Ассалому алайкум! Мен институт талабасиман . Кўп вақтим институтда ўтади . Копинча дарсда бўламан . Институтда болган вақтимда Пешин намозининг фақат 4 ракат фарзини ўқисам боладими ? биз намоз ўқиётганимизда бир- бир одамлар ўтиб қолади. Намозда ҳушу бўлмай қолади . Дарсга ҳам кечикиб қолишим мумкин , лекин ҳардоим ҳам эмас . Жавобинггиз учун олдиндан раҳмат .
– Ва алайкум ассалом! Намозни хушуъ билан ўқий олмаётганиниз равотиб суннатни тарк қилишга баҳона бўла олмайди. Тўлиқ ўқинг.
عَنْ أُمِّ حَبِيبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا مِنْ عَبْدٍ مُسْلِمٍ يُصَلِّي ِللهِ كُلَّ يَوْمٍ ثِنْتَيْ عَشْرَةَ رَكْعَةً تَطَوُّعًا غَيْرَ فَرِيضَةٍ إِلَّا بَنَى اللهُ لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ. قَالَتْ أَمُّ حَبِيبَةَ: فَمَا بَرِحْتُ أُصَلِّيهِنَّ بَعْدُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
وَزَادَ التِّرْمِذِيُّ: أَرْبَعًا قَبْلَ الظُّهْرِ وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَهَا، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْمَغْرِبِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْعِشَاءِ، وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ صَلَاةِ الْفَجْر
Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракъат ихтиёрий намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради», дедилар.
Умму Ҳабиба: «Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Термизий: «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат, Шомдан кейин икки ракъат, Хуфтондан кейин икки ракъат, Бомдоддан олдин икки ракъат»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Ҳанафий мазҳаби мана шу ривоятни маҳкам ушлаб, ҳаётга яхшилаб татбиқ қилган мазҳабдир. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобе бўлган суннатларни қўймай, ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бордир.
Бу ваъда бўйича, ушбу намозлар учун мукофот тариқасида Аллоҳ таоло томонидан жаннатда алоҳида уй қуриб берилиши таъкидланмоқда.
Фарз намозларга тобе бўлган суннат намозларини қўймай, ўқиб боришга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам Умму Ҳабийба онамиз ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, у намозларни асло қолдирмаганлар. Биз ҳам худди шундай қилишимиз лозим.
Фарз намозларидан олдин ўқиладиган суннат намози ўзига хос равишда фарз намозга тайёрланиш вазифасини ҳам ўтайди. У намозни ўқиб, анча тайёрланиб олган намозхон учун фарз намозининг хушуъ ва хузуъсини жойига қўйиш осон бўлади.
Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса фарз намозда баъзи қусур ва камчиликлар содир бўлса, ўрнини тўлдириш вазифасини ўтайди.
Шунинг учун ҳам шариатда бу намозлар «мукаммилот» — «тўлдирувчи намозлар» деб аталади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!