Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Шундай шароитда намозим қабул бўладими?

01:16 / 26.01.2022 | Abdulaziz Nabiyev | 1267

Ассалому алайкум! Уйдагиларим спиртли ичимликлар ичишади, чекишади ҳам. Мен Ислом динига эътиқод қиламан. Шу шароитда ўқиган намозларим қабул бўлябдимикан деб ҳавотиланябман, ота-онага қаршилик қилиб бу ишни ташланг дейишга журъат қилмаябман, айтсам ҳам фойдаси бўлмайди. Илтимос, менга тўғри йўл кўрсатсангиз.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Оилангиздаги бу ҳолат сизни ибодатларни адо қилишдан ҳаргиз тўсмасин. Намозларингизни ўз вақтида қолдирмасдан ўқийверинг. Ҳар бир жон ўз амалидан сўралади. Сиз ўз ибодатингиздан, улар ҳам ўз ибодатларидан сўраладилар. Сизнинг зиммангиздаги вазифангиз оила аъзоларингизни бундай мункар ишлардан огоҳлантириш, имкон топсангиз, бунга буткул чек қўйишдир.  
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар». (Таҳрим сураси, 6-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашга буюрмоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг».
Мазкур дўзах оловидан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Охират оташ-олови бу дунёнинг оловидан фарқ қилади. Унинг ёқилғиси одамлардан ва тошдан иборат бўлади. Яъни бу дунёда иймонга келмай, гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсунмай, осий ўтган бандаларнинг жасади ўша ўтга ёқилғи бўлади. Фақат инсон танасининг ўзи куйса, унча қизимай қолмасин, деб тош ҳам қўшимча ёқилғи қилинади. Эҳтимол, ушбу оятлар нозил бўлган даврда тошнинг ёқилғи бўлиши кишиларнинг тасаввурига келмагандир. Аммо тошкўмир чиққандан кейин тош қанчалик юқори иссиқлик берувчи ёқилғи экани ҳаммага маълум бўлди.
Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони – унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир.
«Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».
Улардан ҳеч ким қочиб, қутула олмайди. Шу билан бирга, мазкур фаришталар Аллоҳ таолога мутлақ итоатдадирлар, нимага амр қилса, ўшанга оғишмай амал қиладилар.
Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига ушбу ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота фарзандлари учун ҳам масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносидаги ҳадиси шарифлар ҳам бор.
Ҳазрати Умар ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз нафсимизнику сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Набий алайҳиссалом:
«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади», деб жавоб берганлар.
Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.
Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Эй аҳлим, намоз ўқинг, рўза тутинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг, шоядки, Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса», деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар.
Демак, ҳар биримиз хотинимиз, ўғлимиз, қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо ўз вақтида бажаришларини қатъият билан талаб қилиб туришимиз керак. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat