Ассалому алайкум! Оиша онамиздан ривоят килинган хадисда: Набийимиз саллалохи алайхи вассаллам деганлар: Агар ким намозда бурнидан қон кетса, қайт қилса хеч кимга гапирмасдан тахоратини янгилаб келган жойидан давом этсин дейилган экан. Агар намозда ел чиқса шу ишни қилган тўғри бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Намозхоннинг ихтиёрисиз таҳорати кетса, дарҳол таҳорат қилиб намозини охирига етказади.
Мисол учун бурни қонаб кетди. Намозхоннинг ихтиёрисиз намоз ичида таҳорати кетиб қолиши самовий бетаҳоратлик дейилади. Ана ўшанда у дарҳол бориб таҳорат қилади ва намозини келган жойидан давом этдиради.
Имом Ибн Можа Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда:
«Ким намозда қайт қилса ёки бурни қонаса, бурилиб чиқсин, таҳорат қилсин ва гапирмаган бўлса, намозини келган жойидан ўқиб кетсин», дейилган.
Агар ташаҳҳуддан кейин бўлса ҳам.
Абу Ҳанифанинг наздида ташаҳҳуддан кейин самовий бетаҳоратлик етса ҳам таҳорат қилиб келиб салом бериш лозим бўлади. Чунки у кишининг наздида намоздан намозхон ўз амали билан чиқиши фарздир. Шунингдек, салом лафзини айтмоқ вожибдир.
Имом Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг наздида қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорида ўтиргандан кейин таҳорати кетиб қолса, намоз ўз ўзидан тамом бўлади.
Янгидан бошлаш афзалдир.
Чунки бундоқ қилиш хилофнинг олдини олади. (“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!