Ассалому алайкум! Олдинги саволимга берган жавобингиз учун раҳмат. Бу саволни бировни номдиан бермоқдаман. "Мани қайнатам ҳöжайинимга уйни васият нома орқали хадия қилиб öтқизганла ман ҳöжайиним билан ажрашганман ака укалага ҳам ҳич нарса ҳақ берилмаган энди у уйда ҳич кимми ҳаққи йöми қайнанам ҳам ҳич кимни ҳаққи йöқ дидила ҳöжайиним ҳам ҳаммага уй маники ҳич кимми ҳақи йöқ дидила мани уйдан чиқарворишган нима мани болаларимми ҳаққи йöми акалариникичи икта акаларини ҳам уйдан ҳайдавоттила энди намоз öқиб туриб шу ишни қилиш яхшими"
– Ва алайкум ассалом! Шариатимизда васиятнинг шартлари бор. Ўзи ворис – меросхўр бўлган кишига васият қилиб бўлмайди. Сизнинг эрингиз ҳам меросхўр ҳисобланади.
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ فِي خُطْبَتِهِ عَامَ حَجَّةِ الْوَدَاعِ: إِنَّ اللهَ قَدْ أَعْطَى لِكُلِّ ذِي حَقٍّ حَقَّهُ، فَلَا وَصِيَّةَ لِوَارِثٍ، الْوَلَدُ لِلْفِرَاشِ، وَلِلْعَاهِرِ الْحَجَرُ وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ، وَمَنِ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أَبِيهِ أَوِ انْتَمَى إِلَى غَيْرِ مَوَالِيهِ فَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللهِ التَّابِعَةُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ، لَا تُنْفِقُ امْرَأَةٌ مِنْ بَيْتِ زَوْجِهَا إِلَّا بِإِذْنِهِ، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَلَا الطَّعَامَ؟ قَالَ: ذَلِكَ أَفْضَلُ أَمْوَالِنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги хутбаларида:
«Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди. Ворисга васият қилиш йўқ. Болага тўшакка қараб нисбат берилади. Зинокорга тош берилади. Ҳисоблари эса Аллоҳга ҳавола. Ким отасидан бошқанинг (насабини) даъво қилса ёки ўз мавлоларидан бошқага қўшилиб олса, унга қиёматгача Аллоҳнинг узилмас лаънати бўлгай. Хотин эрининг уйидан унинг изнисиз нафақа қилмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, таомни ҳамми?» дейилди.
«У энг афзал молимиз-ку», дедилар у Зот».
Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган.
Шарҳ: Видолашув ҳажи пайтига келиб, Ислом дини аҳкомлари мукаммаллашиб бўлган эди. Шунинг учун ҳам ўша ҳаж видолашув ҳажи бўлган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умри шарифлари охирлашиб қолганининг аломати бўлган.
Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбаларидан келтирилаётган иқтибосда ҳам Ислом ҳукмларининг мукаммаллашганига ишорат бор.
У Зотнинг Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди, деганлари шуни кўрсатади.
Жумладан, мерос масаласида ҳам Аллоҳ таоло, мерос оятларида ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берган.
Шунинг учун ҳам ворисга васият қилиш йўқ. Яъни, меросхўрга васият қилиш йўқ. У Аллоҳ таоло бўлиб берган насибасини олади.
Маълумки, Исломнинг дастлабки даврида меросни бўлиш мерос қолдирувчининг васиятига биноан тақсим қилинар эди. У ўлимидан олдин молимнинг бунчасини отамга, бунчаси боламга, у қисми фалончи қариндошимга, бу қисми пистончига берилсин, деб васият қилар ва ўша васиятга биноан тақсимланар эди.
Энди эса Аллоҳ таоло меросни меросхўрларга тақсимлаб қўйди, фақат ўша тақсимгагина амал қилинади. Бошқа ҳеч ким бу ишга аралаша олмайди. Жумладан, мерос қолдирувчи ҳам. У фалончи меросхўримга унча мерос берилсин, пистончи меросхўримга бунча мерос берилсин ҳам дея олмайди. (“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан).
Юқоридаги ҳадисга мувофиқ, эрингиз ҳамма меросхўрларга ҳақларини бериши керак. Агар буни қилмаса, Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳақларни бермай поймол қилган киши сифатида гуноҳкор бўлади. Яхшиси бирон мерос илмини биладиган аҳли илмга бориб, маслани аниқлаб олинглар. Валлоҳу аълам!