Ассалому алайкум! Турмуш қурганимга 5 йил бўлди хўжайним ишламасдилар ишга кирганига 1йил бўлди 2.200.000 ойлик оладилар, лекин хали бир марта хам нафақа бермадилар. 2 нафар фарзандимиз бор, бола пули оламан. Шу бола пулини олишга рухсат берганим нафақа ўрнида дейдилар. Саволим: шу нафақа ўрнига ўтадими?
– Ва алайкум ассалом!
Болалар нафақаси
Нафақа отанинг бурчи, болаларнинг ҳаққидир.
Болаларнинг нафақаси, уларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши матлубдир. Ҳаром касб билан топилган таомни еган мурғак вужуднинг келажакда ҳалол, одобли киши бўлиб етишганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Фарзандларида ахлоқсизлик, одобсизлик, қонун бузишлар илдизини уларнинг халқуми бузилганлигидан излаш керак бўлади. Агар халқумингиз покланмас экан, бор меҳрингизни, топган-тутганингизни сарфлаб, тарбиялаган болангиз ота-онага бемеҳр, оқпадар, осий бўлиб улғаяди.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: تَلَيْتُ الْآيَةَ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ ۚ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ ، فَقَامَ سَعْدُ بْنُ أَبِي وَقَّاصٍ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، ادْعُ اللهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مُسَتَجَابَ الدَّعْوَةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا سَعْدُ، أَطِبْ مَطْعَمَكَ تَكُنْ مُسْتَجَابَ الدَّعْوَةِ، وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ إِنَّ الْعَبْدَ لَيَقْذِفُ اللُّقْمَةَ الْحَرَامَ فِي جَوْفِهِ مَا يُتَقَبَّلُ مِنْهُ عَمَلُ أَرْبَعِينَ يَوْمًا، وَأَيُّمَا عَبْدٍ نَبَتَ لَحْمُهُ مِنْ سُحْتٍ فَالنَّارُ أَوْلَى بِهِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида «Эй одамлар, ер юзидаги нарсалардан» ояти тиловат қилинди. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб, «Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Саъд, таомингни пок қилгин, дуоси қабул бўладиганлардан бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, банда бир луқмани қорнига ташлайди ва ундан қирқ кун амал қабул қилинмайди. Қай банданинг гўшти ҳаромдан ўсган бўлса, олов унга лойиқроқдир», дедилар».
Тобароний ривоят қилган.
Ҳар ким ўзи хулоса чиқариб олаверсин. Ўзи нима тановул қилаётганига, аҳлу аёлига нима бераётганига, мурғак гўдакларини нима билан таомлантираётганига бир назар солсин.
Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади.
Бу ҳукмнинг далили Қуръони Каримдан олинган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир» (233-оят).
Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин, боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ هِنْدًا بِنْتَ عُتْبَةَ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَا سُفْيَانَ رَجُلٌ شَحِيحٌ، وَلَيْسَ يُعْطِينِي مَا يَكْفِينِي وَوَلَدِي، إِلَّا مَا أَخَذْتُ مِنْهُ وَهُوَ لَا يَعْلَمُ، فَقَالَ: خُذِي مَا يَكْفِيكِ وَوَلَدَكِ بِالْمَعْرُوفِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳинд бинту Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, унга билдирмай олганимдан бошқа менга ва боламга кифоя қиладиган ҳеч нарса бермайди», деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот.
Икки шайх ривоят қилганлар.
Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди.
Яъни боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.
Онасига уни эмизиш вожиб бўлмайди. Илло, ундан бошқа бўлмаса, бўлади.
Яъни онасидан бошқа эмизадиган топилмаган чоғдагина болани эмизиш унга вожиб бўлади. Чунки болани эмизиш нафақадир. Нафақа эса отага вожибдир.
Ота болани эмизишга бировни ёлласа, у онанинг олдида эмизади. Ота ўзининг никоҳидаги аёлни ёки ўзи қўйган ражъий талоқдан идда ўтирган аёлни (ўз боласини эмизиш учун) ёллаши жоиз эмас. Боин талоқ қилинган она ҳақида эса икки хил ривоят бор: агар болани эмизиш учун она иддадан кейин ёлланса, дуруст бўлади. У бегонадан кўра ҳақлироқдир. Аммо она кўп ҳақ талаб қилса, ҳақли бўла олмайди.
Балоғатга етган қизнинг ва майиб ўғилнинг нафақаси отанинг зиммасига хос бўлади. Фатво шунга берилган.
Балоғатга етган қизнинг эри бўлмаса, нафақаси отасига вожиб бўлади. Кўзи ожиз, ақли йўқ, толиби илм бўлган ўғиллар фақир бўлсалар, уларнинг нафақаси ҳам отага вожиб бўлади. Турмуши бузилиб, қайтиб келган қизнинг нафақаси ҳам отага вожиб бўлади.
عَنْ سُرَاقَةَ بْنِ جُعْشُمٍ؛ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَا سُرَاقَةُ، أَلَا أَدُلُّكَ عَلَى أَعْظَمِ الصَّدَقَةِ - أَوْ قَالَ: مِنْ أَعْظَمِ الصَّدَقَةِ؟-» قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ بَلَى. قَالَ: أَنْ تُكْرِمَ مَرْدُودَةً إِلَيْكَ لَيْسَ لَهَا كَاسِبٌ غَيْرَكَ.
Суроқа ибн Жуъшумдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақанинг ёки садақадан ҳам улуғроқ нарсанинг далолатини берайми?» дедилар.
«Ҳа, ё Расулаллоҳ», деди.
«Ҳузурингга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган аёл зотига икром кўрсатмоғинг», дедилар».
Яъни қизми, сингилми, турмуши бўлмай, оиласи бузилиб, қайтиб келган бўлса-ю, унга сендан бошқа қаровчи, боқувчи бўлмаса ва сен ҳалол касб ила топганингдан уни нафақа билан таъминласанг, икром қилсанг, жаннатга кирасан. (“Бахтиёр оила” китобидан). Валлоҳу аълам!