Ассалому алайкум! Менинг дугонам мен нотуғри иш қилсам тавба қилмайман чунки тавба дегани қайтиш дегани агар мен тавба қилиб яна ўша ишларни қилсам гунохкор бўламан деди мен аввал шу ишларимни қайта қилмайдиган бўлганимда кейин тавба қиламан деб айтди мен излаш хизматидан фойдаландим лекин қайси жавобни кўрсатишга илмим етмаябди шу дугонамга тўғри йўл кўрсатинг.
– Ва алайкум ассалом! Гуноҳга қўл урганда дарҳол тавбага шошилиш фарздир. Уни ортга суриш жоиз эмас. Қанчалар ортга сурса шунчалик гуноҳкор бўлиб бораверади. Қилган гуноҳи учун тавба қилган инсон, ушбу тавбани ортга сургани учун ҳам тавба қилиши зарурдир. Камдан-кам инсонларгина буни фаҳмлайдилар холос.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиладир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир», деган.
Уламоларимиз жаҳолатнинг бу ердаги маъносини, ҳидоят йўлидан адашиш, деб таърифлаганлар. Шунга биноан, йўлдан адашиб, гуноҳ ишларни қилиб юрганлар, биз қиладиганимизни қилиб бўлдик, энди кеч бўлди, тавба қилиб қаерга борар эдик, деган фикрга бормасликлари керак. Улар хатоларини қанчалик тез тушинсалар, қанчалик тезроқ тавба қилсалар, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Агар улар дарров тавба қилсалар, уларнинг тавбасини қабул этишни Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган.
«Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир».
Бу эса, инсонга Аллоҳ таоло томонидан ўзини ўнглаб олиши учун, тўғри йўлга тушиб, янги ҳаёт бошлаши учун берилган катта имкониятдир. Бу қулай фурсатдан фойдаланмаганлар ўзларига ёмонлик қиладилар. Чунки:
«Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз».
Кофир ҳолида ўлганларнинг иши ўз-ўзидан маълум: улар тўппа-тўғри дўзахга равона бўладилар. Уларнинг тавбалари ботил ва ҳеч қачон қабул бўлмайди. Аммо мўмин бўлиб туриб, мўминликка тўғри келмайдиган иш қилганлар-чи? Уларга иймонлари ҳурматидан ўзини ўнглаб олиш имкони берилган эди. Тавба эшиги очилган эди. Улар гуноҳлардан тавба қилишлари, яъни, қайтишлари лозим эди.
Арабчада «тавба» сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Гуноҳдан қайтиб, савобга юриш керак эди. Аммо вақтида бу ишни қилмади. Энди ўлим кўзига кўриниб қолганда, тавба қилдим, деганидан нима фойда? (“Тафсири ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!