Ассалому алайкум! Фарзандларимга ёшлигида ақиқа қилмаганман, 5 нафар фарзанларим бор Алҳамдулиллаҳ. Шуларга ҳар бирига қўй сўйиш шартми ёки ҳаммасига ният қилиб мол сўйсам ҳам бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Ақиқа қилинадиган жониворлар уч қисмга бўлинади:
1. Туя (эркак, урғочиси);
2. Мол, қўтос (эркак, урғочиси);
3. Қўй, эчки (эркак, урғочиси).
Булардан ташқари жониворларни, жумладан от, кийик, курка, товуқ, хўроз кабилар қурбонлик қилиш бидъатдир.
Қурбонлик қилинадиган жониворларни ёши туяда беш ёш, мол ва қўтосларда тўлиқ икки ёш, қўй ва эчкида бир ёшдир. Агар булардан бир кун ҳам кам бўлса, ақиқага сўйиш жоиз бўлмайди. Лекин, бир ёшга кирмаган қўйнинг жуссаси бир ёш қўй жуссасичалик бўлса, яъни олти ойлик қўзи бир ёшлик қўй жуссасичалик гавдаси бўлса, уни ақиқа қилиш жоиз бўлади. Лекин, олти ойга тўлмаган қўзини жуссаси бир ёшлик қўй каби бўлса ҳам, уни ақиқага сўйиш қилиш жоиз бўлмайди. Ёш белгилашда ҳижрий йил эътиборга олинади.
Ўғил бола томонидан иккита қўй ёки сигир ва туянинг икки ҳиссаси ва қиз бола томонидан бир қўй ёки сигир ва туянинг бир ҳиссаси ақиқа қилинади. Ўғил бола томонидан бир қўй сўйилса ҳам ақиқа қилинган ҳисобланади. Масалан битта молни уч ўғил ва бир қиз томонидан ақиқага сўйиш мумкин. Шунда икки ҳиссадан ўғил болаларга ва бир ҳисса қиз болага тўғри келади. Валлоҳу аълам!