Ассалому алайкум! Бир қизга уйланмоқчиман у қизни онаси отасидан ажрашган ва онаси билан бир ўзи яшайди ва уни балоғатга етган укаси бор. У қизнинг валийси ким бўлади унинг отасими ёки укаси. Валийсиз никоҳ қилишнинг ҳукми нима?
– Ва алайкум ассалом! Ҳанафий мазҳаби уламолари бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, «Никоҳнинг тўғри бўлиши учун валий бўлиши шарт эмас», дейдилар. Валийнинг шартлиги ҳақидаги ҳадисни эса «Бу гап комил никоҳ ҳақида. Яъни валий бўлмаса, комил никоҳ бўлмайди, деганидир», дейишади.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «لَا نِكَاحَ إِلَّا بِوَلِيٍّ وَشَاهِدَيْ عَدْلٍ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», дедилар».
Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган.
Валий Ҳанафий мазҳабида никоҳнинг шарт ва рукнларидан бири бўлмаса ҳам, бошқа мазҳаблар уни никоҳнинг рукнларидан бири деганлар.
Одатда, ота ёки унинг ўрнига қолган шахс валий бўлади. Валийлар тартиби – ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади.
Ҳанафий мазҳабига кўра, одам танлашни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди.
Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил тайин қилиши жоиздир. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!