Ассалому алейкум! Саволим узунроқ бўлганлиги учун олдиндан узур сўрайман. Савол: Алҳамдулиллаҳ намоздаман, ёшим 28 да. Ойимни сингиллари (холам) борлар ёши 40 дан ошган. Жудаям яхши, дин-диёнатли аёллар. Турмушлари фарзанд кўра олмасликлари учун ўхшамаган. Кейин яна туғмасликларини айтган ҳолда турмушга чиқдилар. Вақт ўтиб ўгай ўғил ва эрни деб турмуши яна бузулди. Энди турмушга чиқмасликга қарор қилганлар. Ҳамма қариндошларимиз уни жудаям яхши кўришади. Биз жиянлари унга ҳудди иккинчи онамиздей ҳурмат қиламиз. Ойимни битта укаси бор, уни ҳам фақат битта ўғли бор. Холам ота уйида туришга ҳам келиндан ва айбсиз бўла туриб турмуши ўхшамай қолгани учун гап сўзлардан ҳижолат бўладилар. Ман уйланганман, оилада катта ўғилман (Аллоҳга шукур учта ака-укамиз). Рўзғоримни бўлак қилиб янги уйга кўчиб ўтганимда холамни ўзим билан янги уйга олиб ўтиб унга фарзандлик меҳрини бериш ва уни фарзанди йўқлигини унутиб бахтли яшашига ҳисса қўшиш ниятим бор. Бу ҳақида онамдан, холамни ўзидан ва аёлимдан сўраганимда улар рози бўлишган. Агар шундай қилсам ўзим ҳам жудаям ҳурсанд бўлар эдим. Бу ишим тўғрими, нима қилай? Холам менга номаҳрам ҳисобланмайдими?
– Ва алайкум ассалом! Динимизда ҳоланинг мартабаси жуда улуғдир. Ҳадиси шарифда ворид бўлганидек, хола она кабидир.
عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عن رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أنّه قَالَ : الْخَالَةُ بِمَنْزِلَةِ الْأُمِّ . رواه أبو داود
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хола она ўрнидадир” дедилар.
Абу Довуд ривояти.
Яъни, ҳурмат-иззат кўрсатиш, яхшилик қилишда хола ҳудди онадекдир. Фарзандни қарамоғига олишга ҳақдорлар ичида хола ҳам алоҳида санаб ўтилган. Бу эса фарзанд учун унинг даражаси нақадар баландлигини билдиради.
عَنْ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ رَجُلًا أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، إِنِّي أَصَبْتُ ذَنْبًا عَظِيمًا فَهَلْ لِي تَوْبَةٌ؟ قَالَ: هَلْ لَكَ مِنْ أُمٍّ؟ قَالَ: لَا، قَالَ: هَلْ لَكَ مِنْ خَالَةٍ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: فَبِرَّهَا. رواه الترمذي
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен улкан гуноҳга қўл уриб қўйдим. Мен учун тавба(га имкон) борми?” Айтдилар: “Онанг борми?” У: “Йўқ” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Холанг борми?” дедилар. У: “Ҳа” деди. Шунда У зотда соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга яхшилик қил” дедилар.
Термизий ривояти.
Демак, инсон нафсига мағлуб бўлиб, бирор гуноҳга қўл урса, дарҳол тавбага ва солиҳ амаллар қилишга шошилиши даркор. Ота-онанинг хизматини адо қилиш, уларнинг розилигини олиш кишини гуноҳлардан поклайди. Онага яхшилик қилиш гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлганидек, холага яхшилик ҳам гуноҳларнинг афв этилишига сабабдир.
Шунингдек, холангиз сиз ва сизнинг фарзандларингиз учун маҳрамдир. Улар билан бир уйда яшаш жоиз. Валлоҳу аълам!