Ассалому алайкум! Ҳозир Open Budget га лойиҳа киритиб, энг кўп овозга эга бўлгач, давлат томонидан маблағ ажратилади ва лойиҳа амалга оширилади. Шу ўринда, лойиҳаси ютиб чиқиши учун, овозларни пулга ва пепси-кола эвазига сотиб олиш ва шу нарсалар эвазига адолатсиз овоз бериш динимизда қанчалик қораланган? Ахир, бу лойиҳалардан кўра яхшироқ, пулга ҳақиқатда муҳтож ва фойдалироқ лойиҳалар борки, уларга овоз берилмайди. Овоз, (пул ва шу каъби моддият эвазига эмас) номзодлар ичида энг маъқулига берилади-ку?
– Ва алайкум ассалом! Овозлар ҳаққоний бўлиши лозим. Уларни пул эвазига сотиб олиш йўли билан лойиҳани ғолиб бўлишига эришиш қонун-қоидаларга ҳам, шариат мақсадларига ҳам тўғри келмайди. Овоз берувчи ҳар бир инсон пул учун эмас, айнан ўша лойиҳанинг амалга ошишини жамиятга фойдали деб билгани учунгина овоз бериши керак. Акс ҳолда ҳақни ўз ўрнидан бошқа ерга қўйган бўлади. Бу эса бошқа лойиҳаларга зулм бўлишини тақозо қилади. Валлоҳу аълам!