота-оналари, устозлари, раҳнамолари ва муҳтарам зотлар бор жойда ҳам овозларини баланд кўтариб одоб доирасидан чиқмасликлари матлубдир, дейдилар.
«...ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек дағал сўз айтманг...»
Яъни Пайғамбар алайҳиссаломга бошқа оддий мусулмонларга айтадиган дағал сўзлар ила муомала қилманг. Ул зот билан бўладиган сўзлашувингизда юксак одоб доирасида бўлинг. Яна,
«...…ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин».
Демак, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбаридан олдин шошилиш ҳамда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бор жойда овозни у зотнинг овозларидан баланд кўтариш ва ниҳоят, у зотга бошқаларга айтган каби дағал сўзларни айтиш инсонлар қилган савобларининг ҳабата бўлишига, яъни бефойда бўлиб қолишига сабаб бўлар экан. Шунинг учун бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоқ зарур.
Ушбу оят нозил бўлгандан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, энди сиз билан фақат сирдошим билан гаплашгандек гаплашаман», деган эканлар.
Қуръони Каримнинг бошқа оятлари каби бу ояти карима ҳам барча саҳобаларга қаттиқ таъсир қилди. Улар ушбу оятдаги «Ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата (бекор) бўлиб қолмасин» жумласининг ҳақиқий маъносини англаб етганларидан сўнг, қалблари ларзага келди, вужудларини титроқ босди, ўзларини тафтиш қила бошладилар. Баъзиларида оятда зикр қилинган камчилик бўлса тузатдилар, баъзилари эса оят айнан ўзлари ҳақида тушган деб қабул қилдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки: «Собит ибн Қайс ибн аш-Шаммос баланд овозли одам эди. «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Пайғамбар овозидан кўтарманг...» ояти нозил бўлганда у киши овозини Пайғамбарга кўтарган ўша одам менман, дўзах аҳлидан бўлган ҳам менман, энди қилган амалим ҳабата (бекор) бўлди, деб аҳли аёли ичида маҳзун бўлиб ўтириб қолди. Иттифоқо, шу пайт уни Расулуллоҳ алайҳиссалом ахтариб қолдилар.
Кишилар унинг ҳузурига бориб: «Сени Расулуллоҳ алайҳиссалом ахтаряптилар, сенга нима бўлди?» дейишди.
Шунда у киши: «Овозини Пайғамбарнинг овозидан баланд кўтарган менман, у зотга дағал сўз айтган ҳам менман, амалим ҳабата (бекор) бўлди, мен дўзах аҳлиданман», деди. Келиб Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хабарни етказдилар.
Шунда у зоти бобаракот: «Йўқ, у жаннат аҳлидан», дедилар».
Буюк тафсирчилардан Ибн Касир Пайғамбар алайҳиссалом қабрлари олдида овозини баланд кўтариш, худди тирикликларида ҳузурларида овозини баланд кўтарганидек макруҳдир, чунки у зот ҳаётларида муҳтарам бўлганларидек, қабрларида ҳам муҳтарамдирлар, деган.
Бир куни ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг масжидларида икки кишининг овози кўтарилганини эшитиб, олдиларига келиб: «Икковингиз қаерда турганингизни биласизми?» дебдилар.
Сўнгра яна сўрабдилар: «Қаерликсизлар?» Улар тоифлик эканликларини айтишибди. Шунда ҳазрати Умар: «Агар мадиналик бўлганларингизда яхшилаб адабингизни берардим», дебдилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat