Сийдик чиқадиган жойга салфетка ёки пахта каби нарсани қўйиб олиб, таҳорат қилади. Агар рукъу ва саждаларни қилса таҳорат кетиб қоладиган бўлса, ишора билан намоз ўқийди. Фиқҳий китобларимизда : "Рукъу ва сажда қилганида жароҳатидан қон ёки йиринг чиқадиган киши ишора билан ўқиганда чиқмайдиган бўлса, ишора билан намоз ўқийди" дейилган. - Кимга фарзнинг вақти ўтмасдан истеҳоза, бурун қонаш ёки шуларга ўхшаш бетоҳаратлик етиб туриш одат бўлиб қолган бўлса, ўшанинг сабабидан ҳар фарзнинг вақтига тоҳарат қилади ва у билан ўша вақтда хоҳлаганича фарз ёки нафлни ўқийверади. Мазкур ҳолатларга доимий равишда ел чиқиб туриши, сийдик оқиб туриши, яраси қонаб туриши каби ҳолатлар ҳам қиёс қилинади. Мазкур ҳолатга мубтало бўлган кишилар ҳар намознинг вақтига бир тоҳарат қилиб олиб, ўша намознинг вақти чиққунча тоҳаратли одамга жоиз бўлган ишларни қилаверади. Мисол учун, узрли шахс Бомдод учун тоҳарат қилди. Унинг тоҳарати қуёш чиқиши билан синади. Қуёш чиққандан кейин қилган тоҳарати билан Пешинни ўқиса бўлади. Заволга ўхшаш вақтнинг кириши эмас. Заволдан олдин тоҳарат қилган узрли шахснинг тоҳарати завол бўлиб Пешиннинг вақти кириши билан синмайди. Балки ўша тоҳарат Пешиннинг вақти чиқиши билан синади. Кийимга теккан нажасни жисми, ранги ва ҳиди кетгунича ювиш керак. Сиз бавл оқиб турадиган аъзонгизга уни тўсиб, кийимга теккизмайдиган махсус мослама кийиб юринг.