Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тахорат

23:59 / 26.12.2022 | Фозил | 1057

Ассалому алайкум! 1. Мен чўлда геология соҳасида ишлайман. Буравой ускунасида ишлайман. Сув бор кабинасида иситиш имкони бор. Лекин ҳаво жуда совуқ. Очиқда ишлаймиз. Тез-тез шамоллаб қоляпмиз, оёқ оғрийди. Тахорат ўрнига таяммум қилса бўлсдими? 2. Мен уйдан комондравка кетиб ишлайман. Уйдан 300 км узоқликда. Мусофирликда намозни қай тартибда ўқийман? 3. Намозга таҳорат олганда маҳсига масх тортсам бўладими? Чунки куни билан кийган оёқларимиз ҳам маҳси ҳам ҳидланиб кетади. Таҳоратим ўтадими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! 1). Таҳорат олганда шамоллаб қолмаслик учун барча чораларни кўришингиз лозим. Сув иситишга имконингиз бор экан. Демак касаллик фақат аъзоларни ювгандан сўнг қуритмаслик туфайли келиб чиқиши мумкин. Сиз шунга эътибор қаратинг. Қайси ҳолатларда таяммум қилиш жоиз бўлиши ҳақида “Кифоя” китобида бундай дейилган:

Сувнинг бир мил узоқда бўлиши, беморлик, совуқ, душман, чанқоқ, асбоб йўқлиги, аввалбошдан ёки давом эттириш ила ийд намози ёки валийдан бошқага жаноза намози каби ўринбосари йўқ нарсанинг ўтиб кетиши хавфи туфайли сув ишлатишдан ожиз бўлганда таяммум таҳорат ва ғуслга ўринбосар бўлади.
Демак, таҳорат ва ғуслнинг ўрнига таяммум қилишга шариат рухсат берадиган сабаблар асосан сув ишлатишга ожизлик ориз бўладиган қуйидаги ҳолатлардан иборат экан:
1. Сувнинг бир мил узоқда бўлиши.
Мусофирми, мусофир эмасми, шаҳарнинг ичидами, ташқарисидами – барибир, бир милгача масофада сув топа олмаса, таяммум қилишга рухсат. Бир мил 1848 метр ёки тўрт минг қадамга тенг бўлади.
Аллоҳ таоло ояти каримада:

 فَلَمْ تَجِدُواْ مَاء فَتَيَمَّمُواْ صَعِيدًا طَيِّبًا

«Сув топа олмасангиз, покиза тупроқ ила таяммум қилинг», деган (Моида сураси, 6-оят). 
2. Беморлик. 
Таяммум қилишга рухсат берувчи оятда «Агар бемор бўлсангиз» дейилган.
Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талафот кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.
Бунда одатга ёки билимдон мусулмон табибнинг кўрсатмасига эътибор қилинади. Таҳоратдаги ювилиши фарз бўлган аъзоларнинг учтаси соғ бўлиб, биттасини ювиш зарар етказадиган бўлса, учта соғ бўлган аъзоларни ювиб, биттасига масҳ тортилади. Агар унинг акси бўлса, яъни юқоридаги уч аъзо касал бўлиб, биттаси соғ бўлса, таяммум жоиздир. Шунингдек, икки аъзо саломат бўлиб, икки аъзо жароҳатли бўлса, иккисини ювиб, иккисига масҳ тортилади.
3. Совуқ.
Қаттиқ совуқ туфайли жонига ёки бирор аъзосига зарар етишидан ёхуд бемор бўлиб қолишидан қўрққан одам сувни иситиш имконини топмаса, таяммум қилиши жоиз.

عَنْ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: احْتَلَمْتُ فِي لَيْلَةٍ بَارِدَةٍ فِي غَزْوَةِ ذَاتِ السَّلَاسِلِ، فَأَشْفَقْتُ أَنْ أَغْتَسِلَ فَأَهْلِكَ، فَتَيَمَّمْتُ ثُمَّ صَلَّيْتُ بِأَصْحَابِي الصُّبْحَ، فَذَكَرُوا ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا عَمْرُو، صَلَّيْتَ بِأَصْحَابِكَ وَأَنْتَ جُنُبٌ؟» فَأَخْبَرْتُهُ بِالَّذِي مَنَعَنِي مِنَ الْاِغْتِسَالِ وَقُلْتُ: إِنِّي سَمِعْتُ اللهَ يَقُولُ: وَلاَ تَقْتُلُواْ أَنفُسَكُمْ إِنَّ اللّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا، فَضَحِكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَلَمْ يَقُلْ شَيْئًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Fусл қилсам ҳалок бўламан, деб қўрқиб таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. Ул зот:
«Эй Амр, жунуб бўлиб туриб шерикларингга намозга ўтдингми?» дедилар.
Мен ўзимни ғусл қилишдан ман қилган нарсанинг хабарини у зотга айтдим ва:
«Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта меҳрибондир», деганини эшитганман», дедим. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар». 
Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.
4. Душман хавфи.
Таҳорат ёки ғусл қилиши лозим бўлган одам сув олишга борганда душман унга зарар етказиши хавфи бўлса, таяммум қилади. «Душман»га йиртқич ҳайвонлар ҳам қўшилади.
5. Чанқоқ хавфи.
Агар ўзида бор сувга таҳорат ёки ғусл қилса, кейинчалик ўзи ёки шериклари чанқоққа қолиш хавфи бўлса ҳам, таяммум қилиш жоиз.
6. Асбоб йўқлиги.
Таҳорат ёки ғусл қилиши лозим бўлган одамнинг яқинида сув бор. Аммо ўша сувни олиш учун асбоб йўқ. У ҳам суви йўқ одамнинг ҳукмига киради ва таяммум қилиши жоиз бўлади.
7. Аввалбошдан ёки давом эттириш ила ийд намози ёки валийдан бошқага жаноза намози каби ўринбосари йўқ нарсанинг ўтиб кетиши хавфи туфайли сув ишлатишдан ожиз бўлганда.
Ийд намози ўтиб кетса, уни қазо қилиб ўқиб бўлмайди. Ёки унинг ўрнига бошқа бирор ибодат жорий қилинмаган. Шунинг учун таҳоратсиз одам таҳорат қилгунича намоз тугаб қолишидан қўрқса, таяммум қилиб, ийд намозига қўшилади.
Агар ўликнинг валийси (эгаси) жаноза намозига кеч қолса, у таҳорат қилгунича кутиб турилади. Аммо ўлганга валий бўлмаган одам кеч қолса, уни кутилмайди. Шунингдек, жаноза намозини қазо қилиб ҳам бўлмайди. Бинобарин, валий бўлмаган одам сув топиб, таҳорат қилгунича жаноза намози ўтиб кетишидан қўрқса, таяммум қилиб, намозга тураверади.

وَرَوَى ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَالطَّحَاوِيُّ وَالنَّسَائِيُّ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ قَالَ: إِذَا خِفْتَ أَنْ تَفُوتَكَ الْجِنَازَةُ وَأَنْتَ عَلَى غَيْرِ وُضُوءٍ فَتَيَمَّمْ.

Ибн Абу Шайба, Таҳовий ва Насоий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
«Қачонки жаноза ўтиб кетишидан қўрқсанг ва таҳоратинг бўлмаса, таяммум қил». 

وَرَوَى الْبَيْهَقِيُّ: أَنَّ ابْنَ عُمَرَ أُتِيَ بِجِنَازَةٍ وَهُوَ عَلَى غَيْرِ وُضُوءٍ فَتَيَمَّمَ وَصَلَّى عَلَيْهَا.

Имом Байҳақий қилган ривоятда:
«Ибн Умарга бир жаноза келтирилди. Унинг таҳорати йўқ эди. Шунда таяммум қилиб, жаноза ўқиди», дейилган.
Имом Дора Қутний мазкур икки саҳобийнинг ийд намозида ҳам худди шундай қилганларини ривоят қилган.

2). Мусофир бу - турган жойидан 89 км ёки унданда узоқроқ жойни қасд қилиб чиққан одамдир. Мусофир пешин, аср ва хуфтон намозларини қаср ўқийди, яъни ўша намозларнинг фарзини 4 ракат эмас 2 ракат қилиб ўқийди. Аммо иш жойингизда 15 кун ёки ундан кўпроқ вақт узлуксиз туришни ният қилиб келган бўлсангиз ўша ерда муқимга айланасиз.

3). Оёқ ҳидланишининг таҳоратга зарари йўқ. Масҳ тортсангиз бўлаверади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat