Ассалому алайкум! Жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан бири Қийналгандан қарзни кечиб юбориш. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом дедилар: «Бир одам вафот этди ва жаннатга кирди. Ундан: «Нима амал қилардинг?» – деб сўралди. У: «Мен одамлар билан олди-сотди қилар эдим. Қийналган одамни кўрсам, пулини кечиб юборардим», – деди. Шу сабабли у мағфират қилинди». (Муслим ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Бир киши одамларга қарз берарди. Ходимига: «Агар қарзни тўлашга имкони йўқ киши келса, кечиб юбор. Зора шу ишимиз туфайли Аллоҳ бизнинг гуноҳимизни кечиб юборса» дер эди. У Аллоҳга йўлиқди. Аллоҳ унинг гуноҳини кечиб юборди». (Муслим ривояти). Савол: олдиндан узр сӯрайман устозлар,Яратган эгам меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ таоло барчамизни билиб билмай қилган гуноҳларимизни ӯзи авфу этсин. Мени тушинишим бӯйича дунёдан ӯтган киши фақат қиёматгача қабрда бӯлади. Ҳадисда келиши бӯйича жаннатга кирди дейиляпти. Ахир охират қиёмат бӯлмай туриб қандай жаннатга кириш мумкин? Барча савол ва жавоб қиёматдан кейин бӯлиб Аллоҳнинг хохиши билан қайта тирилтирилиб амал тарозисига тортилиб амалга яраша жаннат ва дӯзах белгиланмайдими?
– Ва алайкум ассалом! Келажакда бўладиган воқеаларни ўтган замон лафзида ифода қилиш Қуръони карим оятларида ва ҳадиси шарифда жуда кўп учрайди. Бунинг ҳикмати, ўша воқеа аниқ, ҳеч қандай шак-шубҳасиз, юзда-юз рўй беришини билдиришдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
وَنُفِخَ فِي الصُّورِ فَصَعِقَ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَمَنْ فِي الأَرْضِ...
Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди... (Зумар сураси, 68-оят). Валлоҳу аълам!