Ассалому алайкум! Мен интитнетда бир ҳадис эшитганман, бу ростми ёки ёлғон шуни билмоқчиман. "Уйда аёли эҳтиёжманд бўла туриб, кўчадаги бошқа бир аёлга мурувват кўрсатган эркак гуноҳкор" дейилган ўша ҳадисда. Бизнинг айни дамдаги оилавий шароитимиз оғирроқ, бундан шу кунгача нолиган эмасман, тилла тақинчоғимни сотиб бўлсада турмуш ўртоғимга енгиллик қилишга урундим. Мен ҳомиладорман, баъзан уйда егулик қолмайди, охирги 3кун ичида бозор боришга йўл кирам ва ҳатто сув олиб ичишга 1000 сум пулим бўлмади, аммо шу вақт ичида эрим, боласи касал бир аёлга тансиқ таомлар олиб берганларини билиб қолдим. Шунда менинг эрим савоб қилганларми ёки гуноҳга қолганмилар?
– Ва алайкум ассалом! Сиз айтган ҳадис борлигини билмаймиз. Ўша боласи касал аёлга инфоқ қилишида нияти холис бўлган бўлса савоб олган. Сизнинг нафақангизни адо қилмаган бўлса шу учун гуноҳкор бўлган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي رَقَبَةٍ، وَدِينَارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ، أَعْظَمُهَا أَجْرًا الَّذِي أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилган диноринг, қул озод қилиш учун инфоқ қилган диноринг, мискинга садақа қилган диноринг ва аҳлингга нафақа қилиб берган диноринг ичида энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир». Муслим, Термизий, Аҳмад ривоят қилганлар.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يَحْبِسَ عَمَّنْ يَمْلِكُ قُوتَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَلَفْظُهُ: كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُضَيِّعَ مَنْ يَقُوتُ
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи молик бўлган одамларнинг қутини тутиб туриши етарлидир», дедилар». Муслим, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида:
«Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи қутини берадиган кишини зое қилмоғи етарли», дейилган.
Шарҳ: Мусулмон одам ўз қарамоғидаги кишиларнинг турмуши учун зарур бўлган «қути ла ямути»ни вақтида етказиб бериши лозим. Агар шу ишни вақтида қилмаса, мазкур камчилик етарли гуноҳ ҳисобланиб, у бу дунё ва охират азобини тортаверади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон гуноҳкор бўлмай, деса, ўз қарамоғидаги кишиларни вақтида таъминлаб турмоғи лозим. («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!