Ассалому алайкум! Автомобиль савдоси бўйича бир саволга жавоб тополмадим. Мен шахсий автомобилимни сотмоқчиман. Хозирги кунда муддатли тўлов хизматини яратиб берувчи, банк билан ишлайдиган компаниялар бор экан. Улар сизнинг автомобилингизни ўзини шоурумига қўяди ва машинага харидор топилса компания банкка алоқага чиқади. Банк эса машинани мендан сотиб олади ва харидорга муддатли тўлов-кредитга сотади, тахминан мижоздан сумманинг 20-30% ини олдиндан олади. Шу шаклда мен автомобилимни банкка сотсам бўладими? Ха тўғри, мен банкни қай йўл билан машинани мижозга сотишини биламан. Агар мендан харид қилаётган тараф у махсулотдан нотўғри йўлда қайта сотса мен шуни била туриб унга сотишим жоизми? Маълумки, бундай савдо хозир халқ ичида жуда оммалашган. Бир тараф халол молини бошқа бир топиш тутиши (масалан банк ёки менга маълум бўлган бир ўғри кимса) шубхали ёки харом бўлган тарафга сотиши мумкинми? Илтимос устозлар, шу мавзуни кенг кўламда ёритиб берсангизлар. Кўпчиликка манфаати теккан бўлар эди.
– Ва алайкум ассалом! Харидор сизнинг молингизни ҳаром йўл билан қайта сотишини ёки ҳаром ишда фойдаланишини аниқ билиб турган бўлсангиз унга сотишингиз дуруст эмас. Чунки бу гуноҳга ёрдам беришдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”. (Моида сураси 2-оят). Валлоҳу аълам!