Ассалому алайкум! Имом Абул Ҳасан Аъшарий қуйидагиларни айтган: ,,Аллоҳ таолонинг исмлари уч турга бўлинади: 1. Унинг ўзи дейиладиган исмлар. Бунга уни айтиш билан унинг борлигига далолат қиладиган исмлари киради. Масалан, Аллоҳ исми каби ; 2. Ундан бошқа дейиладиган исмлар. Бунга уни айтиш билан бирор феълга далолат қиладиган исмлари киради. Масалан, Холиқ исми каби ; 3.Унинг ўзи ҳам, ўзидан бошқа ҳам дейилмайдиган исмлар. Буни айтиш қадим сифатига далолат қиладиган исмлари киради. Масалан, Олим исми каби..." Мени ҳеч қандай ақида бўйича мутахассис аҳли илм танишим йўқ. 1.Устозлар, сизлардан илтимос, шу Имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи айтган матнларни батафсил шарҳлаб берсангизлар. 2. Имом Аъшарий раҳматуллоҳи алайҳи ,,Исм мусаммонинг айни ўзи ҳам, ундан ўзга ҳам эмас" деган гаплари билан, юқоридаги ,,Аллоҳ исми унинг айни ўзи" деган гаплари қандай мувофиқлаштирилади?
– Ва алайкум ассалом! Исм ва мусаммо баҳси ҳам ихтилофли масалалардан бўлиб, ашъарийлар исм мусаммодан бошқа деган бўлсалар, мотуридийлар улар бирдир, деганлар.
Ашъарийларнинг далиллари: Исм айтилиб гоҳида ундан лафз ирода қилинади. Масалан: Фарзандимга Абдуллоҳ деб исм қўйдим, Зороба – феъл, “мин” жор ҳарфи деса бундан лафз ирода қилинади. Шунга кўра лафз ирода қилинганда исм мусаммодан бошқа бўлади. Яъни исм лафздан бошқадир.
Гоҳида исмдан маъно ирода қилинади. Масалан: сув ичдим. Бундан “с у в” ҳарфлари билан қилинган талаффуз эмас балки унинг маъноси кўзда тутилган. Шунга кўра кўра исм мусаммодан ҳам, тасмиядан ҳам бошқа бўлади. Яъни сувнинг маъноси, сув деган учта ҳарфдан ҳам, уларни талаффуз қилишдан ҳам бошқадир.
Гоҳида сифат ирода қилинади. Масалан: “Аллоҳ таолонинг 99 та исми бор”. Бундан 99та сифати борлиги тушунилади. Ушбу маънода исм уч қисмга бўлинади:
1. Мусаммонинг айни бўлган исм масалан, вужуд, шай каби; (Исм – ном; Мусаммо – ном эгаси; Тасмия – номлаш)
2. Мусаммодан бошқа бўлган исм масалан, Холиқ, Розиқ каби феълий сифатларнинг исмлари;
3. Мусаммонинг ўзи ҳам, ўзидан бошқа ҳам бўлмаган исм. Масалан Олим, Қодир каби зотий сифатларнинг исмлари.
Демак умумий маънода исм мусаммодан бошқа бўлади.
Мотуридийларларнинг далили: Бир нарсанинг исми деганда лафз далолат қилган нарса тушунилади. Лафз эса айни ўзи эмас балки у билан ўша далолат қилинган нарса тушунилиши учун қўйилган бўлади. Шунга кўра барча ишлар нарсаларнинг исмларига нисбат берилади. Агар исм лафз бўлганида нисбат бериш ва нисбат берилиш тўғри бўлмаган бўлар эди. Бундан эса исм лафз эмас балки лафз далолат қилган нарса экани келиб чиқади. Демак исм деганда зеҳнда лафз тушунилса ҳам воқеликда мусаммонинг айни ўзи тушунилади. Мисол учун айтадиган бўлсак биз Аллоҳ таолони ягона дейишга буюрилганмиз, агар Аллоҳ таолонинг исми У зотдан бошқа бўлганида эди биз Аллоҳни эмас, балки У зотнинг исмини ягона деган бўлиб қолар эдик. Ёки биров хотинининг исмини айтиб талоқ қилса талоқ хотинига эмас унинг исмига тушган бўлиб қолар эди. Шунга кўра исм ва мусаммо бир дейиш лозим бўлади.
Хулоса шуки бу масалага ашъарийлар луғат эътиборидан, мотуридийлар ҳукм эътиборидан ѐндошганлар.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин! Валлоҳу аълам!
Абдулқодир Абдур Раҳим