Ассалому алайкум! Қуйидаги хадис хакида малумот берсангиз: Кимда ким Аллоҳни розилигини истаб, одамларнинг ғазабидан қўрқмаса Аллоҳ одамларга Ўзи кифоя қилади. Кимда ким одамларни розилигини истаб Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган ишни қилса Аллоҳ бу кишини ана шу одамларга топшириб қўяди. Агар ким шунака қиса, шу одамларни олдида Аллоҳ сизларни хор қилади.
– Ва алайкум ассалом! Шу маънодаги ривоят Имом Термизийнинг сунанида саҳиҳ санад билан ривоят қилинган.
Аллоҳнинг розилигини барча нарсадан устун қўйиш лозимдир. Бунда агарчи барча инсонлар сизга ғазаб қилса ҳам сиз Аллоҳ таоло ва Унинг Расули рози бўладиган ишни қилмоғингиз керак.
وَاللَّهُ وَرَسُولُهُ أَحَقُّ أَنْ يُرْضُوهُ إِنْ كَانُوا مُؤْمِنِينَ
Яъни, “Агар мўмин бўлсалар, Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмоқлари ҳақли эди.” (Тавба;62)
أَتَخْشَوْنَهُمْ فَاللَّهُ أَحَقُّ أَنْ تَخْشَوْهُ إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ
Яъни, “Агар мўмин бўлсангиз, қўрқмоғингизга лойиқ зот Аллоҳдир!!!” (Тавба;13)
Ҳадиси шарифда эса бундай дейилган:
عن عائشة رضي الله عنها أن رسول اللّه صلى اللّه عليه وسلّم قال: ”من التمس رضاء اللّه بسخط الناس، كفاه اللّه مؤنة الناس، ومن التمس رضاء الناس بسخط اللّه، وكله اللّه إلى الناس“. (رواه الترمذي)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким (бир ишда Аллоҳнинг розилиги ва одамларнинг ғазаби жам бўлиб қолганда,) одамларнинг ғазаби келса-да, Аллоҳнинг розилигини талаб қилса, одамларнинг таъминотидан (шунингдек уларнинг зулм ва ёмонликларидан) Аллоҳнинг Ўзи унга кифоя қилади. Ким Аллоҳнинг ғазабини келтириб, одамларнинг розилигини талаб қилса, Аллоҳ уни одамларга топшириб қўяди. (Яъни, Аллоҳ таоло ундан ёрдамини тортиб олади, устидан унга зулм қиладиган кишиларни ҳукмрон қилиб қўяди).
Термизий ривояти.
Қуйидаги гўзал қиссадан ибрат олайлик:
Зоҳид халифа Умар ибн Абдулазиз вафот этганидан сўнг Язид ибн Абдулмалик халифа бўлди. У Ироққа Умар ибн Ҳубайрани волий қилиб таъйинлади. Халифа Язид ибн Абдулмалик унга бирин-кетин мактуб йўллаб турар ва ундаги ёзилган нарсалар ҳаққа (яъни, шариатга) мувофиқ келмаса ҳам уни бажаришга буюрар эди. Кунларнинг бирида Ибн Ҳубайра икки улуғ олим, яъни, Ҳасан Басрий ва Шаъбийни чақириб уларга: “Аллоҳ таоло Язид ибн Абдулмаликни бандалари устидан халифа қилиб қўйди, инсонларга эса унга итоат қилишни вожиб қилди. Кўриб турганингиздек, Язид ҳам мени Ироққа волий қилиб таъйинлади. У вақти-вақти билан менга мактуб йўллаб туради. Мактубида баъзи бир ишларга буюрадики, уларнинг тўғри эканига қалбим хотиржам бўлмаяпти. Бу ишларда унга ёрдам беришимда, унинг буйруқларини бажаришимда менга диндан бирор ечим топиб берасизларми?”, деди. Шаъбий мулойимлик ила волийга енгиллик бўладиган томонини олиб жавоб берди. Ҳасан эса сукут қилиб турарди. Умар ибн Ҳубайра Ҳасанга қараб: “Эй Абу Саид, сиз нима дейсиз?”, деди. Ҳасан Басрий: Эй Ибн Ҳубайра, Язиднинг (буйруқлари) борасида Аллоҳдан қўрқ, лекин Аллоҳнинг ҳаққида Язиддан қўрқмагин! Билгинки, албатта Аллоҳ таоло сени Язиддан ҳимоя қилади, лекин Язид сени Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди. Эй Ибн Ҳубайра, сенинг олдинга Аллоҳнинг амрига исён қилмайдиган, қаттиққўл, дарғазаб фариштанинг келиши, сени бу тахтдан олиши ва кенг қасрингдан тор қабрингга кўчириб ўтказиб қўйиши бор! Сен у ерда Язидни топа олмайсан. Аксинча у ерда фақат Язиднинг Роббисига қарши қилган амалларингни топасан. Эй ибн Ҳубайра, агар сен Аллоҳ таоло билан бирга бўлсанг ва Унга тоат қилсанг, дунё ва охиратда Унинг Ўзи сени Язиднинг ёмонлигидан асрайди. Агар Аллоҳ таолога исён қилишда сен Язид билан бирга бўлсанг, албатта Аллоҳ таоло сени Язидга топшириб қўяди. Эй Ибн Ҳубайра, билгинки, Холиқ жалла ва ъалога исён бўладиган ишда у ким бўлишидан қатъий назар, махлқуққа (яъни, бандага) итоат қилиш йўқдир! Умар ибн Ҳубайра йиғлади, ҳатто унинг кўз ёшлари соқолини ҳўл қилиб юборди. У Шаъбийдан кўра Ҳасанни маъқуллади. Ҳасанга юқори даражада ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. У иккиси Умар ибн Ҳубайранинг ҳузуридан чиқиб масжид томон юра бошлашганди, одамлар уларнинг атрофига тўпланишиб, Ироқнинг амири Ибн Ҳубайра билан улар ўртасида бўлиб ўтган учрашув хабарини сўрай бошладилар. Шаъбий уларга юзланиб: “Эй одамлар, ким барча ўринда Аллоҳ азза ва жаллани халойиқдан устун қўя олса, шундай қилсин! Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, Ҳасаннинг Умар ибн Ҳубайрага айтган сўзини мен ҳам билардим. Лекин мен сўзимдан Ибн Ҳубайранинг розилигини истаб гапирган эдим, Ҳасан эса Аллоҳнинг розилигини истаб гапирди. Аллоҳ мени Ибн Ҳубайрадан узоқлаштирди, Ҳасанни эса унга яқин ва суюкли қилиб қўйди”, деди. Валлоҳу аълам!