Ассалому алайкум! Бу озгина уятли савол аммо савобини билишим керак деб ўйладим. Менинг жинсий аъзойимдан баъзан оз миқдорда оқ суюқлик чиқади бу маний ёки мазийми усинисни билмайман чиққани деярли билинмайди шу ҳолатда менга ғусл қилиш вожиб бўладими? Яна бит муаммо мен қишлоқда тураман ва шу сабаб бизда ғусл қилиш учун етарли шароит йўқ ва ҳозир кунлар анчагина совуб қолган шу сабабдан ғусл қилишни бироз кечиктирсам ёки бошқа куни қилсам бўладими ва бу даврда намоз ўқиш ва масжидга боришим мумкинми?
– Ва алайкум ассалом! 1). Қуйида маний ва мазий нима экани ёзилган. Шунга қараб ҳолатингизни аниқлаштириб олинг.
«Маний» – шаҳват шиддатлашган пайтда отилиб чиқадиган суюқликдир.
Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади.
«Мазий» – эркак кишининг жинсий аъзосидан жинсий алоқани ўйлаган ёки хотинини қучоқлаган пайтда чиқадиган оқ суюқлик. (Кифоя).
Маний ва мазий томган кийимнинг томчи миқдорига қаралади, агар маний тўрт грамм миқдорича бўлса, мазий эса кафтни текислаб, ичига сув қуйилганда қанча жойни эгаллаганча жойга тарқаган бўлса у кийимда намоз ўқиш макруҳи тахримий бўлади. Ундан ошса намоз ўқиш жоиз бўлмайди. Ундан кам бўлса макруҳи танзиҳий бўлади.
Манийда ғусл, мазийда таҳорат вожиб бўлади.
2). Намоз дуруст бўлиш учун жунуб одам ғусл қилиши шарт. Жунуб ҳолатда ўқилган намоз адо бўлмайди. Жунуб одам масжидга кириши мумкин эмас. Валлоҳу аълам!