Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Фолбин

17:44 / 16.09.2021 | Rahimboy | 4251

Ассалому алайкум! 1). Онам бугун уйга фолбин олиб келибди бундан ҳабарим йўқ эди ва улар мендан бир ишни қилишимни сўрашди қилмайман деб кетвордим улар ҳозир ҳам уйда нима қилишни билмаяпман тўғриси бундай ҳолларда қандай йўл тутиш керак? 2) Бизнинг вилоятда бунақа фолбинларга ишонувчилар ва уларнинг тавсияларига амал қилиб ирим қилиб олишган бунақа иримларга ишонишлик қанчалик ножоиз?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 1). Шариатда ман қилинган бу каби ишларни кўрганда қуйидаги ҳадисга мувофиқ иш қилиш керак бўлади:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرَهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفَ اْلإِيمَانِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бошқа муҳаддислар бу ҳадиси шарифни кўпроқ амри маъруф ва наҳйи мункар бобида келтирадилар. Бизнинг муаллифимиз эса, иймоннинг зиё­да ва кам бўлиши бобида келтирибдилар. Бунинг фар­қи йўқ, иккиси ҳам баробар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмон кишининг мункар, Ислом дини томонидан инкор қилинган ишларга нисбатан муносабатига қараб иймони кучли ёки заиф бўлишини баён қилмоқдалар.
«Мункар иш» деганимиз дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон ишни билдиради. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:
1. «Мункар ишни қўли билан қайтариш».
Бу куч ишлатиб, деган маънони билдиради. Яъни, бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна, мункарни қайтаришдан олдин, ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.
2. Мункар ишни тили билан қайтариш.
Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам, сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.
3. Мункар ишни дили билан қайтариш.
Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди, дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилур. Бу эса, энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса, ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар.
Аллоҳ хоҳласа, «Амри маъруф ва наҳйи мункар» бобида бу ҳақида батафсил сўз юритамиз. Ушбу бобда эса, ёмонликни инкор қилиш иймонга тааллуқли иш эканини яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса, шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча, ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз керак. Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда иймон билан иши йўқ, иймон қадрланмайдиган жамиятда, ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз. Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини–Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз. Ана шундагина нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз. Ана ўшандагина, нима учун мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз.

2). Фолбинга бориш ва унинг айтганига ишониб амал қилиш куфр ҳисобланади. Ҳадиси шарифда бу ҳақида шундай дейилади:

عَنْ بَعْضِ أُمُّهَاتِ الْمُؤمِنِينَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُنَّ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا فَسَأَلَهُ عَنْ شَيْءٍ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلاَةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَلَفْظُهُ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.

Мўминларнинг оналари розияллоҳу ан­ҳуннанинг баъзиларидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким аррофга келиб ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмас», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилган. Аҳмаднинг лафзи:
«Ким аррофга ёки коҳинга келиб унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди».
Шарҳ: Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозини қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими йўқми, фарқсиздир.
 Аммо ким фолбинга бориб унинг айтганини тасдиқласа, куфрга кетган бўлар экан. Аллоҳнинг Ўзи асрасин. («Ҳадис ва ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat