Ассаламу алайкум! Мен маҳалламиздаги имомнинг хутбасида эшитдим. Унда : “Аллоҳ хоҳласам гуноҳини кечаман, хоҳласам Ўз фазлим билан бой қиламан. Аммо ким мени неъматларимни шукрини адо қилса, албатта зиёда қилиб бераман” деган экан. Валлоҳу аълам. Илтимос менга бир калима ёки амал ўргатинки, шу калимани айтиб ёки амални қилиб Аллоҳга яқин бўлай ва менга берган неъматларига чиройли шукур қилувчилардан бўлай. Илтимос сиздан.
Ва алайкум ассалом! Ибни Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Аллоҳнинг бандаларидан бир банда :“Я робби лакал ҳамду кама янбағи лижалаали важҳика ва аъзими султоник” деди. Бу нарса икки фариштага(савобини ёзиш) қийин бўлди. Савобини қандай ёзишни билмай қолдилар. Аллоҳнинг хузурига кўтарилиб, : “Эй Роббимиз бир банданг бир сўзни айтди, уни қандай ёзишни билмаяпмиз” дейишди. Аллоҳ бандасининг айтганини билгувчи бўлсада : “Бандам нима деди” деди. Икки фаришта : “Эй Роббимиз у : “Я робби лакал ҳамду кама янбағи лижалаали важҳика ва аъзими султоник”. Шунда Аллоҳ таоло иккисига : “У калимани бандам айтганидек ёзиб қўяверинглар, менга йўлиққанда ўзим мукофотини бераман” деди”(Ибни Можа ривоят қилган). “Наводирул Усул” китобида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Агар дунё тўлалигича умматимдан бир кишининг қўлида бўлсаю, сўнг у : “Алҳамдулиллаҳ” деса ўша “Алҳамдулиллаҳ” дейиши унга берилган дунёдан афзалдир” дедилар. Валлоҳу аълам.