Ассалому алайкум! Менинг бир қариндошим одамлардан қарз олиб тўлашга унчалик харакат қилмай юрганини тушундим ва ундан нега харакат қилмайсиз, ёшингиз хам катта мабодо жон омонатизни топширсангиз ким тўлайди - деб сўрасам, "ниятингда қайтариб бераман деб олсанг Аллоҳ Ўзи қарзни узиб беради - деб хотиржам. Шу сўзларни манга айтди, қарзи хам кичик сумма эмас 18000 доллар, ўзининг айтишича. Бундай холатда нима дейишни хам билолмай қолдим.
– Ва алайкум ассалом! У қариндошингиз мутлақо нотўғри фикрда экан.
Ҳақлар икки қисмга бўлинади
1. Банданинг зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳаққи.
2. Банданинг зиммасидаги банданинг ҳаққи.
Аллоҳ таолонинг ҳаққи борасида Қуръони Каримда уни адо этмасликнинг азоб уқубатларини, бекаму кўст адо қилишнинг мукофоту неъматларини баён қилиб ўтилган. Банда билан банданинг ўртасидаги ҳақни эса бандаларнинг ўзларига ташлаб қўйилган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُم بَيْنَ النَّاسِ أَن تَحْكُمُواْ بِالْعَدْلِ إِنَّ اللّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُم بِهِ إِنَّ اللّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا
«Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат ила ҳукм қилишингизни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир». (Нисо сураси, 58-оят).
Шунингдек, У Зот яна:
هَلْ جَزَاء الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ
«Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир», деб марҳамат қилган. (Роҳман сураси, 60-оят).
مطل الغني ظلم
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бой (қодир) бўлатуриб қарзни кечиктириш зулмдир», деганлар.
Муттафақун алайҳ.
XX аср мужаддиди, улуғ аллома, ҳакимул-уммат, мавлоно Ашраф Али Таҳонавий роҳматуллоҳи алайҳ «Бировнинг ҳаққига зулм қилганларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилмас» деган мавзуда ўзлари бошдан кечирган бир воқеани ҳикоя қилиб берадилар: «Одатда бомдод намозидан кейин тафсир илми билан машғул бўлардим. Бу борада «Баёнул-Қуръон» номли тафсир китобини ёзишга киришган эдим. Бир куни аҳли аёлим эрталаб қаергадир бориб келиш ижозатини олди-да, соат саккизда товуқларга ем бериб қўйиш кераклигини эслатди. Мен «хўп» деб, ўз ишим билан овора бўлаверибман. Бироз ўтгач, китоб ёзиш асносида хаёлимга келиб турган фикрларни қоғозга тушира олмай қолдим. Худди билган нарсаларим йўқ бўлиб қолгандек эди. Тафсир борасида янги фикр келмай қолгач, шояд бошқа ишга киришсам, фикрлар очилиб кетар, деган хаёлда халқдан келган саволларга ёзма жавоб беришга киришдим. Бироқ, таажжубки, бунда ҳам саволларга жавоб беришга, биламан деб ўйлаган нарсаларимни қоғозга туширишга қийналдим. Гўёки фикрларимни бир қора булут тўсиб тургандай эди. Қўрқиб кетдим. Наҳот мен учун Аллоҳнинг раҳмат эшиклари ёпилиб қолган бўлса, нима хатога йўл қўйдим?! Шу пайт ич-ичимдан «Сен Аллоҳнинг махлуқотига зулм қиласан-у, яна Аллоҳнинг раҳматидан умид қиласанми?», деган фикр келди. «Астағфируллоҳ» деб дарҳол ўрнимдан турдим, товуқхонага бориб уларга ем бердим, Роббимга истиғфорлар айтиб, тавба қилдим: «Роббим, мен ожиз бандангнинг билмай қилган хатосини Ўзинг афв қил!». Шундан сўнг хонамга кириб, «Бисмиллаҳ» деб қаламни ушладим. Алҳамдулиллаҳ, фикрлар ёмғирдек ёғилиб кела бошлади. Бояги булутдан эса асар ҳам йўқ эди».
Энди бировнинг ҳаққига ойлаб, йиллаб зулм қилганлар қандай қилиб топган нарсаларини, мол-мулкларини Аллоҳнинг раҳмати, инъоми деб билиши мумкин.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир сифатлари шуки, у зоти бобаракот бутун оламга раҳматдирлар. У зот имкон қадар ўша раҳматдан умматларига ҳам етишидан умидвор эдилар ва қачон саҳобалардан бирортаси вафот этса, жанозасини ўзлари ўқишга шошилар эдилар. Ҳатто бир аёл вафот этиб, дафн қилинганлигини эшитганларида «Менга хабар бермабсизлар-да», деб танбеҳ ҳам берганлар ва бориб, қабрининг тепасида унга жаноза ўқиганлар. Лекин вафот этиб, зиммасида қарзи қолган кишиларга жаноза ўқишдан бош тортганлар.
Маййитнинг зиммасидаги қарзнинг ҳукми
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
من فارق الروح الجسد، وهو بريء من ثلاث دخل الجنة: من الكبر، والغلول، والدين
«Кимнинг руҳи уч нарсадан: кибрдан, ўлжага хиёнатдан ва қарздан холи бўлиб жасадидан ажраса, жаннатга киради».
Ибн Можа ривоят қилган.
نفس المؤمن معلقة بدينه حتى يقضى عنه
«Мўминнинг жони қарзи адо этилмагунча тутиб турилади».
Термизий ривоят қилган.
Бир кишининг акаси вафот этиб, зиммасида қарзи қолди. У акаси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. У зот: «У қарзи туфайли тутиб турилибди, унинг қарзини тўла», дедилар.
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳадис маййитдан мерос қолса, унинг қарзини тўлаш меросхўрларга фарз эканлигига далолат қилади.
Ҳорис ибн Рибъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши «Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, агар Аллоҳнинг йўлида қатл қилинсам, хатоларим кечириладими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ҳа, агар сабр қилиб, савоб умидида Аллоҳнинг йўлида қатл қилинсанг. Лекин қарз мустасно, чунки Жаброил менга шундай деган», дедилар.
Бир киши вафот этиб, зиммасида қарзи қолган бўлса, ундан қолган бор мол-мулкни ҳақдорларга ҳақларининг ҳиссасига мутаносиб миқдорда тарқатиш меросхўрларнинг зиммасига фарз бўлади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, кўпчилик «Вафот этган киши бизга ҳеч нарса қолдирмаган», деб даъво қилади, вафот этган кишидан қолган нарсаларни, хусусан, уй-жойларни меросдан ташқари деб билади. Агар маййитдан ҳеч нарса қолмаган бўлса, меросхўрлар кўнгилдан чиқариб, унинг қарзини адо қилсалар, бу иш ўликнинг орқасидан қилинадиган хайр-эҳсонлардан кўра афзалдир.
عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا جُلُوسًا عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذْ أُتِيَ بِجَنَازَةٍ، فَقَالُوا: صَلِّ عَلَيْهَا. فَقَالَ: «هَلْ عَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قَالُوا: لَا. قَالَ: «فَهَلْ تَرَكَ شَيْئًا؟» قَالُوا: لَا. فَصَلَّى عَلَيْهِ، ثُمَّ أُتِيَ بِجَنَازَةٍ أُخْرَى، فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، صَلِّ عَلَيْهَا. قَالَ: «هَلْ عَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قِيلَ: نَعَمْ. قَالَ: «فَهَلْ تَرَكَ شَيْئًا؟» قَالُوا: ثَلَاثَةَ دَنَانِيرَ. فَصَلَّى عَلَيْهَا، ثُمَّ أُتِيَ بِالثَّالِثَةِ، فَقَالُوا: صَلِّ عَلَيْهَا. قَالَ: «هَلْ تَرَكَ شَيْئًا؟» قَالُوا: لَا. قَالَ: «فَهَلْ عَلَيْهِ دَيْنٌ؟» قَالُوا: ثَلَاثَةُ دَنَانِيرَ. قَالَ: «صَلُّوا عَلَى صَاحِبِكُمْ». قَالَ أَبُو قَتَادَةَ: صَلِّ عَلَيْهِ يَا رَسُولَ اللهِ، وَعَلَيَّ دَيْنُهُ. فَصَلَّى عَلَيْهِ
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир пайт жаноза келтирилди. «Унга жаноза ўқиб беринг», дейишди. Шунда у зот: «Зиммасида қарз борми?» дедилар. «Йўқ», дейишди. «Ундан бирор нарса қолганми?», дедилар. «Йўқ», дейишди. Шунда у зот унга жаноза ўқидилар.
Кейин бошқа бир жаноза келтирилди. «Эй Аллоҳнинг Расули! Унга жаноза ўқиб беринг», дейишди. У зот: «Зиммасида қарз борми?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «Бирор нарсаси қолганми?» дедилар. «Уч динор (қолдирган)», дейишди. У зот унга жаноза ўқидилар.
Кейинроқ учинчи жаноза келтирилди. «Унга жаноза ўқиб беринг», дейишди. У зот: «Бирор нарсаси қолганми?» дедилар. «Йўқ», дейишди. «Зиммасида қарз борми?» дедилар. «Уч динор», дейишди. «Биродарингизга жаноза ўқиб қўйинглар», дедилар. Шунда Абу Қатода: «Унга жаноза ўқиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули! Қарзи менинг зиммамга бўлсин» деган эди, у зот унга жаноза ўқидилар».
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «هَلْ تَدْرُونَ مَنْ الْمُفْلِسُ؟»، قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا يَا رَسُولَ اللَّهِ، مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ، وَلَا مَتَاعَ، قَالَ: «إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي، مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصِيَامٍ وَصَلَاةٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ عِرْضَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، فَيُقْعَدُ فَيَقْتَصُّ هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يَقْضِيَ مَا عَلَيْهِ مِنْ الْخَطَايَا، أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис кимлигини биласизларми?» дедилар. «Муфлис – дирҳами ҳам, матоси ҳам йўқ кишидир», дейишди. У зот шундай дедилар: «Муфлис –умматимдан чиққан, Қиёмат куни рўза, намоз ва закот билан келадиган, буни обрўсига тил теккизган, бунисига эса туҳмат қилган, унисининг эса молини (ноҳақ) еган кишидир. Уни ўтирғизиб қўйишади, унинг бунинг ҳасанотидан қасос (сифатида) олиб берилади, бунга ҳам унинг ҳасанотидан олиб берилади. Агар унинг ҳасанотлари (ҳақ эгаларининг) ҳақларини олиб беришдан олдин тугаб қолса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, унга қўшиб қўйилади. Сўнгра дўзахга ташланади».
Имом Аҳмад ривоят қилган. Валлоҳу аълам!