Ассалому алайкум! Бир қишлоқдаги дўстимиз билибми-билмай оиласига доим, мен вафот этсам жанозамни фалон ўртоғим ўқисин, деб юради. Сабаби, у дўстини қишлоқдаги имомдан кўра ҳалол, пок ва билимлироқ деб билади. Энди шундай кун келсаю, шу қишлоқнинг имоми турганда, жанозасини айтган дўсти ўқиши дурустми?
– Ва алайкум ассалом! Бу борада ҳанафий уламолар: “Энг ҳақли киши подшоҳ ёки унинг ноиби, улар бўлмаган чоғда қози, у ҳам бўлмаса, маҳалла масжидининг имоми”, деганлар. Бироқ бизнинг ҳозирги давримизда аввал диний идора бошлиғи, сўнг унинг ноиби ёки диний идора юборган вакил десак, хато қилмаган бўламиз. Улар бўлмаса, маййит яшаган мавзе жомеъ масжидининг имоми ҳақли бўлади. Сўнгра никоҳ асабалари тартиби бўйича мукаллаф эркак валий имомликка ҳақли. Лекин ота ҳурмат юзасидан ўғилдан муқаддам қўйилади. Агар ўғил илмли, ота илмсиз бўлса, бундан мустасно. [1] Сўнг ака ва укаси каби валийлари, кейин қариндош-уруғлари ҳақлидирлар.
Валийлар тартибининг қисқача тафсили қуйидагича:
1. ота;
2. ўғил;
3. ўғилнинг ўғли, қанча пастласа ҳам;
4. бобоси, қанча юқори бўлса ҳам;
5. ака-укаси;
6. ота бир ака-укаси;
7. ака-укасининг ўғли, худди шу тарзда, яқиндан яқинроғи имом бўлишга ҳақли бўлади.
Жаноза ўқишга ҳақли киши ўз ҳаққини бировга тақдим этиши ҳам мумкин . Жаноза ўқишга ҳақли киши маййитнинг “Жанозамни фалончи ўқисин”, деб васият қилган кишисидан ҳам ҳақлироқдир. Яъни жаноза ўқишга ҳақли киши турганда, унинг васияти бекор бўлади.
Ўлим сабабли никоҳ алоқаси узилгани учун, эр хотинига валий бўлмайди. Аммо хотиннинг валийси бўлмаса, эри жаноза намозини ўқишга ҳақлироқдир, сўнгра қўшниси бошқадан кўра яхшироқдир.
________________________________________
[1] Ибн Обидин, «Роддул-Муҳтор». Дорул-Кутубул-илмийя 1994. –Ж. 3, –Б. 121. Валлоҳу аълам!