Ассалому алайкум! Россияда ишлайман, мен ишлаб турган жойда 250 кишига яқин хар хил миллат вакиллари ишлайди асосан мусулмонлар, бошлиқлардан Аллоҳ рози бўлсин, бизга намоз ўқишга шароит қилиб берган. Алхамдулиллах рўзаларимизга хам шароит яратиб бердилар. Бу ерда жуда хам одам намоз ўқийди, мен 10га яқин сураларни ёд биламан, лекин у даражада қироатим йўқ, шунга қарамасдан бирга намоз ўқидиган боллар мени имомликга ўтказиб қўяди, мен қўлимдан келганича имомликка ўтиб намоз ўқиймиз, кўп нарсаларни сўрайди илмим йўқлиги учун жавоб беролмиман. Илмли инсонлардан сўранг дейман, мендан хафа бўлгандай бўлиб қолишади. Алхамдулиллах 30 кишига яқин бўлдик. Энди шу холатда мени имомлик қилишим тўғрими?
– Ва алайкум ассалом! Ораларингизда ким намознинг фарз, вожиб, суннатларини, уни бузувчи нарсаларни яхши билса ва қироати тўғри бўлса ўша имомликка ўтсин.
Имомликка ҳақлироғи:
1. Суннатни билувчироғи.
2. Сўнгра қорироғи.
3. Кейин парҳезкорроғи.
4. Сўнг ёши каттароғи.
عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكِتَابِ اللهِ، فَإِنْ كَانُوا فِي الْقِرَاءَةِ سَوَاءً فَأَعْلَمُهُمْ بِالسُّنَّةِ، فَإِنْ كَانُوا فِي السُّنَّةِ سَوَاءً فَأَقْدَمُهُمْ هِجْرَةً، فَإِنْ كَانُوا فِي الْهِجْرَةِ سَوَاءً فَأَكْبَرُهُمْ سِنًّا، وَلَا يُؤَمُّ الرَّجُلُ فِي سُلْطَانِهِ، وَلَا يُجْلَسُ عَلَى تَكْرِمَتِهِ فِي بَيْتِهِ إِلَّا بِإِذْنِهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг Китобига қорироқлари имом бўлади. Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари. Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катталари бўлади. Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин. Магар унинг изни ила бўлса, майли», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадиси шарифда имом бўлишга ким лойиқлиги кетма-кет, бир неча сифатлар ила баён қилиб берилмоқда. Шу билан бирга, уламоларимиз таъкидлаганидек, мазкур сифатларда ўша вақт воқеълиги эътиборга олинмоқда.
Энди ўша сифатларни бирин-кетин кўриб чиқайлик.
Аввало ҳар бир қавмга уларнинг ичидан:
«Аллоҳнинг Китобига қорироқлари имом бўлади».
Бу, имом танлаш вақтида аввало Қуръонни билиш, қироат қилиш сифатига қаралади, деганидир.
«Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари» бўлади.
Баъзи уламолар: «Имомликка даъвогарлар ичидан муносибини танлаш учун худди шу тартиб йўлга қўйилиб, биринчи қори, иккинчи олим бўлади», деганлар. Уларнинг далили ушбу ҳадиснинг зоҳиридир. Лекин жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам: «Суннатни яхши биладиган олим қоридан муқаддам бўлади, чунки олим одам намоз учун керакли Қуръон қироатини яхши билиши турган гап, аммо қори одам намозда юзага келиб қоладиган масалаларни дарҳол ҳал қилиб кетавериши қийин», деганлар.
Ушбу ҳадисда қорининг аввал баён қилиниши саҳобаи киромларнинг қорилари олим ҳам бўлганлиги эътиборидандир.
Демак, намоз ҳақида энг илми кўп одам зоҳирий фаҳш ишлардан четда бўлиши ва Қуръондан керагини яхшилаб ёдлаган бўлиши шарти билан имомликка энг ҳақли одам бўлади.
«Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари».
Яъни имом бўлишга аввалроқ ҳижрат қилганлари лойиқроқдир.
«Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катталари бўлади». Валлоҳу аълам!
Ушбу линкдаги мақолани ўқиб, имомда топилиши лозим бўлган шартларни тўлиқ ўрганиб чиқинг: https://fiqh.uz/maqola/709