Ассалому алайкум! Отага балоғатга етган фарзанднинг чўнтаки, хамёни, кийимларини, жавонини, текшириш мумкунми?
– Ва алайкум ассалом! Фарзанди нотўғри йўлга кириб кетаётганидан шубҳаланса текшириши мумкин. Аммо фарзанд эс-ҳуши жойида, солиҳ, тақволи бўлса унинг буюмларини тинтув қилиш жосуслик ва ёмон гумон ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, раҳмлидир». (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатлардан, ахлоқий касалликлардан, ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда. Улардан биринчиси: «Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «Кўп гумонлардан четда бўлинглар…» дейиляпти.
Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар. Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак. Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деганлар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», деган эканлар.
Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Агар амир одамлардан айб излайверса, уларни бузади», деганлар. Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини излашга тушади. Буни эса «жосуслик» дейдилар. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг «Жосуслик қилманглар» деб, бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда. Одатда, бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини, ўзига билдирмай, яширинча излашга «жосуслик» дейилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг каромати, ҳурмати, иззати ва обрўсини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир. Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларнинг ҳеч бир ҳолда поймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорларию яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Ҳатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Ҳукм очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Валлоҳу аълам!