- Фикрларингиз жуда ҳам тўғри. Бу маънони аввалги тасаввуф машойхлари ҳам қайта-қайта таъкидлаганлар. Ҳақиқий сўфийлар доимий равишда илм маърифатга, хусусан шаръий илмларни пухта эгаллашга даъватда бўлганлар. «Ал-Бурҳон ал-Муаяяд» китобида зикр қилинишича тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлмиш шайх Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтган:«Сизлар, Ҳорис айтди, Абу Язид, деди, Ҳаллож гапирди, дейсизлар. Бу қандоқ гаплар ўзи? Сизлар, Шофеъий айтди, Молик айтди, Аҳмад деди, Нўъмон деди, деб айтинглар. Олдин равшан муомалаларни тўғриланг, сўнгра ортиқча гаплар ила ҳузурланинг. Аввал шариат пойдеворларини илм ва амал билан мустаҳкамланг. Ундан сўнг ноаниқ илм аҳкомлари ва амал ҳикматлари ҳақида ҳиммат кўрсатинг.Бир соатлик илм мажлиси етмиш йиллик ибодатдан афзалдир. Яъни, фарзлар устига зиёда қилинган ва киши илмсиз равишда қиладиган ибодатлардан. Зинҳор Аллоҳ жоҳилни валий қилиб олмайди. Агар кимни валий қилиб оладиган бўлса, унга таълим беради. Валий ҳеч қачон ўз дини фиқҳида жоҳил бўлмайди. У қандоқ намоз ўқишни, рўза тутишни, закот беришни ва ҳаж қилишни яхши билади».Бундан аввал шариат аҳкомларини яхши ўрганиб олиб, сўнгра тарийқат йўлига кирмоқ зарурлиги яққол кўриниб турибди. Шаръий аҳкомлар ҳақида гап кетганда тарийқат шайхларининг гаплари эмас, фақиҳларнинг гаплари ўтиши ҳам оддий ҳақиқат экани билинмоқда.Дарҳақиқат, аввал шаръий илмни ўрганиб олмаган киши ибодатни ўринлатиб адо эта олиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам катта шайхлар ўзларига қўл бериб ибодатга ўзини бағишламоқчи бўлган кишиларни олдин шаръий илмларни эгаллаб олишга ундаганлар. Бу ҳақда мисол тариқасида Шайх Муҳаммад Ҳошим ал-Кашмий ўзининг «Зубдатул Мақомот» номли китобларида Шайх Абдул Аҳад Махдум таржимаи ҳолларида келтирган маълумотларни тақдим этамиз:«Шайх Абдул Аҳадни ёшлик чоғида, дарс олиб турган кезида «илми яқийн»ни ҳосил қилиш ва Роббил оламийннинг висолига эришиш истаги қамраб олди. Ҳаттоки у дарсларини тамомлашга ҳам сабр қила олмай қолди. Шунда у улкан шайх Абдул Қуддус ал-Канкуҳий томон сафар қилди. У зот ўша пайтда чиштия-собирия тарийқатининг раиси эдилар ва шуҳратлари етти иқлимга ёйилган эди. Бас, Абдул Аҳад Махдум у кишидан зикр ва вирдларни ўрганди. Руҳий тарбия ва сулук илмидан дарс олди. Сўнгра шайхдан шу ерда қолиб Аллоҳга мулоқот бўлгунча ибодатда бўлишга рухсат сўради. Бас, кўп нарсадан хабардор ва кўп нарсани кўра биладиган шайх уни ниятдан қайтардилар ва қаттиқ таъкид ила диний ва шаръий дарсларини тугатишга ундадилар. У киши бу борада «Албатта, илм ила рафиқ бўлмаган тарийқатда нур ҳам, ҳаловат ҳам йўқдир», дедилар. Абдул Аҳад Махдум шайхнинг ёши ўтиб қолганини ва заифлигини эътиборга олиб «Мен бу мақсадни амалга оширишни диний илмларни ўрганиб бўлишимдан кейинга сурадиган бўлсам, сизни топа олмайманми деб қўрқаман», деди. Шунда шайх «Агар мени топмасанг, бу меросни ўғлим Рукниддиннинг ҳузурида топасан», дедилар. Бас, Абдул Аҳад Махдум у кишининг амрларига бўйсуниб илм ва дарсни қайта бошлади».Минг афсуслар бўлсинким, кўпгина шайхликни даъво қилувчилар ва жуда кўп муридликни даъво қилувчилар шаръий илмларда бехабар ёки озхабар бўлганлари учун тасаввуфга ҳам доғ туширганлар ва туширмоқдалар.