Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ойлик маош

22:59 / 18.11.2022 | Sayyidabror | 685

Ассалому алайкум! Мен хайрия фондида маошга ишлайман. Ишхона ҳисобчиси ҳар ой маошимиздан 300 мингдан 1 миллион сўмгача ушлаб қолади. Ҳар ой бориб ўзим қайта ҳисоблатиб ойлигимни талаб қилиб оламан. Бу ҳолат деярли ҳар ой давом этади. Сабабини сўрасам жўяли жавоб бермайди. Этиборсизлик қилади. Базан эса биз хайрия фондмиз хайрияга қолади ойлигингиз дейди. Аммо мен норозиман. Ҳисобчининг қилаётган иши тўғрими? Қандай йўл тутай?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бу ўзгаларнинг молини ботил йўл билан ейиш ҳисобланади. Ҳақингизни охиригача талаб қилинг. Ўша ҳисобчи қилаётган иши учун гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзга олган нарсаларни қайтариб бермаслик ва бошқалар киради.
Ушбу оят ва унинг шарҳи билан юқорида танишган эдик. Кейинги оятда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا فَسَوْفَ نُصْلِيهِ نَارًا وَكَانَ ذَلِكَ عَلَى اللّهِ يَسِيرًا۝

«Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, албатта, уни оловга киритиб, куйдирурмиз. Бу эса Аллоҳга осондир» (30-оят).
Оятдаги «буни» сўзи бир-бирининг молини ботил йўл билан еб, ўзини ўзи ҳалокатга дучор қилишга ишорадир. Демак, ким бировнинг молини тажовузкорлик (яъни ҳаромлигини билиб туриб) ва зулм ила (яъни тап тортмай) еса, охиратда дўзахга киритилади. Одатда ботил йўл билан мол ейдиганлар бу дунёдаги ҳукуматлар тайин қилган жазолардан қутулиб кетишади. Шунинг учун ҳам уларнинг зеҳнига, иложини топса, ҳамма нарсадан қутулса бўлади, деган фикр ўрнашиб қолган бўлади.
Ўша фикрни кўтариш учун охирида:
«Бу эса Аллоҳга осондир», дейилмоқда. Яъни ботил йўл билан мол еганларни дўзахга киритиш Аллоҳ учун осондир. Ҳеч ким қочиб, ҳийла қилиб қутула олмайди.
Мусулмон киши ҳаром йўл билан мол-дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейишдан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан мол-дунё топган одам икки дунёда шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқади, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига олов ейди.
Ҳаромдан ҳазар қилиш мусулмонларнинг асосий фазилатларидан бири бўлганидек, шубҳали нарсалардан ҳазар қилиш ҳам салафи солиҳларимизнинг одатлари бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қайт қилиб ташлаганлари маълум ва машҳур.
Ривоятларда зикр қилинишича, Бишрул Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳига оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, кўчага чиқиб, қайт қилиб ташлаган эканлар. Чунки ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусиб ташланган.
Абон ибн Абу Айёш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: 
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим. У зот: 
«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», дедилар» (Дайламий ривоят қилган).
Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, дуоим қабул бўлсин, деган ҳар бир мўмин-мусулмон ҳалол касб ила шуғуллансин, ейдиган луқмасини ҳалол қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги
«Чунки бир одам бир луқма ҳаромни оғзига солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди», деган сўзларига алоҳида эътибор берайлик. Бундан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга илашса ҳам, унинг дуоси қабул бўлмаслиги келиб чиқади.
Бир луқма таом оз нарса, инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам бир луқма деярли ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин сиз билан бизнинг назаримизда арзимас бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган қилиб қўяр экан.
Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.
Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамизнинг қилаётган ҳар бир касбимиз, топаётган молу мулкимиз ҳалолми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалолми?
Энди нима учун дуолар қабул бўлмаётганини, нима учун ишлар юришмаётганини тушуниб етгандирмиз?!
Ушбу улуғ ҳадиси шарифга амал қилиб, касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга олмаслигимиз лозим. Икки дунёнинг бахт-саодати шундадир. (“Қарз ва унга боғлиқ масалалар” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat