Ассалому алайкум! Бир уммат бор эканки динларига риоя қилиши қизиган чўғни ушлаш билан баробар экан. Илтимос шу хадисни тўлиғини айтиб беринглар, малол келмаса шархи билан, Аллоҳ илмингизга илм қўшсин ва бизга ҳам насиб этсин.
– Ва алайкум ассалом!
وَقَالَ أَبُو أُمَيَّةَ الشَّعْبَانِيُّ: سَأَلْتُ أَبَا ثَعْلَبَةَ عَنْ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ عَلَيْكُمْ أَنفُسَكُمْ الْآيَةَ. فَقَالَ: أَمَا وَاللهِ لَقَدْ سَأَلْتَ عَنْهَا خَبِيرًا، سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: بَلِ ائْتَمِرُوا بِالْمَعْرُوفِ وَتَنَاهَوْا عَنِ الْمُنْكَرِ حَتَّى إِذَا رَأَيْتَ شُحًّا مُطَاعًا وَهَوًى مُتَّبَعًا، وَدُنْيَا مُؤْثَرَةً وَإِعْجَابَ كُلِّ ذِي رَأْيٍ بِرَأْيِهِ، فَعَلَيْكَ بِخَاصَّةِ نَفْسِكَ، وَدَعِ الْعَوَامَّ، فَإِنَّ مِنْ وَرَائِكُمْ أَيَّامًا الصَّبْرُ فِيهِنَّ مِثْلُ الْقَبْضِ عَلَى الْجَمْرِ، لِلْعَامِلِ فِيهِنَّ مِثْلُ أَجْرِ خَمْسِينَ رَجُلًا يَعْمَلُونَ مِثْلَ عَمَلِكُمْ، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَجْرُ خَمْسِينَ رَجُلًا مِنَّا أَوْ مِنْهُمْ؟ قَالَ: بَلْ أَجْرُ خَمْسِينَ مِنْكُمْ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ
Абу Умайя Шаъбоний айтади:
«Абу Саълабадан «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг…» ояти ҳақида сўрадим. Бас, у:
«Аммо Аллоҳга қасамки, мен у ҳақда энг хабардор шахсдан – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганман. Ўшанда у зот:
«Амри маъруф ва наҳйи мункарда бардавом бўлинглар. Токи итоат қилинган қизғанчиқликни, эргашилган ҳавони, таъсири кучли дунёни ва ҳар бир раъй эгасининг ўз раъйидан фахрланишини кўрсанг, ўзингни ўзинг бил. Авомларни қўй. Ҳали орқадан бир кунлар келади. Уларда сабр чўғни тутгандек бўлади. Ўша кунларда амал қилувчига сизнинг амалингизни қилувчилардан эллик кишининг ажри бўлади», дедилар.
«Ё Аллоҳнинг Расули, биздан эллик кишининг ажрими ёки улардан?» дейилди.
«Йўқ. Сизлардан эллик кишининг ажри», дедилар».
Иккисини Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Демак, Моида сурасидаги «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг» оятидан хабардор бўлган одам ўзимни билсам бўлди экан деб, бепарво бўлмаслиги керак. Ояти каримадаги бу маъно махсус ҳолат учун айтилган.
Шу билан бирга, «ҳар ким қилса, ўзига қилади», деган маъно охиратда жазо ёки мукофот олишга тегишли гапдир. Мусулмон одам бу гапни бу дунёда ўзига шиор қилиб олмайди. Балки амру маъруф ва наҳйи мункар ҳар бир мусулмонга фарзлигини унутмайди. Мусулмоннинг вазифаси даъват қилиш ва ундан қолмаслик. Ҳидоятга солиш эса, Аллоҳнинг иши. Ҳидоятдаги киши бошқаларнинг ҳам ҳидоятга эришишини истайди ва холис насиҳатни аямайди. Аллоҳ ўнглаб ҳидоятга тушган биродари учун хурсанд бўлади. Бош тортган эса, ўз қилмишига ўзи жавоб бераверади. Унинг учун даъватчи мусулмон жавоб бермайди. Залолатдан чиқишни истамаганлар билан бўладиган муносабат ана шу. Аммо ҳидоятга тушиб, мусулмонлар жамияти аъзоси бўлганларнинг ўзаро алоқалари шариат асосида, ишончли алоқа бўлаверади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!