Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хадис

16:01 / 02.08.2022 | Robiya | 630

Ассалому алайкум! Мен Пайгамбаримиз соллАллоҳу алайхи васалламнинг " Албатта, Аллоҳ, Маккани осмонлару ерни яраттан кунда ҳаром қилди. У то қиёмат соати қоим бўлгунча ҳаромдир. Мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган. Мендан кейин ҳам ҳеч кимга ҳалол бўлмайди. Фақат мен учун наҳордан бир соат ҳалол қилинган, холос" деган хадисларини ўқидим. Илтимос, бу хадисни шархлаб берсангиз.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! “Ҳадис ва Ҳаёт” китобида қуйдагича келади: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ خُزَاعَةَ قَتَلُوا رَجُلًا مِنْ بَنِي لَيْثٍ عَامَ فَتْحِ مَكَّةَ بِقَتِيلٍ مِنْهُمْ قَتَلُوهُ، فَأُخْبِرَ بِذَلِكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَرَكِبَ رَاحِلَتَهُ فَخَطَبَ، فَقَالَ: إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ حَبَسَ عَنْ مَكَّةَ الْفِيلَ، وَسَلَّطَ عَلَيْهَا رَسُولَهُ وَالْمُؤْمِنِينَ، أَلَا وَإِنَّهَا لَمْ تَحِلَّ لِأَحَدٍ قَبْلِي وَلَنْ تَحِلَّ لِأَحَدٍ بَعْدِي، أَلَا وَإِنَّهَا أُحِلَّتْ لِي سَاعَةً مِنَ النَّهَارِ، أَلَا وَإِنَّهَا سَاعَتِي هَذِهِ حَرَامٌ، لَا يُخْبَطُ شَوْكُهَا، وَلَا يُعْضَدُ شَجَرُهَا. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: وَلَا يُنَفَّرُ صَيْدُهَا، وَلَا يَلْتَقِطُ سَاقِطَتَهَا إِلَّا مُنْشِدٌ، وَمَنْ قُتِلَ لَهُ قَتِيلٌ فَهُوَ بِخَيْرِ النَّظَرَيْنِ: إِمَّا أَنْ يُعْطَى، وَإِمَّا أَنْ يُقَادَ. فَقَامَ رَجُلٌ مِنْ أَهْلِ الْيَمَنِ يُقَالُ لَهُ أَبُو شَاهْ، فَقَالَ: اكْتُبْ لِي يَا رَسُولَ اللهِ، فَقَالَ: اكْتُبُوا لِأَبِي شَاهْ، فَقَالَ رَجُلٌ مِنْ قُرَيْشٍ: إِلَّا الْإِذْخِرَ، فَإِنَّا نَجْعَلُهُ فِي بُيُوتِنَا وَقُبُورِنَا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِلَّا الْإِذْخِرَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Хузоъаликлар Макка фатҳи йили Бани Лайсдан бир кишини улар қатл этган бир одамнинг ўчини олиш учун қатл қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хабар берилди. Бас, у зот уловларига миндилар ва хутба қилиб:
«Албатта, Аллоҳ Маккадан филни тутиб қолди ва унга Ўз Расулини ва мўминларни султонли қилди. Огоҳ бўлинглар! Албатта, у мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган ва мендан кейин ҳам зинҳор ҳеч кимга ҳалол бўлмагай. Огоҳ бўлинглар! У мен учун куннинг бир соатига ҳалол қилинди, холос. Огоҳ бўлинглар! Албатта, у бу соатимда ҳаромдир. Унинг тикани юлинмас ва дарахти кесилмас», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Ови ҳуркитилмас, тушиб қолган нарсасини, (эгасини) изловчидан бошқа ололмас. Кимнинг қатл қилинган ўлиги бўлса, унинг икки нарсадан хоҳлаганини қилишга ҳаққи бор. Ёки унга (дия) берилади ёки қасос олинади», дедилар.
Шунда Яман аҳлидан бўлган Абу Шоҳ исмли бир киши туриб:
«Менга ёзиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Абу Шоҳга ёзиб беринглар», дедилар.
Кейин Қурайшдан бир киши:
«Изхир бундан мустасно. Биз уни уйларимиз ва қабрларга қўямиз», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Изхир бундан мустасно», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ривоятда зикри келаётган ҳодисалар Макка фатҳига оиддир. Ҳудайбия сулҳида хоҳлаган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шартномасига, хоҳлаган киши Қурайшнинг шартномасига қўшилишига келишилган эди. Ана ўша бандга биноан, Бани Лайс Қурайш шартномасига, Хузоъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шартномасига қўшилган эдилар.
Бани Лайс билан Хузоъанинг ўртасида қадимдан адоват бўлиб, Ислом келганидан кейин бу адоват тўхтаган эди. Ҳудайбия сулҳи тузилгандан кейин бу икки қабила яна бир-бирига қарши бўлиб, душманликлари янгиланди.
Бани Лайс қабиласи пайтдан фойдаланиб, Хузоъадаги эски ўчини олмоқчи бўлди. Хузоъаликлар ўз сувхоналарида машғул бўлиб турганларида улар тўсатдан ҳужум қилиб, бир неча кишини ўлдирдилар. Тўс-тўполон бўлиб, орада уруш чиқди. Қурайш қабиласи ўзи билан шартнома имзолаган Бани Лайс қабиласига қурол етказиб берди, ҳатто қурайшнинг кўзга кўринган одамлари кечаси билдирмай бориб, урушда иштирок этишди. Хузоъаликлар ҳарамга қараб қочишди. Ҳарамга етиб келишгач, Бани Лайсликларнинг баъзилари:
«Энди ҳарамга кирдик. Худодан қўрқинглар! Худодан қўрқинглар!» дейишди. Бошқалари эса:
«Бугун Худо йўқ! Эй Бани Лайс, ўчингизни олиб қолинг! Бундан кейин қулай фурсат келмайди!» деди.
Бу ҳодисадан кейин Хузоъа қабиласидан Амр ибн Солим қирқ отлиқ билан Мадинаи мунавварага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зотдан ўзлари билан Хузоъа ўртасида шериклик шартномаси борлигини эслатиб, ёрдам сўради. У Қурайш у зот билан тузган сулҳни бузганлигини, сувхонага келиб, рукуъ ва саждада турган кишиларни қатл қилганларини айтди. Шунда у зот:
«Сенга нусрат берилур, эй Амр ибн Солим!» дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Солимга ёрдам бериш ҳақида гапирган бўлсалар ҳам ҳақиқатни текшириб кўрдилар. У зот Қурайшга одам юбориб, хабарни айтдилар ва уларни уч нарсадан бирини танлашга чақирдилар. Шартга кўра, улар ё хузоъалик ўлдирилган кишиларнинг хунини тўлайди, ё Хузоъага қарши ҳужум уюштирган аҳдбузарларни ўз шериклигидан чиқаради, ёки аҳдни бузиб, уруш қилинади.
Қурайш урушни ихтиёр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга тайёргарлик кўриш ҳақида буйруқ бериб, бу ишни сир тутиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.
Саккизинчи ҳижрий сананинг Рамазон ойида ўн минг лашкар билан Мадинадан Маккага йўл олдилар.
Лашкар «Марриз Заҳрон» деган жойга қўнди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қурайшни кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйган эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ривоятда зикри келаётган хутбани ана шу ҳаракатлар жараёнида қилганлар.
У зот: «Албатта, Аллоҳ Маккадан филни тутиб қолди» деганларида қуйидаги ҳодисаларни кўзда тутганлар:
У зотнинг туғилган йиллари Яман ҳокими Абраҳа Каъбани бузиб ташлаб, ҳаммани черковга буришни қасд қилди. Шу мақсадда катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди, арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филлар билан Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай, Тоифдан Маккага яқинлашиб, Миғлас деган жойга қўнди. Абраҳа аскару филларини тўплаб, Каъбани бузишга юрмоқчи бўлганида филлар ётиб олиб, ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса, фил тезлаб юрди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди.
«ва унга Ўз Расулини ва мўминларни султонли қилди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромларга Мадинадан Маккага юриш қилиб, бу муқаддас шаҳарни фатҳ қилиш имконини берди.
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, у мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган ва мендан кейин ҳам зинҳор ҳеч кимга ҳалол бўлмагай».
Маккада қурол кўтариб юриш, душманларни ўлдириш у зотдан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган.
«Огоҳ бўлинглар! У мен учун куннинг бир соатига ҳалол қилинди, холос».
Ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар ҳаром қилинган Маккаи мукаррама шаҳри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бир кунга, ўша куннинг ҳам бир соатига ҳалол қилинди. Бу кун ҳижратнинг саккизинчи йили, Рамазон ойининг йигирманчиси эди.
«Огоҳ бўлинглар! Албатта, у бу соатимда ҳаромдир. Унинг тикани юлинмас ва дарахти кесилмас», дедилар».
Ҳарамда нафақат уруш, балки бошқа бир қанча ишларни қилиш ҳам ҳаром. Жумладан, у ернинг тиканини юлиш ва дарахтининг бирорта шохини бўлса ҳам кесиш ҳаром.
«Ови ҳуркитилмас, тушиб қолган нарсасини, (эгасини) изловчидан бошқа ололмас».
Ҳарами Шариф ҳудудида яшайдиган ов ҳайвонларини нафақат ўлдириш, балки ҳуркитиш ҳам, паррандаларининг тухумини олиш ҳам мумкин эмас. Шунингдек, у ҳудудда тушиб қолган нарсаларни фақат ўша нарсанинг йўқолганини эълон қилиш ва эгасини ахтариш маъносидагина олишга рухсат берилади.
«Кимнинг қатл қилинган ўлиги бўлса, унинг икки нарсадан хоҳлаганини қилишга ҳаққи бор. Ёки унга (дия) берилади ёки қасос олинади».
Бу ҳукм барча жойларда баробар амал қилинадиган ҳукмдир.
«Шунда Яман аҳлидан бўлган Абу Шоҳ исмли бир киши туриб:
«Менга ёзиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Абу Шоҳга ёзиб беринглар», дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррамани фатҳ қилган кунлари одамларга гапириб бўлганларидан сўнг яманлик Абу Шоҳ исмли киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга ёзиб беринг», деган.
У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган гапларнинг ҳужжат сифатида сақланиб туришини хоҳлаган ва у зотдан ёзиб беришларини сўраган. Абу Шоҳнинг фикрини тасдиқлаб, саҳобаларга ёзиб беришни амр қилганлар. Демак, илмни сақлаш учун ёзиб, қайд қилиб қўйиш яхши экан. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаган ва амр қилган нарсалар сирасига киради.
Ушбу ҳадисга амал қилиб, мусулмонлар илмни илмий баҳс ва китоб шаклида ёзиб боришган ҳамда бу ишга қатъий амал қилишган. Бир замонлар дунёнинг ҳеч бир жойида ўқиш-ёзиш бўлмаганда мусулмон юртларда ҳамма ёзишни билган.
«Кейин Қурайшдан бир киши:
«Изхир бундан мустасно. Биз уни уйларимиз ва қабрларга қўямиз», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Изхир бундан мустасно», дедилар».
 «Бир киши» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу бўлганлар. Шундай қилиб, ҳарами Шариф ҳудудидаги изхир дарахтини кесишга истисно тариқасида изн берилган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat