Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Намоз дурустми?

09:53 / 07.10.2022 | A_Karimov | 951

Ассалому алайкум! Бугун Жумадан чиқдик, масжиддан 10-20 метр узоқлашдик ҳамки, бир киши гиламларни киритишга ёрдам беринг дедилар, хўп деб бордик, у киши масжиднинг орқа эшигидан киринглар дедилар, 3 киши битта гиламни олиб кирдик, гиламлар аёллар намоз ўқийдиган масжидда турарди, бу масжидда аёллар намоз ўқишларини билардим, олдинда икки икиши ва мен орқада эдим, орқадан кўз ташладим, аёллар появзали борми деб, кўрмадим, олдиндагиларни айтмабман ҳам, масжиднинг ўрта эшигидан кирдик, қарасам аёллар намоз ўқишяпти, гиламни орқага қўйдик, кейин мен орқа эшикдан чиқдим, ташқаридан яна биродарларимиз ўрта эшикдан олиб киряптилар, мен нотўғри иш дедим, нега дейишди, намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтилмайди дедим, парво қилмади шекилли, саволим шуки биз бундай қилганимиз учун гуноҳкор бўлмаймизми? Аёлларнинг олдидан кесиб ўтканимиз учун уларнинг намозлари дурустми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қасддан қилган бўлсангиз гуноҳкор бўлгансиз. Уларнинг намози бу билан бузулиб қолмайди. 

عَنْ أَبِي جُهَيْمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ يَعْلَمُ الْمَارُّ بَيْنَ يَدَيِ الْمُصَلِّي مَاذَا عَلَيْهِ لَكَانَ أَنْ يَقِفَ أَرْبَعِينَ خَيْرًا لَهُ مِنْ أَنْ يَمُرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ. قَالَ أَبُو النَّضْرِ: لَا أَدْرِي قَالَ أَرْبَعِينَ يَوْمًا أَوْ شَهْرًا أَوْ سَنَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик гуноҳ бўлишини билганида, албатта, унинг олдидан ўтишдан кўра қирқ…гача тўхтаб турмоғи ўзи учун яхши бўлар эди», дедилар.
Абу Назр: «Қирқ кун, дедими ёки ой, ёхуд йил, дедими билмай қолдим», деди
».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ривоятда исми келган Абу Назр ушбу ҳадисни ривоят қилувчилардан биридир. У киши ўзларига ушбу ҳадисни айтиб берган шахс, Буср ибн Саъид раҳматуллоҳи алайҳ қирқ кун, дедиларми, ёки қирқ ой, қирқ йил, дедиларми билмай қолган эканлар. Ана ўша омонатга хиёнат қилмай, қандай бўлса, шундай ҳолида ривоят қилар эканлар.
Бу ҳадиси шарифда намоз ўқувчининг олдидан ўтиш қанчалар қаттиқ гуноҳ эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Агар, ўша намоз ўқувчининг олдини кесиб ўтувчи, ўзига бу ишидан қанчалар гуноҳ бўлишини билса, қирқ йилгача қимирламай кутишга ҳам рози бўлар экан.
Демак, эътиборсиз бўлмай, намоз ўқиётган одамнинг олдини ҳеч қачон кесиб ўтмасликка ҳаракат қилишимиз зарур экан.
Термизий ва Ибн Ҳиббонлар қилган ривоятда: 
«Албатта, сиздан бирингизнинг юз йил тўхтаб турмоғи, унинг учун намоз ўқиётган биродари олдидан ўтишидан кўра яхшидир», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоят аввалги ривоятдаги қирқ, қирқ кун ёки ой эмас, қирқ йил эканини тасдиқлайди.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз ўзини одамлардан тўсиб турадиган нарсага қараб намоз ўқиса-ю, биров унинг олдини кесиб ўтмоқчи бўлса, бас, уни дафъ қилсин. Агар кўнмаса, уришсин. Ундоқ одам шайтондир», дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг бу ҳадисларининг машҳур бўлишига бир ҳодиса сабаб бўлган.
Бу ҳақда Имом Бухорий Абу Солиҳ ас-Саммондан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳуни Жума куни ўзини одамлардан тўсадиган нарсага қараб намоз ўқиётганини кўрдим. Бас, Бани Абу Муъайтлик бир йигит унинг олдидан ўтмоқчи бўлди. Абу Саъид унинг кўкрагидан дафъ қилди. Йигит назар қилиб, Абу Саъиднинг олдидан бошқа ўтадиган жой топа олмади-да, қайтадан яна ўтишга ҳаракат қилди. Бас, Абу Саъид уни аввалгидан кўра қаттиқроқ дафъ қилди. Шунда йигит Абу Саъидни сўкди ва Марвоннинг олдига кириб шикоят қилди. Абу Саъид ҳам унинг ортидан Марвоннинг олдига кирди. Бас, у:
«Сен билан биродарингнинг ўғлига нима бўлди, эй, Абу Саъид?» деди. Шунда, Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу юқоридаги ҳадисни айтдилар.
Марвон деганлари Умавийларнинг бошлиқларидан бўлиб, Марвон ибн Ҳакам номи билан машҳур. У халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг отасидир. Маълум вақт у Мадинаи Мунавварага амир бўлиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида у саккиз ёшда эди.
Марвон ибн Ҳакам олтмиш уч ёшида, Димашқ шаҳрида, 65 ҳижрий санада вафот этган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Намоз ўқийдиган одам сутрага қараб намоз ўқиши кераклиги.
2. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтиш керак эмаслиги.
3. Намоз ўқиётган одам ўз олдидан ўтмоқчи бўлган шахсни қайтариши зарурлиги. Қайтариш қўл билан уни дафъ қилиш орқали бўлади.
4. Агар шунга ҳам қайтмаса, қаттиқроқ қайтариш зарурлиги.
5. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан огоҳлантиришига ҳам қарамай ўтишга ҳаракат қилган одам шайтонга тенглиги.
Ушбу ҳадиси шарифга ҳаётимизда амал қилишимиз керак. Намоз ўқувчилар олдидан ўтмаслигимиз, ўзимиз намоз ўқиётган пайтимизда олдимиздан ўтмоқчи бўлганларни қайтармоғимиз лозим. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat