Ассалому алайкум! Мани бувим 2015 йил битта қариндошимиздан 1000 доллар пул олган ва у пулга 10 сотих ер сотиб олганмиз. Ўша қариндошимизни ўзи, ўғли ва келини уйга келиб пулни сўрайверганларидан кейин уйдагилар бошқа битта қариндошимиздан 500 доллар қарз олиб ҳамда дадам ишлаган пулларни қўшиб 1000 доллар қилиб бувим орқали онам пулни бериб келишини тайинлаб бериб юборган.Мен бу пайтлар уйда бўлмаганман қарз олганимизни биламан лекин берганимизни кўрмаганман. Мана орадан анча вақт ўтиб бу йил ўша қариндошимиз уйга келин бувинг рахматли (2018 йил июль ойида вафот қилганлар)мандан ўша пайтда 1000 доллар ва 2018 йили 600 доллар пул олган эди ман касалхонада ётган пайтимда 100 долларни қайтариб берган қолган пулни бермадилар сизлар мандан 1500 доллар қарзсизлар ман вафот қилган пайти сўрамадим қариндошим бўлгани учун деди. Бувим онамга хам бувамга хам пулни тўладим қарзимиздан кутилдик деб айтганлар, аммо шу пулни кариндошимизга берган пайтдан бувимни ёнидан хеч ким бўлмаган биз томондан. Бундан ташқари 600 доллар пулни қариндошимиздан бувим қарзга олган пайти хам хеч ким бўлмаган ва айтиши бўйича иккаласининг сири бўлган экан. Ман шу қариндошимизни чақириб хаммасини гаплашдим: кариндошимизга сизда хеч кандай далил ва исбот йукку биз олганимизга деганман диний томондан хам конуний томондан хам қараганда хужжат бўлиши зарур дедим.1000 долларни олганимизни биламан ва майли шу пулни бераман бошкасини билмиман мангга хужжат келтир деганман. Бувам булса пулни бериб юбор деб қўймади. Кейин ман бир шарт қойдим: Қурон китобни ушлаб касам ичинг деб касам ичдирдимда кейин 1500 доллар пулни бердим ва гап сўнгида агарда бувим пулни олиб бермаган бўлса ман шу пулларга розиман дедим. Саволим шуки қасам ичдириб тўгри иш килдимми ва бундай вазиятда кандай йўл тутишим лозим эди?
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَن ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَوْ يُعْطَى النَّاسُ بِدَعْوَاهُمْ لادَّعَى رِجَالٌ أَمْوَالَ قَوْمٍ وَدِمَاءَهُمْ، لَكِنِ الْبَيِّنَةُ عَلَى الْمُدَّعِي وَالْيَمِينُ عَلَى مَنْ أَنْكَرَ". (حديث حسن، رواه البيهقي وغيره هكذا، وبعضه في الصحيحين).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Агар одамларнинг даъволарига асосланиб сўраган нарсалари берилаверса, (айрим) кимсалар қавмнинг молию қонини даъво қилиб чиққан бўлардилар. Бироқ даъво қилувчи далил келтириши, инкор этувчи эса қасам ичиши шарт”. (Байҳақий, Абу Довуд, Насоий, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари. Ҳасан ҳадис. Ҳадиснинг баъзи қисмлари Бухорий ва Муслимда ҳам келтирилган).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Имом Нававий ушбу ҳадисни шариат аҳкомларининг энг улкан асосларидан деб таърифлаганлар.
Шайхулислом Ибн Дақиқ Ийд айтадилар:
“Мазкур ҳадис ҳукмларнинг асосларидан бири ҳамда келишмовчилик ва тортишув пайтида энг улкан низомдир!”
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Ислом шариатининг олийлиги
Ҳаёт учун комил дастур саналмиш Исломда барча нарса ўз ўрнига қўйилган. Соф ақида, холис ибодат, гўзал ахлоқ ва одил шариат... У ҳар бир шахс ҳақ-ҳуқуқини кафолатлаб беради, инсонларнинг қони, моли ва обрўларини бирдек ҳимоя қилади. Шу боис барча масалалар фақат одил шариат ҳукмига мувофиқ ечилади. Золим кимсалар ҳар нарсани ўз фойдаларига ҳал қилмасликлари ва уммат золимлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолмаслиги учун Ислом шариатининг мустаҳкам қоидалари мавжуд. Сўзимизнинг далил-исботи сифатида юқоридаги ҳадиси шарифни келтириб ўтишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогар учун ҳам, инкор қилувчи учун ҳам нималар лозимлигини очиқ баён қилиб бердилар. Бинобарин, ҳукм чиқарувчи қози ҳам айни асосларга биноан ҳақ билан ноҳақ ўртасини ажратади.
2. Далил ва унинг турлари.
Олимлар ҳадисдаги далил калимасини билиттифоқ «гувоҳлик» деб шарҳлаганлар. Чунки далил ҳақни кўрсатиши, даъвогарнинг рост сўзлаётганини исботлаши лозим. Бунга эса фақат гувоҳлар орқали эришилади. Чунки улар кўриб-билиб турадилар.
Даъвонинг тури ва оқибатда берилажак жазоларга қараб далил яъни, гувоҳлик ҳам бир неча хил бўлади. Аллоҳ таоло шариатида гувоҳликнинг тўрт тури собитдир:
а) Зинога гувоҳлик бериш.
Бировнинг зино қилгани тасдиқланиши учун тўртта эр киши гувоҳлик беришлари лозим. Аёллар гувоҳлиги бу масалада қабул қилинмайди.
“Хотинларингиздан қайси бир аёл фоҳишалик қилса, ундай аёлларнинг устида ўзларингиздан бўлган тўрт кишини гувоҳ қилинг”. (Нисо сураси, 15-оят).
“Покиза аёлларни бадном қилиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар”. (Нур сураси, 4-оят).
б) Маълум шаръий жазо чоралари белгилаб қўйилган гуноҳлар ва қотиллик хусусида гувоҳлик бериш. Ўғрилик, ароқхўрлик ва туҳмат қилиш каби гуноҳлар бунга мисол бўла олади. Мазкур ўринларда ҳам эр киши гувоҳлик бериши шарт: “Ўзларингиздан бўлган иккита адолат соҳибини гувоҳ қилинглар!” (Талоқ сураси, 2-оят).
Айрим фақиҳлар - масалан Шофеъий - никоҳ, талоқ каби молиявий бўлмаган ҳуқуқлар гувоҳлигини ҳам ушбу шаҳодат таркибига қўшганлар. Улар ушбу масалаларда ҳам ҳукм собит бўлиши учун икки эр кишининг гувоҳлиги шарт, дейишди.
в) Савдо-сотиқ, қарз, ижара каби молиявий ҳақ-ҳуқуқларни тасдиқлаш учун гувоҳлик бермоқ.
Бунда икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл гувоҳлиги қабул қилинади:
“Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни гувоҳ қилинглар”. (Бақара сураси, 282-оят).
Айрим фақиҳлар - масалан ҳанафийлар - ҳадлар ва қасосдан бошқа ҳақ-ҳуқуқлар гувоҳлигини ҳам ушбу қисм таркибига қўшишган.
г) Ҳомиладорлик, бокиралик каби одатда эркаклар назари тушмайдиган аёллар масалалари хусусида гувоҳлик.
Бу ерда эркаклар иштирокисиз фақат аёллар гувоҳлиги билан кифояланилади. Ҳанафийлар наздида ҳатто битта аёлнинг гувоҳлиги қабул қилинади.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Абу Иҳоб ибн Азизнинг қизига уйландилар. Бир аёл келиб: «Мен Уқбани ҳам, у уйланган қизни ҳам эмизганман!» - деди.
- Сизнинг мени эмизганингизни билмайман! - деди Уқба. - Менга буни айтмагансиз-ку?
Уқба розияллоҳу анҳу Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига отландилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг саволини эшитгач, шундай дедилар:
- Қандай қилиб энди у аёл сенга ҳалол бўлади? Ахир иккалангизнинг эмикдош эканингиз айтилибди-ку!
Уқба розияллоҳу анҳу у хотинни талоқ қилиб, бошқа аёлга уйландилар. (Бухорий ривоятлари).
Уқба розияллоҳу анҳуга фақат битта аёл айтган эди.
Ҳанафийлар фикрига қўшилмаганлар айтадилар:
“Аёллар шаҳодати қабул қилинмоғи учун албатта улар бир нечта бўлмоқлари лозим. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу тақво қилганлари ва ўзларини шубҳали нарсадан пок сақлаганлари боис, аёлларини талоқ қилдилар. Ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: аёлингни қўйиб юбор, деганлари йўқ эди”.
3. Даъвогарнинг ҳужжати — далил-исбот, инкор қилувчининг ҳужжати — қасам.
Қози кимнинг ҳужжати қоим бўлса, ўшанинг фойдасига ҳукм қилишга мажбур. Ислом шариати ҳукмига кўра, даъвогар даъво қилаётган нарсасига эришиш учун далил-исбот келтирмоғи, инкор қилувчи эса ўзини оқлаш учун қасам ичмоғи лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Даъвогар далил-исбот келтирмоғи, даъво қилинмиш (яъни айбланувчи) эса қасам ичмоғи лозим». (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогарга: «Сенинг икки гувоҳинг бўлиши керак ёки у қасам ичади», деганлар. (Муслим ривоятлари).
Чунки даъвогар бировлар учун яширин бўлган нарсани кўтариб чиқади ва шу боис ўз фойдасига кучли ҳужжат келтирмоғи лозим. Далил, яъни гувоҳлик кучли ҳужжат ҳисобланади. Сабаби - у бетараф шахснинг сўзи. Қасам эса очиқ далилга қараганда кучсизроқ асосдир. Чунки қасам - ўзаро талашиб-тортишаётган икки томондан бирининг сўзи. Даъво қилинмиш (яъни айбланувчи) ҳеч қандай махфий нарсани кўтариб чиққани йўқ. У ҳаммага маълум одатий ҳолатида туради ва заифроқ ҳужжат - қасам билан кифояланади.
4. Даъвогарнинг ҳужжати жавобгарнинг ҳужжатидан муқаддам туради.
Ҳукм пайтида даъво шартлари тўла-тўкис топилса, қози тинглайди. Сўнг жавобгар шахсдан сўрайди. Агар у иқрор бўлса - масала ҳал. Чунки маҳкамага тортилган кишининг иқрори ҳукм учун етарли асос ҳисобланади. Бироқ айбланувчи даъвони инкор этса, қози даъвогардан ҳужжат талаб қилади. Даъвогар ўз сўзига ҳужжат келтира олса, қози инкор қилувчининг кучли қасам билан айтган сўзларию қилган инкорига эътибор бермайди: масала даъвогар фойдасига ҳал қилинади. Агар даъвогар ҳужжат келтира олмаса, қози даъво қилинмиш шахсдан қасам ичишини талаб этади. Унинг қасам ичиши билан даъвогар сўзининг кучи йўқолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогардан сўрадилар:
- Сенинг бирон ҳужжатинг борми?
- Йўқ! - деб жавоб берди даъвогар.
- Демак, сенга унинг қасами бўлади! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Муслим ривоятлари)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи даъвогардан далил сўрадилар ва далил йўқ бўлса, қасам инобатга олинишини баён этдилар. Хуллас, даъвогарнинг ҳужжати даъво қилинмиш шахс ҳужжатидан муқаддам туради.
5. Даъвогардан қасам ичиш талаб қилинадими?
Бордию жавобгар шахс қасам ичишдан бош тортса ва: “даъвогарнинг ўзи қасам ичиб даъво қилган нарсасини олаверсин”, деб қозидан талаб қилса, қандай йўл тутилади? Яъни, даъво қилинмиш шахснинг талаби инобатга олинадими?
Айрим фақиҳлар, масалан Шофеийлар даъво жавобгарнинг бу талабига жавоб берилади, дейишади. Чунки у қасам ичиб, ўзини оқлаб олса бўларди. Модомики, даъвогарнинг қасами билан ўзига қарши ҳукм чиқарилишига рози экан, демак у ўзига ўзи ҳукм чиқармоқда.
Яна бир гуруҳ фақиҳлар, масалан ҳанафийлар даъвогарга қасам ичирилмайди, дейишади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъвогарга «Сенинг гувоҳинг ёки унинг қасами. У томондан сенга бошқа нарса йўқ!» деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Демак, даъвогарнинг қасами билан унинг фойдасига ҳукм қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъволашаётган икки тараф қандай ҳужжатлар келтириши лозимлигини аниқ айтиб қўйганлар: “Даъвогар далил-исбот келтиради, даъво қилинмиш шахс эса қасам ичади”. (Термизий ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даъво қилинмиш шахс ҳужжати қасам эканлигини тайин қилиб қўйдилар. Бу қасам ичиш фақат унга тегишли эканини билдиради. Агар даъвогар ҳам қасам ичадиган бўлса, баъзи қасамлардан даъво қилинмиш шахс маҳрум бўлади. Бу эса қасамнинг фақат даъво қилинмиш шахсга тегишли эканига хилофдир.
6. Қасамдан бош тортишга асосланиб ҳукм қилиш.
Жавобгар шахснинг қасам ичишига тўғри келсаю, у қасам ичишдан бош тортиб, ўзини олиб қочса, ҳанафийлар ва ҳанбалийлар сўзига кўра даъвогар талаб қилган ҳақни ундиришга ҳукм қилинади. Бироқ бу сўз ҳамма масалаларга умумий бўлмай, қандай ишларда қасамдан бош тортишга биноан ҳукм қилиниши ва қайси ишларда унга биноан ҳукм чиқарилмаслиги борасида тафсилот бордир. Уларнинг бу борадаги ҳужжатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “инкор этувчи эса қасам ичиши шарт”, деган сўзларидир. Бу ҳадис қасамнинг жавобгар шахс устидаги вожиб эканлигини англатади. Эс-ҳушли диндор одам ўз зиммасидаги вожибни адо этишдан бўйин товламайди. Унинг қасамдан бўйин товлаши ўз устида даъво қилинаётган ҳақни тан олгани ёки ҳақ ўзиники бўлса ҳам уни даъво қилувчи кишига беришга рози бўлганини кўрсатади. Банда ўз ҳақини ихтиёрий равишда бировга беришга ҳақли ҳисобланади. Шу боисдан унга қарши шундай ҳукм қилиш мумкин бўлади.
Моликий ва шофеийлар эса бу масалада бошқача фикр билдиришади. Улар жавобгар шахснинг қасамдан бош тортганига биноан ҳукм чиқарилмайди, балки бунда даъвогардан қасам ичиш талаб этилади, агар у қасам ичса, талаби қондирилади, йўқса қондирилмайди, дейишди. Уларнинг ҳужжати қуйидагича: Аслида жавобгар шахснинг зиммасида ҳеч нарса йўқ деб эътибор қилинади. То далил келмагунча унинг зиммасига бировнинг ҳақи тушиб қолмайди. Қасамдан бош тортиш эса бу борада далил бўлишга ярамайди. Негаки бу ишнинг ёлғон қасамдан қочиш эканлиги эҳтимоли бўлганидек, тақво юзасидан рост қасамдан чўчиш эканлиги эҳтимоли ҳам бордир. Эҳтимоллик мавжуд бўлган кезда ҳукмга йўл қўйилмайди.
7. Жавобгар шахс қачон қасам ичиши керак?
Уч имом – Абу Ҳанифа, Шофеий ва Аҳмад айтадилар:
“Ҳар қандай жавобгар шахс қасам ичиладиган ҳолатга рўбарў келса, қасам ичиши керак бўлади. Бу борада даъво қилинмиш кишилар ким бўлишининг фарқи йўқдир”. Уч имом ўз сўзларига даъво қилинувчи шахсга қасам ичирилиши ҳақидаги ҳадисларнинг умумий маъносини ҳужжат қилганлар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса бундай дейдилар: “Даъво қилинмиш шахсдан қасам талаб этилиши учун у билан даъвогар ўртасида қарз ёки бошқа олди-берди муомаласи бўлгани собит бўлиши ёхуд даъво қилинмиш шахс даъво қилинганидек бошқа бировлар ҳақини ўзлаштириб олганини кутса бўладиган кишилардан бўлиши лозим”. Имом Моликнинг бу борадаги ҳужжатлари фойда-зиённи эътиборга олишдир. Токи одамлар бир-бирларига озор бериш учун хоҳлаган кишиларини ноўрин равишда қозига судрайвермасинлар. Чунки буни ҳисобга олмаслик пасткаш кимсаларнинг фазилатли ва шарафли кишиларга хиралик қилишлари ҳамда уларни маҳкамага чақиртириб, қасам ичириш билан ҳурматларини тўкишга йўл очиб қўяди.
8. Нима билан қасам ичиш керак?
Тортишувчилардан бири қасам ичишига тўғри келса, қози Аллоҳ таоло номига қасам ичиради. Қасам ичувчи киши мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъиназар бошқа нарса билан қасам ичиши жоиз эмас.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ сизларни оталарингиз номига қасам ичишдан қайтаради. Ким қасам ичса, Аллоҳ номига қасам ичсин ёки жим турсин”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Қози Аллоҳнинг сифатларини зикр қилиш билан қасамни кучайтириши мумкин. Масалан, у қасам ичувчига қараб: “Ундан ўзга илоҳ бўлмаган, яширин ва ошкор нарсаларни билувчи бўлган, Раҳмли ва Меҳрибон зотга қасам ичаман”, деб айт, дейди. Бундан мақсад қасам ичувчининг наздида қасамни улкан қилиб кўрсатиш ва агар алдаётган бўлса, уни қасам ичишдан тўхтатиб қолишдир. Қози қуйидаги услубларни қўллаши мумкин: Агар қасам ичувчи мусулмон бўлса, Қуръонни ушлаш-қўлга олиш шартлари ва одобларига риоя қилган ҳолда Қуръон ҳозир қилинади. Агар қасам ичувчи яҳудий бўлса, “Мусога Тавротни нозил қилган Аллоҳ таоло номига”, агар насроний бўлса, “Исога Инжилни нозил қилган Аллоҳ таоло номига” қасам ичирилади. Агар бутпараст бўлса, “Мени яратган ва гавдалантирган Худо номига қасам ичаман”, деб айттирилади ва ҳоказо.
9. Қасам ичиш одоблари.
Бировнинг маҳкамада қасам ичишига тўғри келса, қози ёки шу каби бир кишининг унга ваъз-насиҳат қилиши, ёлғон қасам ичишдан огоҳлантириб, бу тўғрида келган оят ва ҳадисларни эслатиши мустаҳабдир. Бу тўғрида қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин.
Икки аёл бир уй ёки хонада мунчоқ ўтказар эдилар. Улардан бири бигизни кафтида яшириб чиқиб кетди ва уни иккинчи аёлдан даъво қилди. Бу масала Ибн Аббосга кўтарилганда: “Унга Аллоҳни эслатинглар ва: “Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир” оятини унга ўқинглар”, - дедилар. Аёлга панд-насиҳат қилишган эди, у бигизни ўзи олганини тан олди. (Бухорий Муслим ривоятлари).
Қасам ичиши талаб этилган киши агар ўзининг ноҳақлигини билса, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқмаслиги ва Унинг раҳматидан маҳрум бўлмаслиги учун ўз зиммасидаги ҳақни тан олиб, қасам ичишдан сақланиши вожибдир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки бир мусулмон кишининг молини ўзлаштириб олаётган пайтида тўхтатилиб, қасам ичиши талаб қилинсаю, ёлғон қасам ичса, у банда Аллоҳга йўлиққанда, Аллоҳ ундан ғазабланган ҳолда бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Инсон агар ўзининг ҳақлигини аниқ билса, қасам ичгани яхшироқдир. Айрим ҳолларда эса, айтилганидек, бу вожиб ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ таоло мусулмоннинг ҳақи зое бўлиб кетмаслиги учун бундай ҳолларда қасам ичишни жорий этган. Агар шундай қилинмаса, ярамас кимсалар одамлар молларини ноҳақ йўл билан ейиш учун даъвогарликни дастак қилиб оладилар. Улар даъво қилинган кишилар тақво юзасидан қасам ичмасликларини билиб туриб ноҳақ даъволарни кўтариб чиқадилар ва ботилни ундиришга уринадилар.
10. Бир гувоҳ ва қасамга биноан ҳукм чиқармоқ.
Агар даъвогарнинг ҳужжати тўкис бўлмаса, яъни даъвоси учун иккита гувоҳ талаб этиладиган чоғда битта гувоҳ келтирса, иккинчи гувоҳ ўрнига қасам ичирилиб, унинг фойдасига ҳукм қилинадими?
Ҳанафийлар айтадилар: “Ҳукмларнинг ҳеч бирида битта гувоҳ ва қасамга асосланиб ҳукм қилинмайди. Ҳар бир кўтарилган даъвонинг ҳужжати тўла-тўкис бўлиши шарт. Агар даъвогарнинг ҳужжати чала бўлса, жавобгар қасам ичади, даъвогарга эса ҳеч қачон қасам ичирилмайди”. Уларнинг бу борадаги ҳужжатлари Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сенинг икки гувоҳинг бўлиши керак ёки у қасам ичади. Сен учун бундан бошқа йўл йўқ”, деган сўзларидир. Шунингдек, улар “Қасам ичиш даъво қилинувчининг зиммасидадир” деган ҳадиснинг умумий маъносини ҳам далил қилишади.
Моликий, шофеий ва ҳанбалийлар бундай дейишди: “Молиявий ҳақларда ва пул-мол мақсад қилинган тортишувларда ягона гувоҳ ва қасам билан ҳукм қилинаверади”. Бунга далил Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам битта гувоҳ ва қасам билан ҳукм қилдилар”. (Муслим ривоятлари).
11. Ҳужжат келтирган бўлишига қарамай даъвогар ва гувоҳларга қасам ичирмоқ.
Маълум бўлганидек, даъвогар ҳужжат келтирса, қози унинг даъвосига қараб ҳукм чиқаради. Имом Аҳмаддан ривоят қилинишича, агарда қози даъво қилувчи ва гувоҳларнинг ростгўйлигига шак-шубҳа қилса, гувоҳлар рост гувоҳлик берганлари тўғрисида даъвогарга қасам ичириши мумкин. Ибн Ражаб Ҳанбалий “Жомеул-улум вал-ҳикам” номли китобларида Имом Аҳмаддан шу масала ҳақида сўрашганини келтирганлар. Имом Аҳмад бу саволга: “Али розияллоҳу анҳу шундай қилганлар!” деб жавоб берадилар. Савол берувчи: “Бу тўғрими?” деб сўрайди. Имом Аҳмад унга яна: “Али шундай қилганлар!” деб жавоб берадилар. Яъни, Али розияллоҳу анҳу шундай қилган бўлсалар бу қандай қилиб тўғри бўлмасин?! Демак, Аҳмад раҳимаҳуллоҳ бу ишни жоиз деб билганлар.
Шунингдек, қози гувоҳларнинг гувоҳлигини кучайтириш ва шубҳани йироқ қилиш учун улардан ҳам қасам талаб қилиши мумкин.
12. Қозининг ўзида бор маълумотга қараб ҳукм қилиши.
Агарда қози ўзига олиб чиқилган даъвонинг ҳақиқатини билса, ўзида бор маълумотга биноан ҳукм чиқариши жоиз бўлмайди. Балки ўз олдида ҳозир бўлган даъвогар ёки жавобгарнинг зоҳирий ҳужжатларига асосан ҳукм чиқаради. Гарчи бу ҳужжатлар унинг билган маълумотларига тескари бўлса ҳам бошқача йўл тута олмайди. Бунга асос Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисдир:
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мен бор-йўғи бир инсонман. Сизлар менга хусуматлашиб келасизлар. Айримларингиз ҳужжат келтиришда бошқа бировингиздан бийронроқ бўлиши мумкин. Мен эшитганимга биноан унинг фойдасига ҳукм қилиб бераман”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз билганларига асосан эмас, эшитганларига кўра ҳукм қилишларини эълон қилдилар. Бунинг ҳикмати шуки, шу йўл билан зулм ва бузғунчилик йўли тўсилади. Ана шунда ёмон қозилар жавр-зулм қилиш ва одамларни шубҳа остига олишлари учун воқеанинг ҳақиқатини билишларини баҳона қила олмайдилар. Қолаверса, шу йўл билан чиқарилган ҳукм ҳақида айблов ва гумонлар қўзғатилишининг олди олинади. Айниқса, қозининг ҳукми даъволашувчилар кўнглига мос тушмаса, улар таниш-билишлик қилиш, бир томонга ён босиш, пора олиш ва шунга ўхшаш айбларни қозига тўнкашлари мумкин эди.
Фиқҳдаги кучлироқ сўз мана шудир. Мазҳабларда бу масаланинг турли тафсилотлари бор бўлиб, унинг баён қилинган ўринларига мурожаат қилишингиз мумкин.
13. Қозининг ҳукми ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилиб бермайди.
Қозининг олдида бир нарсани собит этиш ёки инкор этишга восита бўладиган гувоҳлик ёки қасам каби зоҳирий ҳужжатлар тўла-тўкис топилса, шуларга биноан ҳукм чиқаради. Чунки у юзага чиққан далилларга қараб ҳукм қилишга буюрилган. Ана шунда кимнинг зиёнига ҳукм қилинган бўлса, у ҳукмни ижро этишга мажбурдир. Бироқ айни ҳукм воқеликда ноҳақ бўлиши ҳам мумкин. Даъвогар иккита ёлғончи гувоҳларни келтириши ва жавобгар шахснинг ёлғон қасам ичиши каби ҳолатлар содир бўлиб туради. Бундай ҳолатда фойдасига ҳукм қилинган шахс ўз фойдасига ҳукм қилинган ҳақни олишга мустаҳиқ эмаслигини била туриб уни олиши ҳалол бўлмайди. Шунингдек, бир киши аниқ тиниқ ўзиники эканлигини билган ҳақидан маҳрум этилса, содир этилган ажрим ўша нарсани унга ҳаром қилиб қўймайди. Бунинг асоси Умму Салама разияллоҳу анҳонинг юқорида ўтган ҳадисларидир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимга биродарининг бирорта ҳақини ҳукм қилиб берсам, уни олмасин, чунки унга дўзахдан бир бўлак олиб берган бўламан”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фойдасига ажрим қилинган кишини ўзи учун ҳақли эмаслигини билиб турган нарсани олишдан қайтариб, бу дўзахнинг бир бўлаги эканлигини уқтирдилар. Демак, унинг фойдасига чиққан ажрим ҳақиқатда ўша нарсани унга ҳалол қилиб қўйгани йўқ. Шу қаторда айни ажрим ўша нарсани иккинчи томонга ҳаром қилиб қўйгани ҳам йўқ.
Барча эътиборли мазҳаблардаги фатво мана шундайдир.
14. Адолатли қозининг ажри.
Қози даъвонинг турли жиҳатлари билан танишиб чиқиш учун бор қобилиятини сарфлаши ва ижтиҳоди асосида тўғри ва ҳақ деб чиқарган хулосаси асосида ҳукм қилиши вожибдир. Бунга далил Умму Саламанинг ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларидир:
“...Мен уни рост айтди, деб ҳисоблайман-да, унинг фойдасига ҳукм чиқараман”. (Бухорий ривоятлари).
Қози мана шундай йўл тутса, ҳукми адолатли бўлади ва чиқарган ҳукми воқеликда тўғри ёки нотўғри бўлишига қарамай, қилган ишига савоб олади. Чунки у ўз бурчи бўлган ҳар томонлама ҳақиқатни ўрганиш вазифасини бажариб, ўзига имкони берилган зоҳирий далилларга кўра ҳукм чиқарди.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳоким ҳукм қилиб, ижтиҳод қилсаю, тўғри топса, унга иккита ажр бор. Агар ҳукм қилиб, ижтиҳод қилсаю, янглишса, унга битта ажр бор”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
15. Битта қози жаннатда, иккита қози дўзахдадир.
Қозилик мансабини эгаллашнинг қуйидаги шартлари бор: Аллоҳнинг шариатидаги ҳалол ва ҳаромни билиш, исломий қонунчилик асосларига мурожаат қилиб, юзага келган ҳодисаларнинг шаръий ҳукмларини чиқариб олишга қодир бўлиш. Сўнгра у ижтиҳод қилиш, тўғри ечим топишга уриниш ва ўзи ҳақ деб топган ҳукм бўйича ажрим чиқаришга бурчлидир. Агар у мулоҳаза қилиб ўтирмай ва боқибеғамлик билан ёки Аллоҳнинг шариатини билмаган ҳолида ҳукм қилгудек бўлса, гарчи чиқарган ажрими ҳақиқатга мувофиқ келиб қолса ҳам у гуноҳкордир. Чунки унинг ҳукми тўғри чиқиб қолиши чин мақсад билан юзага келмади. Унинг ҳукми бир гал ҳақиқатга тўғри келиб қолган бўлса, ҳали бошқа гал нотўғри чиқадиган бўлади. Ҳақни била туриб арзимас дунё матоси, нафс-ҳаво ундови туфайли ёки бировдан қасд олиш ва зулм ўтказиш мақсадида ноҳақ ҳукм чиқарган қозига вой бўлсин, вой бўлсин!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қозилар уч хилдир. Уларнинг биттаси жаннатда, иккитаси дўзахда бўлур. Жаннатий қози ҳақни билган ва унга кўра ҳукм қилган кишидир. Ҳақни билиб, адолатсиз ҳукм қилган киши дўзахдадир, жоҳил бўла туриб одамларга қозилик қилган киши ҳам дўзахдадир”. (Абу Довуд ва бошқалар ривояти). Имом Нававийнинг “Арбаъийн” китобларидан. Валлоҳу аълам!