Ассалому алайкум! Бир киши дўстидан 1000$ миқдорида 2 ойда беришга қарз олди. Лекин белгиланган муддатдан 3 кун ўтиб кетти. Шунда қарз олган одам ўз ихтиёри билан 3 кун ўтиб кетти деб яна 100$ берса рибо бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Кечиктиргани учун деб ўзича пул қўшиб бермасин. Бу кейинчалик инсонлар ўртасида “қарздор кечиктирса ўзи билиб устама қўшиб бериши керак” деган нарсани урфга кириб келишига сабаб бўлади. Урфга киргач эса шартга айланади, у эса рибодир.
Фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир
Қарз берганда одамларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини енгиллаштириш ирода қилинади. Шариатимиз қарзни фойда келтирувчи манба қилиб олишдан қайтарган. Шунинг учун қарз берувчи ўзи берган қарзнинг айнан мислини олишгагина ҳақли бўлади. Агар қарз беришда бирор фойда шарт қилинса ёки шарт қилинмаса ҳам, бирор фойда қўшиб бериш урфга кириб қолган бўлса, ёки кимдир қарз олиб, уни қайтараётганда унга фойда қўшиб беришни одат қилиб олган бўлса, олинган фойда ҳаром ҳисобланади. Масалан, «Фалон сўм қарз берсангиз, уйимдан ижарага фойдаланиб турасиз, савдодан тушган сўмнинг ҳар кунлигини олиб, фойдаланиб турасиз», «Мол олишга кетадиган кунимиз сиздан валюта оламиз, фойдаланганингиз эвазига валютани бозор нархидан арзонга берасиз», «Ҳозир шу машинангни қарзга бериб турсанг, йилнинг фалон вақтида сенга янги машина олиб бераман» ва шу каби шартлар асосида қарз бериб, бирор қўшимча манфаат олиш ҳаромдир.
Қадимда мусулмонлар ўзига қарз берган кишининг девори ёки дарахтининг соясидан фойдаланишдан ҳам сақланганлар.
وعن إسماعيل بن إبراهيم بن عبدالله بن أبي ربيعة المخزومي، عن أبيه عن جده، أن النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ استلف منه حين غزا حنيناً، ثلاثين أو أربعين ألفاً، فلما قدم لقضاها إياه، ثم قال النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «بارك الله لك في أهلك ومالك، إنما جزاء السلف الوفاء والحمد» رواه ابن ماجه والنسائي
Абу Робиъа Махзумий отасидан, у бобосидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн куни мендан ўттиз ёки қирқ минг қарз олдилар. Ҳунайндан қайтгач, қарзларини менга қайтардилар. Сўнг: «Аллоҳ аҳлинг ва молинга барака берсин! Қарзнинг мукофоти уни тўлаш ҳамда раҳмат айтишдир», дедилар.
Қарзни зиёдаси билан қайтариб бериш
Юқорида айтиб ўтганимиздек, фойдани кўзлаб қарз бериш жоиз эмас. Лекин фойда шарт қилинмай ёки урфга кирмай, қарз олган одам қарзни чиройли адо қилиш маъносида олган қарзига ўз ихтиёри билан бирон нарса қўшимча қилса, бу яхшидир.
وعن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: كان لي علي رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حق، فاعطاني و زادني
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мендан қарзлари бор эди. У зот менга ҳаққимни қайтариб, зиёда ҳам қилиб бердилар.
Бухорий ривоят қилган.
وروي عن ابن كعب وابن مسعود وابن عباس رضي الله عنهم جميعاً، أنهم نهوا عن قرض جر منفعة، لأن القرض عقد إرفاق وقربة، فإذا شرط فيه منفعة، خرج عن موضوعه، فيجب على المسلم أن ينتبه لذلك ويحذر منه، ويخلص النية في القرض وفي غيره من الأعمال الصالحة، فإن القرض ليس القصد منه النماء الحسي، وإنما القصد منه النماء المعنوي، وهو التقرب إلى الله عز وجل، بدفع حاجة المحتاج، واسترجاع رأس المال، فإذا كان هذا القصد في القرض، فإن الله تعالى ينزل في المال البركة والنماء والطيب
Ибн Каъб, Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумларнинг барчаси фойда келтирадиган қарздан қайтаргани ривоят қилинади, чунки қарз раҳм-шафқат ва Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ақди бўлиб, унга қўшимча фойда шарт қилинадиган бўлса, кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Мусулмон одам буни билиши, ундан сақланиши ҳамда қарз ва бошқа солиҳ амалларда ниятни холис қилиши лозим бўлади. Қарз муомаласидан мақсад моддий ўсиш эмас, балки маънавий тараққиёт, Аллоҳга муқарраб бўлишдир. Қарзда муҳтожнинг ҳожатини чиқариб, берганининг мислинигина қайтариб олиш кўзда тутилади. Агар мўмин шу мақсадда қарз берадиган бўлса, Аллоҳ унинг молига барака бериб, кўпайтиради ва поклайди. Валлоҳу аълам!