Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қарз олиб беришда қўшиб бериш

16:30 / 12.11.2018 | Muslima | 1979
Ассалому алайкум! Агар бир инсон бошқа бир инсондан қарз олаётган вақтида фойдаланиб бўлгач 1.150.000 олиб 1.200.000 қилиб бераман ўз розилигим билан деса, бу пул 50.000 қарз берувчига халол ҳисобланадими? Жавобингиз учун раҳмат.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Ҳаром. Шундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ҳар бир фойда келтирган қарз рибодир” деган ҳадисларига тушади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади: 

 الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُواْ إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا وَأَحَلَّ اللّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا فَمَن جَاءهُ مَوْعِظَةٌ مِّن رَّبِّهِ فَانتَهَىَ فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللّهِ وَمَنْ عَادَ فَأُوْلَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ۝ 

275. Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган. Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар.
Бизнинг тилимизда «рибо» сўзи судхўрлик деб таржима қилиб келинган. Яхшироқ тушуниш, маънонинг Қуръони Каримдагига янада яқинроқ бўлиши учун айтиш керакки, араб тилида «рибо» сўзи «зиёда бўлди», «кўпайди» деган маъноларни англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган зиёда рибодир.
Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввал бошдан яхшилаб ўрнатиш мақсадида ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматдаги ҳар бир одамнинг сиртки ҳолидан иши қандай экани билиб олинади.
Худди ўша куни одамлар қабрларидан тураётганларида, судхўрлар албатта ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларнинг қабрдан туришларини кўрганлар ҳеч ким танитмаса ҳам, «Анавилар судхўрлар», – дер экан. Уларнинг бу ҳолини ояти карима қуйидагича васф қилади:
«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар».
Яъни уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди.
Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Судхўрларда ҳам ана ўша ҳолат бўлар экан.
Баъзи тафсирчиларимиз «Судхўрларнинг бу ҳолатлари фақат қиёмат кунига боғлиқ эмас, балки бу дунёда ҳам шундай бўлади», – деганлар. Уларнинг бундай аянчли ҳолатга тушишларининг сабаби келгуси жумлада баён қилинади:
«Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – деганлари учундир».
Судхўрлар «Рибо ҳалол», деб эътиқод қиладилар ва уни тижоратга ўхшатадилар. Тижоратда молиявий муомала ортидан фойда келганидек, судхўрликда ҳам фойда келади, деб ўйлайдилар. Боз устига, уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – дейишларидан «Рибо аслида ҳалол қилинган нарса, тижорат ҳам унга ўхшаб, ҳалол қилинган» деган маъно келиб чиқмоқда. Ваҳоланки:
«…Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган».
Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар тортишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилиш билан бир вақтда куйиб қолишни ҳам бўйнига олган ҳолда иш бошлайди. Меҳнат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади.
Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ.
Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат инсон ҳаётида қўлланишга ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.
Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтда кўп молиявий муомалалар рибо асосида юритилар эди. Шунинг учун ушбу ояти каримадан келиб чиққан ҳукмдан аввалги ишлар ўз ҳолича қолдирилди. Акс ҳолда аввалги иқтисодий алоқаларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқишга тўғри келарди.
«Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир».
Яъни Аллоҳ рибонинг ҳукмини баён қилгандан кейин рибовий муомалалардан тўхтаса, эски ишлари ўзига, у муомалаларни қайта кўришга ҳожат йўқ. Ўтган даврдаги муомалалари Аллоҳга ҳавола: хоҳласа кечиб юборади, хоҳласа иқобига олади.
«Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар».
Аллоҳ таоло томонидан рибонинг ҳаромлиги ҳақида оят келганига ҳам қарамай, кимки яна рибога қайтса, ундай одам албатта дўзахий бўлади, дўзахий бўлганда ҳам, ундан ҳеч қачон қайтиб чиқа олмайдиган, абадий қоладиган дўзахий бўлади.
Келаси оятда судхўрликнинг касофати фақат охиратдагина эмас, балки бу дунёда ҳам уриши эслатилади: 

 يَمْحَقُ اللّهُ الْرِّبَا وَيُرْبِي الصَّدَقَاتِ وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ كُلَّ كَفَّارٍ أَثِيمٍ۝ 

276. Аллоҳ рибони нобуд қилур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat