Ассалому алайкум муҳтарам Шайх ҳазратлари, умрингиз ва илмингизни Аллоҳнинг Ўзи бунданда зиёда айласин. Чиқараётган китобларингиздан жудаям кўп фойдалар, илмлар олаяпмиз, Аллоҳ умрингизни узоқ қилсин. Устоз сизга бир савол билан мурожаат қилмоқчиман, бу саволни бир биродарлар билан даврада иймонлашиб ўтирганимизда муҳокама қилган эдик ва жавобини топа олмадик, шу келишмовчилигимизни ечимини ҳал қилиб беришингизни сўраймиз. Саволим қуйидагича устоз: Марям сураси 33 оятда: Исо: “Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам салом (омонлик) бўлур”. дейилади.Нисо сураси 157 оятда: “Шунингдек, Аллоҳнинг пайғамбари Исо Масиҳ ибн Марямни биз ўлдирдик, деган гаплари туфайли (жазоладик). Ҳолбуки, уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ*. Фақат (бошқа бир киши Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, унинг тўғрисида баҳслашганлар у ҳақида шубҳададирлар. Уларда гумонга эргашишдан бошқа бирор (тўғри) маълумот йўқ. Аниқки, уни ўлдиришмаган”.Шу оятнинг изоҳи: Исо алайҳиссаломга “Масиҳ” лақабини берилишига боис - Жаброил алайҳиссалом барака тилаб у зотни силаб қўйганлар. Иккинчи тафсири шуки, кар, соқов, кўр, пес кишиларни қўллари билан силаб қўйсалар, дарҳол шифо топар эди. Зеро, “Масиҳ” сўзи араб тилида “силанган” ва “силовчи” маъноларини билдиради. Яҳудийлардан бир жамоаси Исо билан Марям алайҳиссаломларни ҳақорат қилганларида Исо алайҳиссалом уларни лаънатлаб қарғайдилар. Улар чўчқа ва маймунларга айланиб қолишади. Шундан кейин қолган яҳудийлар Исо алайҳиссаломдан ўч олиш мақсадида уни қатл этишга қарор қиладилар. Аллоҳ таоло уларнинг қасдини билдириб, уни осмонга кўтаришини айтади. Исо алайҳиссалом ҳаворийларга, ким менинг қиёфамга кириб қатл этилиш ёки осиб ўлдирилишга рози бўлса, унга жаннат муқаррардир, дейдилар. Улардан бири бунга рози бўлгач, ўлдирилади. Бошқача тафсири шуки, ҳаворийлар ичида бир мунофиқ киши бўлиб, ўша одам қотилларни бошлаб Исо алайҳиссаломнинг уйига олиб келади. Шу пайтда Аллоҳ таоло Исони самога кўтариб, мунофиқни унинг қиёфасига киритиб қўяди. Уни осиб ўлдирадилар. Ўша ондан бошлаб яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам уни ўлдирилган деб эътиқод қилиб келадилар.Саволим: Устоз “Марям” сурасида вафот этадиган кунимда ҳам, тириладиган кунимда ҳам менга салом (омонлик) бўлур. дейилаяпти. Лекин Нисо сурасида улар ўлмаганликлари ҳақида айтилаяпти. Шуни икки оятни бир-биридан ечимини топиб берсангиз устоз. Аллоҳ сиздан рози бўлсин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- «Марям» сурасида зикр қилинган Ийсо алайҳиссаломнинг ўлимлари у зот қиёмат қолганда ерга қайтиб тушганларидан кейин бўлади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Мен билан Ийсо алайҳиссаломнинг орамизда набий йўқ. Албатта, у нозил бўлур. Қачон кўрсангиз, уни таниб олинглар. Ўрта бўйли қизғиш оқ киши. Икки сарғиш кийим кийган. Худди бошидан қатра томиб турганга ўхшайди. Агар унга ҳўл етмаган бўлса ҳам. Ислом учун одамларга қарши уруш қилади. Масийҳи Дажжолни қатл қилади. Сўнг ер юзида эминлик воқеъ бўлади. Ҳаттоки, шерлар туялар билан, йўлбарслар моллар билан ва бўрилар қўйлар билан бир яйловда бўлурлар. Болалар илонлар билан бирга ўйнарлар. Ийсо ер юзида қирқ йил туради. Сўнгра вафот этади ва жанозасини мусулмонлар ўқийди», дедилар».Абу Довуд, ал-Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилган.