Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Бозордаги сайгаклар

16:46 / 23.09.2021 | Jaloliddin | 5472

Ассалому алайкум! Ҳозирги кунда бозорларда сайгаклик анча кўпайиб кетган. Улар бозорга келган харидордан нима керак эканлигини сўраб ўзлари билган дўконларга олиб боришади ва ўзларини моллари бўлмаса ҳам ўзлари хохлаган нархда сотишади. Яни дўконнинг эгаси 100 минг деб турган товарни ўзлари ҳоҳлаган нархда сотишади масалан 150 минг 200 минг 300 минг деб сотишади. Масалан ўша дўконга харидорни ўзи кирса 100 мингга олиши мумкин бўлган товар бўлади шундай қилиб тижорат қилса бўладими? Бита укамиз сўраганида мумкин деганида мен мумкин эмас бунинг ортидан оддий ва содда халқ зиён кўради асл нархидан 2-3 баробар қимматга олишга мажбур бўлади деган эдим. Ва у бола айтишича уларнинг дўкондорлар билан ҳам келишувлари бўлар экан масалан мен сенинг дўконинга харидор об кираман сен сотиш нархингни менга секин қулоғимгами ёки имо ишора билан айтиб қўясан у ёғига ўзим нарх қўйиб сотаман ва сенга ўзинг айтган пулни бераман деб келшувлари бўлар экан. Сайгаклар айтишича улар ўртада икки томон учун қилаётган хизматларидан пул олишлари шаран жоиз экан, чунки махсулотнинг эгаси билан келишувимз бор деяпти. Шундай қилиб тижорат қилиш жоизми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Сиз айтган ҳолда жоиз эмас. Биринчидан ўзиники бўлмаган молни сотиб бўлмайди. Иккинчида “даллоллик” билан одамларни чалғитиб уларга молни сунъий қиммат қилиб сотиб алдашда катта фарқ бор. Мол эгаси билан келишиб унга вакил бўлиб сотса жоиз. Лекин бунда хизматига яраша ҳақ олиш керак. Мол эгаси фақат молини сотилишини, “сайгак” фойда қилишни ўйлаб, харидорга ҳақиқатни баён қилмай алдашлари жоиз эмас. Харидорнинг мол эгаси билан ўзи мулоқот қилишга имкони бўлиш керак. “Сайгак”лар ўртага тиқилиб, харидорга ҳам мол эгасига ҳам ўзи шартларини қўйиб мажбурламасликлари керак. Бу ҳақида қуйидаги ҳадисларда шундай дейилади: 

وَلأَصْحَابِ السُّنَنِ: لاَ يَحِلُّ سَلَفٌ وَبَيْعٌ وَلاَ شَرْطَانِ فِي بَيْعٍ وَلاَ رِبْحُ مَا لَمْ يُضْمَنُ وَلاَ بَيْعُ مَا لَيْسَ عِنْدَكَ 

Сунан эгалари келтирган ривоятда:
«Қарз устига савдо ҳалол эмас, бир савдода икки шарт ҳам, зомин бўлмаган нарсанинг фойдаси ҳам, ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам», дейилган».
Шарҳ: 
Ушбу ривоятда тўрт хил савдо ҳалол эмаслиги ҳақида сўз бормоқда:
1. «Қарз устига савдо».
Бунда бир одам иккинчисига бир нарсани қарзга беради. Кейин эса ўша нарсани устига нарх қўйиб, унга сотади. Бунда рибонинг шубҳаси борлигидан рухсат йўқ. Чунки Исломда қарздан фойда олиш мумкин эмас, рибохўрлик бўлади. Қарзнинг устига фойда қўйиб савдо қилинганда ҳам шундоқ бўлганидан ман қилинган.
2. «Бир савдода икки шарт» қўйиш ҳам ҳаром.
Мисол учун, сенга ушбу кийимни тикиш ва бўяш шарти ила сотдим, деб бўлмайди. Битта шарт бўлса, бўлади.
3. «Зомин бўлмаган нарсанинг фойдаси ҳам», ҳаром. Яъни, бир нарсани савдолашиб қўйиб, қўлига келмасдан бошқа одамга сотиб юбориши ҳам мумкин эмас. Чунки бу ўртада ҳеч нарса қилмай фойда кўрмоқда. Мол ҳали сотган одамнинг қўлида турибди, агар унга бирор нарса бўлса ҳам қўлида турган одам зомин бўлади. Савдолашиб қўйиб қўлига олмаган одам зомин бўлмайди.
Демак, бу ўртадаги одам фақат фойда кўриши мумкин, холос. Унинг зиммасига бирор масъулият тушмаяпти. У худди бировнинг нарсасини устига фойда қўйиб сотиб, даромад олган бўлади.
4. «Ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам» ҳаром. Чунки аввал ҳам ўрганганимиздек, харидорга бериш имкони бўлмаган нарсани сотиш йўқ нарсани сотиш билан баробар. 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ تَلَقَّوُا الرُّكْبَانَ وَلاَ يَبِعْ حَاضِرٌ لِبَادٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَإِنْ تَلَقَّاهُ إِنْسَانٌ فَابْتَاعَهُ فَصَاحِبُ السِّلْعَةِ فِيهَا بِالْخِيَارِ إِذَا وَرَدَ السُّوقَ. وَلِمُسْلِمٍ وَالتِّرْمِذِيِّ: لاَ يَبِعْ حَاضِرٌ لِبَادٍ دَعُوا النَّاسَ يَرْزُقِ اللهُ بَعْضَهُمْ مِنْ بَعْضٍ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар. Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Агар бир инсон унинг олдини тўсиб чиқиб, сотиб олса, савдо молининг эгаси бозорга келганда ихтиёри ўзида бўлади», дейилган.
Имом Муслим ва Имом Термизийнинг ривоятида:
«Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин. Одамларни тек қўйинглар. Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда бозор қоидаларидан яна бири баён этилмоқда. Бозор атрофида айланиб юриб, осон йўл билан бойлик орттириш мақсадида нарх-навонинг ўсишига сабаб бўладиган кишиларнинг иши нотўғри экани баён қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар» деганлари, ташқаридан бозорга сотгани ўз маҳсулотларини олиб келаётганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозордаги нархни билмасларидан олдин арзон-гаров сотиб олманглар, деганларидир.
Жоҳилият даврида шундоқ қиладиганлар бор эди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари, биз улов минганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозорга келмасларидан олдин таомларини сотиб олар эдик, деганлар.
Саҳрода, қишлоқда яшайдиган кишилар одатда бозордаги нархдан яхши хабардор бўлишмайди, савдо-сотиқ ишларида шаҳар аҳолисича устомон ҳам бўлишмайди. Шунинг учун йўлини тўсиб чиқиб, молини сотиб олмоқчи бўлган одамга арзонга сотиб қўйиши мумкин. Натижада, у ҳам, бозорга келадиган оддий кишилар ҳам зарар кўрадилар.
Аммо бозорга келиб, вазиятни ўз кўзи билан кўриб, мулоҳаза қилиб сотгани яхши бўлади. Агар бир киши ўз молини олдини тўсиб чиққан чайқовчига сотсаю, кейин бозорга келиб, нарх-навони кўриб айниб қолса, молини қайтариб олишга ҳақи бор.
«Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин».
Баъзи ривоятларда «даллоллик қилиб» дейилган. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ерликнинг саҳроликнинг молини сотиб бериши даллоллик қилмаслик ила бўлса жоиз, дейилган.
Чунки ерлик даллоллик қилганда ўзи фойдасини кўзлаб қимматроқ сотишга ҳаракат қилади ва кўпчилик саҳроликнинг ўзи сотган пайтдаги арзон нархга ололмайди. Шунинг учун ҳам бозорнинг нархини сунъий равишда ўстирмай, табиий ҳолига қўйиб бериш керак.
Шариат доирасида ҳаром-хариш аралашмай, ўзаро рози бўлган ҳолда тижорат юравериши керак. Бу қоидани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг:
«Одамларни тек қўйинглар! Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», деган гаплари билан ифода этганлар. Бошқача қилиб айтганда, эркин савдо бўлсин, дейилгандир.
Ушбу қоидада Ислом шариатида кўпчиликнинг фойдасини кўзлаб иш тутиш очиқ-ойдин кўриниб турибди. Улов минганнинг олдини тўсиб чиқиш ман қилинганда иш бир киши билан битар эди. Шунинг учун содда одамни устомон алдамасин, деган асосда иш кўрилди. Яъни, битта устомон содда деҳқонни алдаб, арзон нархга молини сотиб олмасин, дейилди. Шу билан бирга, ўша устомон молни олиб келиб сотганда содда деҳқондан кўра қимматга сотиши ва орага воситачи кириб нарх ўсишига сабаб бўлиши ҳам назарда тутилган.
Ҳозир ҳам бундай ишларнинг содир бўлиши нарх-навонинг ўсишига сабаб бўлмоқда. Маҳсулот етиштирувчи билан харидор орасида воситачи қанча кўпайса, нарх шунча ўсади. Баъзи жойларда ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини бевосита сотиши ман қилиб қўйилган. Натижада нарх-навони режали равишда кўтариш юз беради. Оддий фуқаро зарар кўради. Унинг пешона тери билан топган пулини ҳеч бир меҳнат қилмай оладиганлар кўпаяди.
Иккинчи ҳолатда иш саҳроликнинг зарарига кетаётганга ўхшайди. Чунки агар ерлик одам унга сотиб берса, у ўзи сотгандан кўра кўп фойда олиши мумкин эди. Аммо бу ҳолда кўпчилик, ундан келиб нарса сотиб оладиганлар манфаати эътиборга олинган. Бунда ҳам воситачилар меҳнат қилмай нарх-навони сунъий равишда юқори ушлаб туришларига йўл қўймаслик учун шундоқ қилинган. Ҳар бир бозорда шунга ўхшаш тамагирлар бўлади. Улар ўз фойдаларини кўпчилик ҳисобидан топадилар. Ислом шариатида бу нарсага рухсат берилмаган. (“Ҳасъдис ва ҳаёт” қитобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat