Ассалому алайкум! Мусулмон одам ўз мушкулларим ечим топади, маҳзунликим кетади деб, Аллоҳ шу амалим орқали менга енгиллик берар деб садақа, намоз ва умуман ҳайрли амалларни қилса (Аллоҳдан шу амалларим эвазига енгилликни талаб қилган ҳолда эмас, умид қилган ҳолда). Бу амаллардан келадиган савоблар камаядими яни шундай эътиқод тўғрими?
– Ва алайкум ассалом! Мўмин ўз тоат-ибодатидан Аллоҳнинг розилигини кўзлаши даркор. Агар дунё ва ундаги ўткинчи зийнат учунгина ҳаракат қилса, бундай амалга савоб йўқдир. Аллоҳ таоло ўзининг ҳикматига кўра яхши амаллар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам савоб ва мукофот, ёмон амаллар учун ҳам жазо ва уқубат ваъда қилган. Чунки инсоннинг табиати унга бериладиган мукофот ҳақида билгач ўша амалга кўпроқ ғайрат қилади, янада шижоати ортади, қийинчиликларга осон кўз юмади. Шунингдек, маъсиятларга тайин қилинган жазоларни эшитиб ундан қўрқуви ошади ва четланиши осон бўлади. Кимки ўз амалидан фақатгина дунёвий манфаатни кўзлаган бўлса, у учун савоб йўқдир. Аммо, агар амалидан Аллоҳнинг розилигини истаса ва ваъда қилинган мукофотдан умид қилса буни ҳеч қандай зарари йўқдир. Валлоҳу аълам!