Ассалому алайкум! Мен закотга деб пул топлаяпман. Закот бериш учун пул миқдорим қанчадир миқдорга етганда фарз бўлар экан, лекин менинг пулим у миқдорга етгани йўқ. Пул миқдорим фарз бўладигон даражага етмаса хам закот деб берсам бўладими? Закотни каттаю кичик берса бўладми ёшни алоқаси йўкми?.
– Ва алайкум ассалом! 1). Закотни бир ва ундан кўпроқ йил учун олдиндан берса, жоиз.
Бу ҳукмнинг далили:
عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ : أَنَّ الْعَبَّاسَ سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي تَعْجِيلِ زَكَاتِهِ قَبْلَ أَنْ يَحُولَ الْحَوْلُ، مُسَارَعَةً إِلَى الْخَيْرِ، فَأَذِنَ لَهُ فِي ذَلِكَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аббос хайрга тезроқ эришиш ниятида закотини бир йил тўлмасдан олдин бериш ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. Бас, у зот унга бу ҳақда изн бердилар».
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шунингдек, бир нисобга соҳиб бўлган киши бир неча нисобнинг закотини олдиндан берса бўлади.
Мисол учун, бир кишининг бешта бўғоз туяси бор. У аслида закотга бир дона қўйни берса кифоя эди. Аммо «Олдиндан бериб қўяй», деб иккита қўйни берса ҳам жоиз. Ҳомиладор туялар туғиб, ҳамма туяси ўнта бўлганда, олдинги берган бир дона ортиқча қўйи янги туғилган туяларга закот бўлади. Мазкур янги туғилган туялардан яна закот беришга ўрин қолмайди.
2). Закот берувчига тегишли бўлган шартлар қуйидагилардир:
1. Ҳур бўлиши;
2. Мусулмон бўлиши – мусулмон бўлмаган кишига закот фарз эмас;
3. Оқил бўлиши – мажнунларга закот фарз эмас;
4. Балоғатга етган бўлиши – балоғатга етмаган боланинг молидан закот берилмайди. Гарчи унинг бойлиги нисобга етса ҳам;
5. Нисоб миқдорича молга эга бўлиши – нисобга етмаган моллардан закот берилмайди;
6. Нисоб молига тўлалигича молик бўлиши. Шунинг учун аёл кишига маҳр тайин қилинсаю, ҳали маҳр қўлига етиб бормаган бўлса, унга закот лозим бўлмайди. Шунингдек, қарздор қўлида моли бўлгани билан қарзи туфайли ундаги маблағ ўзгаларнинг мулки ҳисобланади. Валлоҳу аълам!