Ассалому алейкум ҳурматли Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари! Авваламбор сизнинг қимматли вақтингизни олиб, савол йўллаётган биз мусулмон биродарлариз узр сўраймиз. Сизга олдинги саволларимизга ҳам жавоб берганиз учун катадан-катта раҳмат айтиб, бу жавоблариздан Оллоҳ таолонинг ўзи рози бўлишини истаб қоламиз. Ҳазрат бизнинг яна сизга йўллайдиган саволларимиз бир неча, ушбу саволлармизга ҳам тўлиқ ҳамда мазмунли жавоб йўллашизни илтимос қилиб қоламиз. 1-савол: Қироати овоз чиқарилиб ўқиладиган намозларни ёлғиз ўқувчи киши овоз чиқармай ўқиса ҳам бўладими? Қазо ҳамда нафл намозларини-чи? 2-савол: Номаҳрам аёл ёки қиз болага намоз ўқишни ўргатса бўладими? 3-савол: Мухтасар китобида "Намоз ичида ўқиган оятларини, тасбеҳларини санаш макруҳ, чунки Оллоҳга миннат қилганга ва ибодатни кўрсатишга ўхшайди" дейилган. Шу ерда бир савол туғилади: нега бўлмасам тасбеҳ доналари 33 тадан қилиб тизилган. Зеро, Оллоҳ таолони зикр қилишимизда барибир тасбеҳ доналарини санаймиз-ку? 4-савол: Жума кунида барча мўмину-мусулмонлар Оллоҳ йўлига атаб ҳайр-эҳсон, садақалар қилишади. Охирги пайтларда ўзим гувоҳи бўлаётган масжидда мазкур садақалар ким, қанча берса рўйхат қилиниб, сўнгра масжид имоми томонидан намозга йиғилганларга ўқиб эшиттирилиб, улар ҳаққига дуо қилишади. Бундай ишлар Оллоҳ Субҳаноҳу ва Таоло наздида риё ҳисобланмайдими? Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в "Ўнг қўлиз билан берган садақангизни чап қўлингиз билмасин" деб айтганлар-ку. 5-савол: Намози қазо бўлган киши токи қазо намозини ўқимагунча, ўша кишига жума мумкин бўлмайдими? 6-савол: Саҳобий Анас Розияллоҳу Анҳу томонидан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. қунут дуосини бомдод ва шом намозларида ўқир эдилар дейилган? Бизнинг мазҳабда ҳам ўқиса бўладими? 7-савол: Банкдаги ўзининг шахсий рақамидаги пул айланмасидан фоиз олса бўладими?
– Ва алайкум ассалом! 1. Бўлади.
2. Аёллар ўргатгани афзал. Ноилож қолганда, иккиси ёлғиз қолмасдан, шариат қоидаларини бузмасдан ўргатиш керак бўлади.
3. Намоз ичида сура ва оятларни ҳамда тасбеҳларни бармоқлари ёки тасбеҳ билан санаш мумкин эмас. Тилида айтиб санаш мутлақо жоиз эмас. Аммо қалбида ёки бармоқларини турган жойида қаттиқроқ сиқиб санаса бўлади.
4. Садақа ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши нарса. Уни очиқ берилса ҳам яхши. Бу ҳолни кўрган бошқа кишилар ҳам ўрнак олиб, садақа қилишларига сабаб бўлади. Лекин, садақани махфий қилган ундан ҳам яхши. Чунки, бу ҳолда риёкорликдан сақланади. Холис Аллоҳнинг йўлида қилинаётгани исбот бўлади.
5. Бу бекорчи гап. Ҳар бир ибодат ўз вақтида фарз. Қазони ўқийман деб яна қазога йўл қўйиш ақлдан эмас.6. Ҳанафий мазҳаби бўйича Витр намозида доимо ва мусийбат тушганида қироатни ошкора қиладиган намозлардагина қунут ўқилади. Бомдод намозида қунут ўқиш мансух бўлган. Имом Баззор, Табароний, Ибн Аби Шайба ва Таҳовийлар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида бир ой қунут ўқиб сўнгра тарк қилдилар», дейилган.Ҳанафий мазҳаби Витрда рукуъдан олдин қунут ўқишга қуйидаги далилларни келтиришади:
1. Ҳазрати Умар, Али ибн Аби Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Убай ибн Каъблардан қилинган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қунутлари Витр рукуъидан олдин эди», дейилган.
2. Дора Қутний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Витрда қунутни қандоқ ўқишларига назар солиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тунаб қолдим. Витрда рукуъдан аввал қунут ўқидилар. Сўнгра онам Умму Абдга, бориб, у зотнинг аёллари билан тунаб қолинг, назар солингчи, Витрда қандоқ қилиб қунут ўқир эканлар, дедим. Бас, келиб менга у зотнинг рукуъдан олдин қунут ўқиганлари хабарини бердилар».
3. Юқорида зикр қилинган Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг ҳадислари ва бошқа кўплаб ҳадислар.
7. Йўқ.