Ассалому алайкум! Бир бинони ижарага олиш учун 10 кун аввал заклад берган эдим. У бинонинг 4 дан 1 қисмида бир дўкон ижара асосида фаолият юритиб борар эди. Бино эгаси билан келишувимиздан кейин ўша дўконга бино эгаси бинони тарк этиши кераклигини айтди. Лекин мен бу орада ўз фикримдан, яъни бинони ижарага олиш фикридан қайтдим. Ўша ишлаб турган дўкон хали бутунлай бинони бўшатгани йўқ. Саволим шуки, мен ўз закладимни қайтариб олишим мумкинми?
– Ва алайкум ассалом! Сиз ҳали бино эгаси билан ижара битмини оғзаки ёки ёзма равишда тузмаган бўлсангиз берган пулингизни тўлиқ қайтариб олишга ҳақлисиз. Агар тузиб бўлган бўлсангиз ижара битмини бузиш мумкин эмас. Уни бузиш учун икки тарафнинг розилиги ёки бир тарафнинг ижарани бузиш учун шаръий узри бўлиши лозим. Ижарага олувчидаги шаръий узр деганда ижарага олинувчи мулкдан фойдаланиш туфайли ижарачининг жони ёки молига шартномада кўзда тутилмаган зарар етиши тушунилади. Шунга кўра, ижарага олувчи тарафнинг банкротга учраши, касбини ўзгартириши, сафарга чиқиши кабилар узр бўла олади. Бундай ҳолатларда ижара битими бузилиб, ўша кундан кейинги давр учун қилинган тўлов қайтариб берилиши лозим бўлади.
Агар сизнинг масалангизда бундай шаръий узр топилмаса тузилган ижара битимини бузишга ҳақли эмассиз. Валлоҳу аълам!