Ассалому алайкум! Ота-онамнинг нимайки гуноҳи, шу пайткачай қилган-қиладиган гуноҳлари бўлса барча гуноҳини менга ёзишини ва мени туғилишимдан то вафот этгунимгача қилган, қиладиган савоб амалларимни Ота-онамга бўлиб беришини Аллоҳдан сўрасам бўладими? Мен шунда Ота-онамнинг барча гуноҳини ўзимга ёзилишини сўрасам бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Ҳаддингиздан ошманг. Сиз охиратдаги гуноҳларга бериладиган азобни енгил фаҳмлайсиз шекилли. Одам ўзини ҳаддини билиши керак. Сиз охират азобларини ҳазил ёки енгил фахмламанг. Охиратдаги ҳолат ҳақида Аллоҳ таоло “Абаса” сурасида марҳамат қилади.
يَوْمَ يَفِرُّ الْمَرْءُ مِنْ أَخِيهِ وَأُمِّهِ وَأَبِيهِ وَصَاحِبَتِهِ وَبَنِيهِ
34. У Кунда киши ўз ака-укасидан қочадир…
35. ва онаси ва отасидан…
36. ва хотини ва бола-чақасидан.
Яъни қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто ҳеч кимнинг ака-укаси, ота-онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.
Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, ота-онаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир мусибат етганда, ёрдам бериш бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ҳам ташлаб қочади.
Қолаверса “Анъом” сураси 164-оятида қуйидагича марҳамат қилади :
قُلْ أَغَيْرَ اللّهِ أَبْغِي رَبًّا وَهُوَ رَبُّ كُلِّ شَيْءٍ وَلاَ تَكْسِبُ كُلُّ نَفْسٍ إِلاَّ عَلَيْهَا وَلاَ تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى ثُمَّ إِلَى رَبِّكُم مَّرْجِعُكُمْ فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ فِيهِ تَخْتَلِفُونَ
...Ҳеч бир юкли(гуноҳкор) жон бошқанинг юки(гуноҳи)ни кўтармас(зиммасига ололмайди). Сўнгра қайтишингиз Роббингизгадир. Бас, У сизларга ихтилоф қилган нарсаларингизнинг хабарини берур. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!