Ассаламу алайкум ва рохматуллоҳи ва барокатуҳ! Муҳтарам шайх жаноблари сиздан 2 та биз учун муҳим бўлган масалага ойдинлик берсангиз. Форумда ушбу масалалар бўйича жавоб бор, аммо у жавобларлардан кўнгил тўлгани йўқ.
1) Аҳмад Ходий Мақсудийнинг "Ибодати Исломия" номли китобларининг Намоз пайтидаги макруҳ ҳолатлар мавзусида бошяланг намоз ўқиш - макруҳ деб келтирилган.
2) Ва яна худди шу китобда Истибро ва Истинжо мавзусида қоғоз билан истинжо қилиш - макруҳ деб келган. Илтимос шу мавзуларга кенгрок ойдинлик киритсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.Ва ассаламу алайкум!
– Ва алайкум ассалом! Аввало китоб ўқиб ундан савол бераётганларингиз учун ташаккур. Жавобларнинг нимасидан кўнглингиз тўлмаганини айтмабсиз. Мен ўз билганимча жавоб беришга ҳаракат қиламан. Агар яна кўнглингиз тўлмаса, айнан нимани ирода қилаётган бўлсангиз ўшани айтиб ёзинг.
Мен саволни ўқиб сизлар «макруҳ» деган истилоҳни тўла англай олмаётган бўлсангиз керак деган хаёлга келдим. Ҳозир кўпчиликда шу ҳолат учраб турибди. Шаръий ҳукмларни ифода этиш учун ишлатиладиган истилоҳларни ва уларнинг орасидаги фарқларни ажратиб олиш кишиларимизга бир оз машаққат туғдирмоқда. Бу табиий ҳол. «Маркруҳ» сўзи луғатда ёқмаган, ёмон кўрилган маъносини ифода қилади.Ҳанафий мазҳаби уламолари макруҳни икки қисмга тақсимлаганлар:
1. Макруҳи таҳримий. (ҳаром ҳисобланадиган макруҳ). Шариат (Оҳод хабарларда) қатъий бўлмаган далил ила тарк қилишни жазм ила талаб қилган нарса макруҳи таҳримий бўлади. Бунга бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёки совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларнинг ипак ёки тилло истеъмол қилиш каби ишлар мисол бўлади.
Ҳанафийларда макруҳи таҳримийни қисқа қилиб макруҳ деб қўйилади. Уларнинг наздида макруҳи таҳримий ҳаромга жуда яқин нарса ҳисобланади. Аммо уни инкор қилган киши кофир бўлмайди.
2. Макруҳи танзиҳий. (Озодалик макруҳи). Шариат тарк қилишни жазм бўлмаган ва уқубат таъйин қилмаган ҳолда талаб қилган нарса макруҳи танзиҳийдир. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувдан таҳорат қилиш, суннати муаккада ишларни тарк қилишлар мисол бўлади.
Макруҳи танзиҳийни тарк қилган одам савоб олади. Уни қилган одам иқобга учрамаса ҳам маломатга қолади. Сиз айтган ялангбош намоз ўқиш ва қоғоз ила истинжо қилиш энг ками маломатга олиб боради. Аммо ҳозирги замон фуқаҳолари истинжога атаб чиқарилган қоғозни унга ишлатиш жоиз, макруҳлиги йўқ дейишади.