Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Турли саволларим

12:16 / 21.09.2021 | Asliddin | 4347

Ассалому алайкум! Азон дуоси маҳфий айтиладими ёки жаҳрий? 2 Биз бир жойда ишлайдиган бола бор исми Раҳмонжон экан уни кўпчилик Раҳмон деб чақиради мен Абдураҳмон деб чақираман ўзи шу исмни қўйиш тўғрими? 3 биз йигитлар шим-трико киямизку, шуларни пойчасини 2 қатлаб юриш, хуллас шимарлаб юриш Пайғамбаримиздан суннатми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 1). Ихтиёрингиз. Айтилса бўлди. 

2). Ҳамма сизга ўхшаб Абдурраҳмон деб чақирсин. 

3). “Ижтимоий одоблар” китобида қуйидагича келади: 

Бу масалада ихтилоф чиқарадиганлар ушбу мавзуда келган ҳадиси шарифларга бир ёқлама қарашлари асосида иш тутганлари учун тушунмовчилик келиб чиққанлигини кўпчилик уламолар таъкидлайдилар. Бу гапни ҳадиси шарифлардан мисоллар келтириш йўли билан баён қилсак, тушунарли бўлар, деган умиддамиз.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كُلُوا، وَاشْرَبُوا، وَالْبَسُوا، وَتَصَدَّقُوا فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلَا مَخِيلَةٍ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Амр ибн Шуаъйбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас», дедилар». 
Насоий ривоят қилган.
Имом Бухорий ривоят қилган ушбу икки ривоятда Исломдаги кийиниш қоидалари исроф ва манманликдан четланиш асосида эканини тушуниб олдик. Буни кийими ила манманлик қилиб юрганларни қораловчи ҳадислар ҳам таъкидлайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِي، قَدْ أَعْجَبَتْهُ جُمَّتُهُ وَبُرْدَاهُ، إِذْ خُسِفَ بِهِ الْأَرْضُ، فَهُوَ يَتَجَلْجَلُ فِي الْأَرْضِ، حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганида, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгунча ерга ботиб бораверади», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройига, кийимига зеб бериб, мутакаббирлик қилгани қандай оқибат билан тугаганини ажойиб васф қилиб, сиз билан биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшашдан қайтармоқдалар.
Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар экан. Кийимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан. Бир куни
«…ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди».
Бунга ўхшаш нобакорларни, арзимаган нарса ила ўзини ўзгалардан устин қўядиганларни, кийими ила манманлик ва мутакаббирлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида олиб турмай, ютиб юборишга тайёр экан. Аммо ер уни ютиши билан иш битиб қолмайди. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда айтганларидек:
«Энди у қиёмат қоим бўлгунча ерга ботиб бораверади».
Яъни у қиёматгача ер ютиш азобини чекиб, қийналиб туради. Қиёмат куни эса унинг абадий ҳоли қандай бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилайди.
Ким ана шундай ҳолга учрамай деса, зинҳор-базинҳор кийими билан манманлик қилмасин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْإِسْبَالُ فِي الْإِزَارِ وَالْقَمِيصِ وَالْعِمَامَةِ، مَنْ جَرَّ مِنْهَا شَيْئًا خُيَلَاءَ، لَمْ يَنْظُرِ اللهُ إِلَيْهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осилтириш изорда, кўйлакда ва саллададир. Ким ўша нарсалардан бирортасини манманлик ила осилтириб юрса, Аллоҳ қиёмат куни унга назар солмас», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Биз «осилтириш» деб таржима қилган ибора араб тилида «исбол» дейилади ва кийим-бошга тегишли гапларда кибр ва мақтанчоқлик учун мазкур кийимларни керагидан ортиқ узайтириб олишни англатади.
«Изор» кишининг белидан пастига тутиладиган лунгисифат кийимдир.
Инсоннинг белидан пастини тўсиш учун кийиладиган бошқа номдаги либослар ҳам шу маънога қўшилади.
«Кўйлак» арабчада «қомийс» дейилиб, ўзларининг одатларидаги кўйлакни англатса-да, шунга ўхшаш бошқа кийимларни ҳам ўз ичига олади. Кўйлакни осилтиришга унинг енгини керагидан ортиқ равишда манманлик учун узайтириб олиш ҳам киради.
«Салла» – маълум ва машҳур бош кийими. Уни шариатга номувофиқ осилтириш бир учини кибр ила ҳаддан ташқари узун ташлаб юришдир.
Кўриниб турибдики, кийимни осилтириб юриш фақат шалвор ёки шимга эмас, бошқа кийимларга ҳам оид экан. Ҳаммасида ҳам осилтириш кибру ҳаво, мутакаббирлик ила бўлиши қораланган экан.
Энди ўз-ўзидан, кийимни осилтириб юриш кибр ва манманлик учун бўлмаса-чи, деган савол пайдо бўлади. Худди шу савол саҳобаи киромларда ҳам бўлган. Қуйида ана шу саволни ва унинг жавобини ўзида жамлаган ҳадиси шарифни ўрганамиз.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ جَرَّ ثَوْبَهُ خُيَلَاءَ، لَمْ يَنْظُرِ اللهُ إِلَيْهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»، قَالَ أَبُو بَكْرٍ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَحَدَ شِقَّيْ إِزَارِي يَسْتَرْخِي إِلَّا أَنْ أَتَعَاهَدَ ذَلِكَ مِنْهُ، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَسْتَ مِمَّنْ يَصْنَعُهُ خُيَلَاءَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, изоримнинг бир тарафини ушлаб юрмасам, у тушиб қолади?» деди Абу Бакр.
«Сен манманлик билан қиладиганлардан эмассан», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat