Ассалому алайкум! Дўстим билан кичик бир ошхона очганмиз. Вазифам шу ошхонани бозорини таъминлаш. Дўстим менга Олой бозоридан савдо қилишимни буюради. Мен бўсам аксинча, улгурчи бозорладан бозор қиламан. Саволим: агар мен Қўйлиқ бозоридан бозор қилиб, Олой бозорини нархида кирим ҳисоботини қилсамда, ўртадаги фарқ бўлган пул менга ҳалол бўладими?
Ва алайкум ассалом! Бундай қилиш жоиз эмас. Мусулмон савдогар агар тижоратда биров билан шерикликчилик қилса, шеригига доимо хайрихоҳ бўлмоғи, унга кўпроқ фойда келтириш ҳаракатида бўлмоғи лозим. Чунки савдогарлар бир-бирлари билан шерикчилик қилиш аҳдини тузишса Аллоҳ таоло улар билан бўлади. Шундай экан мусулмон тожир Аллоҳ таоло уларнинг тижоратида шерик эканлигини ўзига саодат деб билиб, дунёвий нарсани деб Аллоҳнинг шериклигидан маҳрум бўлишликни ўзига мусибат деб билиши лозим. Бунинг учун эса шеригига хиёнат қилмаслик ва уни алдамаслик лозимдир. Зеро, ҳадисда шундай марҳамат қилинади: عن أبي هريرة رَضِي اللهُ عَنْهُ رفعه قال إن الله تعالى يقول أنا ثالث الشريكين ما لم يخن أحدهما صاحبه فإذاخانه خرجت من بينهما Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло шундай деди: “Модомики икки шерик бир-бирига хиёнат қилмас экан, Мен уларнинг учинчиси бўламан (яъни уларнинг барча ишига Ўзим мададкор ва ҳимоячи бўламан). Агар хиёнат қилса, Мен уларнинг орасидан чиқаман” (Абу Довуд ривояти). Имом Разин бунга “(Аллоҳ уларнинг орасидан чиққач) Шайтон уларнинг орасига киради”, деган сўзларни зиёда қилган. Валлоҳу аълам! http://islom.uz/content/view/3241/130/