Ассалому алайкум! Банда гунох ишлар қилган бўлса, зино ва бошқа гунохлар ғийбат ва яна бошқа гунохи кабираларни қилган бўлса ўша гунохларни Аллоҳ унитиб кечириб юбориши учун унинг ўтмишдаги гунохларини барчасини ўчириб ташлаши учун ўша банда энг кўп қайси амалларни кўп қилиши лозим?
– Ва алайкум ассалом! Банданинг гуноҳлари қанчалик кўп бўлмасин ҳаргиз Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидан ноумид бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло тавба қилгувчиларнинг тавбасини қабул қилгувчи зотдир. Гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлувчи энг катта омил бу банданинг қилган ҳақиқий тавбаси ва истиғфоридир. Қанчалик кўп тавба қилса, қилган ишидан пушаймонлик ҳис қилса, Аллоҳнинг неъматларига ношукр бўлганига иқрор бўлса, қайтиб бу разолатга яқинлашмаса, Аллоҳ учун бу энг маҳбуб бандалардан бири бўлади. Аллоҳ таоло тавба қилгувчи бандаларини яхши кўради. Агар қилган гуноҳи ўғирлик, қароқчилик, ғийбат, туҳмат каби бандалар ҳаққига тааллуқли бўлса, уларнинг розилигини шарт. Шунингдек, мўмин қилган яхши, савобли амаллари, хайр-эҳсон, садақа, амри-маъруф ва наҳй-мункари унинг гуноҳлари тўкилишига сабаб бўлади. Катта бўлсин, кичик бўлсин, ҳар қандай солиҳ амални қолдирмай бажаришга ҳарис бўлиши лозим. Валлоҳу аълам!