Ассалому алайкум! Хозирда шунаканги кампания фаолият юритмокда. Бу "Golden cash" деб номланувчи фирма. Унда сиз 2500$ пул қўйсайиз, у сизга шу пулни 1 йил давомида 7500$ қилиб қайтаради. Аниғини билмадиму, у ўша қўйган пулни олтин, кумуш сотиб обород қиларкан. Яна бир қизиғи у компания Россиянинг қайсидир ташкилотидан "Ҳалол" сертификатини ҳам олган экан. Ҳозирда бунга қизиқувчилар жуда кўпайган. Шу масала жавобини иложи бўлса бутун оммага етказсангизлар мақсадга мувофиқ бўларди.
– Ва алайкум ассалом! Бу шарт асосида пул тикиш шариатимизга тўғри келмайди. Берилган маблағга маълум муддат учун аниқ бир сумма қўшиб бериш айни рибо бўлади. Фаразан бу компания олтин ва кумуш сотиб пулни айлантиради десак ҳам, улар олдиндан белгиланган муайян фойдани бериши тўғри эмас. Сармоячининг пулини тикиб айлантирса ҳам, тушган фойдадан келишилган улушни бериши керак, аниқ суммани эмас. Масалан олти ой айлантирамиз, тушган фойданинг 50 физини берамиз деса дуруст бўлади. Бунда ҳам биз уларни "олтин ва кумушни шариатга биноан савдо қилади" деган фараз билан айтяпмиз. Бу компания ҳақида савол кўпайгани туфайли тўлиқроқ маълумот олиб, батафсил жавоб беришга ҳаракат қиляпмиз. Аввало бу компания "тармоқли маркетинг", халқ ичида "пирамида" номи билан машҳур услубда фаолият юритишини билдик. Бу турдаги фаолият шариатга зид эканлиги турли фатво берувчи ташкилотлар, фиқҳ академиялар тарафидан кўп маротаба айтиб, огоҳлантириб ва фатвоси берилган. Бу одамларнинг молини ботил йўл билан ейиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади :
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلاَّ أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ وَلاَ تَقْتُلُواْ أَنفُسَكُمْ إِنَّ اللّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا
29. Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта раҳмлидир.
Ҳамма билади, бу тизимга олдин аъзо бўлганлар "пирамида"нинг юқорисида бўлиб, улар фойда олишлари мумкин. Лекин бу, шу тизимга кейин кирганларнинг қилган савдолари ҳисобига бўлади холос. Бу фирибгарликдан асосий мақсад, кўпроқ кишиларни жалб қилиб, кейин уларнинг пулларини ўзлаштиришдир. Қолаверса, ҳозирги кундаги тижорат тажрибасида ҳар қандай тижорат ёки ишлаб чиқариш йиллик 30% дан ёқори даромад кўриши амри маҳол. Алдов ва фирибгарлик бу компаниянинг ваъда қилаётган 260% даромадида ҳам намоён бўлиб турибди.
Ҳалол сертификатга келадиган бўлсак, "Golden cash"нинг телеграм каналидан уни кўрдик. Ҳалол сертификат очиқ-ойдин компаниянинг маҳсулоти учун берилгани ёзилган. Бу уларнинг ишлаш услуби ёки савдо фаолияти шариатга мувофиқ эканлигини англатмайди. Сертификатга илова қилинган "кафолат хати"да ҳам "ушбу компаниянинг олтин ва кумуш маҳсулотларида мусулмонмасларга хос бўлган, бошқа дин ва конфесияларга тегишли бўлган тақинчоқ ва рамзлар-белгилар умуман мавжуд эмас. "Golden cash"нинг маҳсулотлари ихтиёрий "Ҳалол" сертификатлаш тизимининг талаб ва қоидаларига тўлиқ мос келади" дейилган. "Маҳсулоти" савдо тизими ёки иш услуби эмас.
Шунга биноан бу компаниянинг фаолияти шариатга тўғри келмайдиган ҳаром фаолият ҳисобланади. Юртдошларимизни бу компаниядан огоҳ бўлишлари ва яқинларини ҳам огоҳ қилишларини сўраб қоламиз. Чунки мусулмон бир индан икки марта чақилмайди. Бу каби "пирамида"лардан қанчадан-қанча мусулмонлар зарар кўргани ҳаммамизга маълум. Аллоҳ барчамизни рибодан сақлаб, ҳалолликни насиб айласин!
عن أبي هريرة رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرِّبَا سَبْعُونَ حَوْبًا، أَيْسَرُهَا نِكَاحُ الرَّجُلِ أُمَّهُ، وَأَرْبَى الرِّبَا : اسْتِطَالَةُ الرَّجُلِ فِي عِرْضِ أَخِيهِ. ورواه الإمام أحمد في المسند
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Рибо етмиш жуздир, уни(гуноҳи)нг энг енгили киши онаси билан яқинлик қилиш билан баробардир. Рибонинг энг каттаси киши ўз биродарининг обрўсини тўкишдир”.
Имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят қилганлар.
عن عبد الله بن حنظلة غسيل الملائكة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: درهم ربا يأكله الرجل وهو يعلم أشد من ست وثلاثين زنية. رواه أحمد، والطبراني في الكبير
Абдуллоҳ ибн Ҳанзала(фаришталар ғусл қилдирган зот) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши билиб туриб рибодан бир дирҳам ейиши 36 бор зино қилишдан қаттиқдир” дедилар.
Имом Аҳамад ва Табаронийлар ривояти. Валлоҳу аълам!