Ассалому алайкум! Ҳали турмушга чиқмаганман. Келаётган инсонларни ҳам динни билмагани учун рад қиляпман. Бир фозил уламонинг мусулмон киши ,,Аллоҳдан нимадур сўраса худди ёш боладек, йиғлаб айтганига эришмагунча тиланавериши керак,, деганини ўқигандим. Балки мен ўзим сўраётган олийжаноб,Аллоҳдан қўрқадиган инсонга лойиқ эмасдурман,лекин шундай инсон билан турмуш қуришни жуда хоҳлайман. Токи Раббим менга шу инсонни насиб этгмагунча ла илаҳа илаллоҳни тўхтовсиз айтаверишни ният қилдим,албатта Аллоҳ қодир қилганча. Саволим шуки, менинг бундай тинимсиз сўрашим ва зикрдан тохтамайман деганим Аллоҳга нисбатан хато йўл бўлмайдими? Унинг қазои қадарига розиман деганим ҳолда тезроқ ният қилган инсоним келишини Аллоҳдан тиланишим унга зорланиб зикр қилишим хатолик эмасми?
– Ва алайкум ассалом! Сизга дини ва хулқи гўзал бўлган киши совчи бўлса, унга лаббай дейиш лозим бўлади. Дунёда қайта-қайта бир шахсдан кичик-кичик нарсалар сўралаверса, у қанча саховатли бўлмасин охир бориб, норози бўлади. Лекин Аллоҳ таолодан банда қанча кўп сўраса, У шунча ун(банда)дан хурсанд бўлади.
عَن أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ لَمْ يَسْأَلْ اللَّهَ يَغْضَبْ عَلَيْهِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У Зот унга ғазаб қилади”, дедилар”.
Дуо мақсадни ҳосил қилиш воситасигина эмас, балки у бир мустақил ибодатдир. Бу хоҳ ўзи учун бўлсин, хоҳ дунёвий мақсад учун бўлсин у ҳам ибодат ҳисобланади ва унга савоб етади. Қанча кўп дуо қилса, шунча Аллоҳ таоло билан алоқаси зиёда бўлиб боради. Фақат машаққат ёки қийинчилик вақтда дуо қилиш зарур эмас. Балки, хурсанд ва мамнун вақтларда ҳам дуо қилиш лозимдир.
عن أبي هريرة رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال : قال رسولُ اللّه صلى اللّه عليه وسلم : " مَنْ سَرَّهُ أنْ يَسْتَجِيبَ اللَّهُ تَعالى لَهُ عنْدَ الشَّدَائِدِ وَالكُرَبِ فَلْيُكْثِرِ الدُّعاءَ في الرَّخاءِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”, дедилар”.
عَنْ النعمان بن بشير رضي الله عنهما أن رسولَ الله صلى الله عليه وسلم قال: «الدعاء هو العبادة» ثم قرأ {وقال ربُّكمُ ادْعُونِي أسْتَجِبْ لَكُمْ ، إنَّ الّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عن عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ} [غافر:الآية 60] أخرجه الترمذي
Нуъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳим васаллам:
“Дуо ибодатдир”, дедилар ва “Роббингиз: “Менга дуо қилинг сизни ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимда кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”ни қироат қилдилар” (Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ваъда қилади: “Менга дуо қилинг сизга ижобат қилурман” (Ғофир 60 оят).
Аллоҳ таолонинг бу ваъдасида хато бўлиши мумкин эмас. Шу боис чин дилдан дуо қилиш лозим ва у албатта мақбул бўлади. Дуоларнинг қабул бўлиш сурати турли хилдир. Баъзи вақтларда ўша сўраган нарсаси берилади. Ва баъзи вақтларда у нарса Аллоҳ таолонинг илмида банда учун муносиб ёки фойда берувчи бўлмайди. Бас, Аллоҳ таоло ундан яхши ва фойдали нарсани дунё ёки охиратда ато қилади. Шу тарзда ҳар дуонинг уч фойдаси бор:
1. Дуо қабул бўлиши билан мурод ҳосил бўлади;
2. Ҳар дуога савоб етади;
3. Дуо қанча кўп қилинса, шунча Аллоҳ таоло билан алоқа ортиб боради.
Дуо қилувчининг одобига қиблага юзланиш, қўлни кўтариш, тил билан қилиш ва энг биринчи ҳамду сано ва дуруду шариф ўқиш кирсада, агар уни ўрни бўлмаса, бас усиз ҳам дуо қилиш жоиздир. Шунинг учун Аллоҳ таоло дуони шундай осон қилдики, тақрибан ҳар вақт ва ҳар жойда юриб, айланиб ва ишлаб туриб ҳам сўраш мумкин бўлади. Агар тил билан сўраш ўрни бўлмаса (масалан, ҳожатхонада ёки бошқа жойда), бас қалбдан сўраш ҳам мумкин бўлади.
Дуода катта-катта нарсаларни сўраш зарур эмас, балки ўзининг катта, кичик ҳожатларини Аллоҳ таолодан сўраши лозим. Бу шу даражадаки, ҳадисларда келишича, оёқ кийимнинг тасмаси узилса ҳам, бас Аллоҳ таолодан сўранглар (Термизий).
Шу боис бу гапни одатга айлантириш лозимки, қачон жуда кичик ҳожатга рўбарў келса, уни Аллоҳ таолодан сўрасин. Арзимаган бирор машаққат бўлса, уни кетказишни ҳам Аллоҳ таолодан сўралади. Шу тарздаки, болага қачон бир муаммо рўбарў келса ёки бирор кичик машаққат етса, у ўз онасини чақиргани каби инсонга ҳам бирор ташвиш келса, Аллоҳ таолони чақириши лозим бўлади. Айланиб, юриб, туриб, ўтириб ва иш қилиб ва ҳар вақт кичикдан кичик нарсаларни Аллоҳ таолодан сўрашни одатга айлантирса, Аллоҳ хоҳласа жуда тез тараққий топади. Валлоҳу аълам!