Ассалому алайкум! Ишхонамдаги бир аёл билан диний масалада телеграмда гаплашиб у аёл айтиди мен Аллоҳни эрка қизиман деб ёзди. Ундай деманг дедим қизиманқу деди яна. Энди у аёлни ҳукми қандай, диндан чиқадими ўша аёл оилали эри бор ораларидаги никох бузилмаганми?
– Ва алайкум ассалом! Ўша аёл билимсизлик билан ақидага зид гапларни гапириб қўйибди. Аллоҳ таоло туғмаган ва туғилмаган зотдир. Мажозий маънода ҳам “Аллоҳнинг қизиман” дейиш дуруст эмас. Бундай гапиришдан тийилсин. Аллоҳ таоло "Ихлос" сурасида марҳамат қилади:
لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ
3. У туғмаган ва туғилмаган.
Яъни Унинг фарзанди ҳам, ота-онаси ҳам йўқ.
Чунки туғиш, туғилиш бандаларга хос, Аллоҳ таолога нисбатан эса бу сифатлар тўғри келмайди.
Бу оятда кўпгина бузуқ эътиқодларга раддия бор, жумладан:
– мушрикларнинг «Фаришталар Аллоҳнинг қизларидир» деган эътиқодига;
– яҳудийларнинг «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир» деган эътиқодига;
– насороларнинг «Ийсо Аллоҳнинг ўғлидир» деган эътиқодига;
– туғилиб ўсган нарсаларни, хусусан, ҳайвон ёки одамларни илоҳ деб эътиқод қилувчи барча тоифаларнинг эътиқодларига. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!