Ассалому алайкум! Яқинда бир ҳадисга кўзим тушди. Уни фақат маъносини эслай оламан, ҳолос. Маъноси: бир киши "Аллоҳим, ўзингдан ўзгага мухтож килма" деб дуо қилаётганларини эшитган Али розияллоху анху "одамнинг одамга мухтожлиги, эҳтиёжи бор, шунинг учун мени бошқага оғирлигим тушмасин деб дуо қилинш" деган эканлар. Валлоҳу аълам. 1. Шу ҳадисни тўлиқ шаклини ёзсангиз, илтимос. Бу ҳадис саҳиҳми Жавоблар учун олдиндан раҳмат.
– Ва алайкум ассалом! 1). Али розияллоҳу анҳу ушбу дуони қилишликдан қайтарганлари борасида ривоят топилмади. Шу маънода бошқа тўқима ривоят бор, ўшани ўқиган бўлишингиз мумкин.
2). Аллоҳ таолодан бошқалардан беҳожат қилишини сўраб дуо қилиш жоиз ва матлубдир.
عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ مُكَاتَبًا جَاءَهُ فَقَالَ: إِنِّي قَدْ عَجَزْتُ عَنْ كِتَابَتِي فَأَعِنِّي، قَالَ: أَلَا أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ عَلَّمَنِيهِنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ لَوْ كَانَ عَلَيْكَ مِثْلُ جَبَلِ ثَبِيرٍ دَيْنًا أَدَّاهُ اللهُ عَنْكَ، قُلِ اللَّهُمَّ اكْفِنِي بِحَلَالِكَ عَنْ حَرَامِكَ وَأَغْنِنِي بِفَضْلِكَ عَمَّنْ سِوَاكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
«Бир мукотаб Али розияллоҳу анҳунинг олдига келиб:
«Мен келишилган маблағни топиб беришдан ожиз бўлдим. Менга ёрдам беринг», деди.«Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ўргатган калималарни ўргатиб қўяйми? Агар зиммангда Сабийр тоғича қарз бўлса ҳам, Аллоҳ уни сендан узади. «Аллоҳумма! икфинии биҳалолика ан ҳаромика ва ағнинии бифазлика амман сивока» дегин», деди».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Мукотаб – хўжаси билан маълум маблағ эвазига озод бўлиш учун шартнома ёзган қул. Сабийр – Ямандаги бир тоғнинг исми. Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Менга ҳалолинг ила ҳаромингдан кифоя қилгин. Ўз фазлинг ила мени ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин». Ким ушбу дуони ният ва ихлос билан фарз намозлардан кейин ўқиб юрса, Аллоҳ таоло унга қарзини узишда ёрдам беради. Валлоҳу аълам!