Ассалому алайкум! Мен намоз ўқишни бошладим ва буни давомий бўлишига ҳаракат қиляпман, Аллоҳдан мадад сўрайман. Мен иш юзасидан турли масалаларга дуч келаман ва бунинг ечими учун фикримни жамлашимга тўғри келади ва аниқ бир фикрга келишим учун маълум бир вақт керак. Мен намоз ўқиб турганимда бор муаммоларимни ўйласам фикр келяпти. Чунки назом ўқиётган пайтимда фикрим жамланяпти ва ўша нарсани ўйласам тезроқ ечимини топяпман. Менда шундай ҳолатлар бўляптики бирор нимага ечим топиш учун фикримни жамлашим учун намоз ўқияпман. Лекин бу ишим қанчалик тўғри бу гуноҳ эмасми. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни руҳий тарбия деган дискларида назомда бутун фикр Аллоҳга бўлиши кераклиги айтилган. Бироқ ман айрим пайтларда мақсадини фикр жамлаш ва ечим топиш учун назом ўқияпман. Бу ишларим гуноҳ эмасми?
– Ва алайкум ассалом! Намоз ичида ибодатдан бошқа нарсаларни қасддан тафаккур қилишингиз намозингизнинг савобига нуқсон етказади. Хузуъ ва хушуъ ила ўқиган икки ракат намозингиз бу дунё ва ундаги барча нарсалардан афзалдир. Дунёнинг ишларини ҳам бажариш керак, лекин намознинг ажрини камайтириш эвазига эмас. Киши намозга киришгач барча эътиборини ибодатга қаратиши лозим. Қандай қилиб оламлар Роббисининг ҳузурида тили билан зикр, тасбеҳларни айтиши, Қуръон тиловат қилиши ва қалби эса дунё матоҳларида бўлиши мумкин?! Валлоҳу аълам!